Манзил: 140104, Самарқанд шаҳри, Университет хиёбони, 15-уй

Телефон: +998 66 2391140 Факс: +998 66 2391140 Email: devonxona@samdu.uz

XVIII ёзги Осиё ўйинлари ғолиблари тақдирланди 

img

Жисмоний маданият факультетида жорий йилнинг 18 август - 2 сентябрь кунлари Индонезияда ўтказилган XVIII Осиё ўйинлари мусобақасида иштирок этган университет талабаларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан СамДУ ректори, проф. Р. Халмурадов бу галги Осиё ўйинлари мамлакатимиз учун тарихий аҳамият касб этганини – ўзбек кураши айнан шу Осиё ўйинларидан эътиборан мазкур спорт анжуманининг асосий мусобақалари дастурига киритилганини таъкидлади.

XVIII ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари 21 олтин, 24 кумуш ва 25 бронза, жами 70 медал қўлга киритди. Қувонарлиси, ушбу натижаларни қўлга киритишда университетимиз талабаларидан 10 нафари ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар. Жумладан, спортнинг кураш тури бўйича 1-босқич магистранти Шомуродов Сарвар Элбек ўғли фахрли 3-ўринни қўлга киритиб, бронза медали соҳиби бўлди. 2-босқич талабаси Нажмиев Шоҳжаҳон Зайниддин ўғли академик эшкак эшиш бўйича фахрли 2-ўринни қўлга киритиб, кумуш медали соҳиби бўлди. 3-босқич талабаси Рахимов Отамурод Азамат ўғли академик эшкак эшиш бўйича фахрли 2-ўринни қўлга киритиб, кумуш медали соҳиби бўлди. Шунингдек, 3-босқич талабаси Муҳаммадев Абдулло Маҳмарайим ўғли, 3-босқич талабаси Давронов Ўктам  Даврон ўғли, 3-босқич талабаси Астанов Фаррух Яшин ўғли академик эшкак эшиш бўйича, 3-босқич талабаси Мирзаева Ёдгора Тўлқин қизи бокс бўйича, 2-босқич талабаси Кирпичев Рамиль Александрович, 3-босқич талабаси Буканов Абубакир Мусурмонқулович слаломда эшкак эшиш бўйича, 3-босқич талабаси Зияева Гулноза Мавлонқуловна дзюдо бўйича XVIII ёзги Осиё ўйинларида иштирок этдилар.

Тадбир сўнгида спортчи-талабаларимиз қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Маънавият ва маърифат бўлими