Манзил: 140104, Самарқанд шаҳри, Университет хиёбони, 15-уй

Телефон: +998 66 2391140 Факс: +998 66 2391140 Email: devonxona@samdu.uz

Янги тажриба: академик соат маърузалари видеоселектор кўринишида

img

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарияти билан олий таълим муассасалари талаба-ёшлари ўртасида ўтказилган очиқ мулоқотлар вақтида талабалардан тушган таклиф асосида республиканинг барча ҳудудларига тўғридан-тўғри боғланган ҳолда турли фанлар бўйича олиб бориладиган академик соатлар ташкил этиш йўлга қўйилди.

Ана шундай дарслардан дастлабкиси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ташаббуси билан 2018 йил 9 март куни соат 10.30 да Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан “Ҳозирги ўзбек ёзувининг долзарб муаммолари” мавзуида ўтказилди.

Тадбирда республикамизнинг барча ҳудудларидаги ўзбек тили ва адабиёти таълим йўналиши мавжуд бўлган олий таълим муассасаларининг “Филология ва тилларни ўқитиш (ўзбек тили)” таълим йўналишида таҳсил олаётган талаба-ёшлар ва мутахассислар иштирок этди.
Академик соат Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг профессор-ўқитувчилари Саодат Муҳаммедова ва Абдулҳай Собировлар томонидан олиб борилди.
Маърузачилар томонидан 1993 йилда қабул қилинган ҳамда 1995 йилда айрим ўзгартиришлар киритилган “Лотин ёзувчига асосланган ўзбек алифбоси”, унга асослаган имло қоидалари, ўзбек ёзуви тарихи ва унинг бугунги кундаги ҳолати ҳақида қизиқарли маълумотлар келтирилди. Ижтимоий тармоқларда фаолият кўрсатаётган “Она тили жонкуярлари” гуруҳи фаолияти тўғрисидаги маълумотлар тингловчиларга етказилди.
Республикамизнинг шаҳар ва кўчаларидаги турли тилларда ёзилган ёзувлар, телефон ва интернет ёзишмалари, улардаги хатоликлар, алифбога ўзгартиришлар киритиш ёки киритмаслик, ўзбек тилининг машинавий тилини яратиш билан боғлиқ муаммолар ўртага ташланди ва қизғин муҳокама қилинди.
Академик соат давомида талабаларнинг саволларига жавоблар берилди ва ҳудудлардаги ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Вазирлик томонидан бундан буён бошқа фанлардан ҳам мана шундай қизиқарли видеодарслар доимий равишда ўтказиб борилиши белгилаб қўйилди.

 

Манба: edu.uz