Манзил: 140104, Самарқанд шаҳри, Университет хиёбони, 15-уй

Телефон: +998 66 2391140 Факс: +998 66 2391140 Email: devonxona@samdu.uz


Элсевиэр компаниясининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Самарқанддаги ОТМларга ташриф буюрди

img

Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030-йилгача ривожлантириш концепциясида республикамиздаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Nigher Education yoki Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш бўйича вазифалар белгиланган.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекция томонидан бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинмоқда. Хусусан, халқаро рейтингдан ўрин олишда ОТМ педагогларининг халқаро нашрларда эълон қилган мақолалари муҳим ўрин тутади. Шу сабабли ушбу йўналишда дунёнинг илғор халқаро ташкилотларидан бири бўлган Элсевиэр компанияси билан ҳамкорликда ОТМларнинг Scopus базасида ўз профилларини очиб, Scopus базасида хорижлик профессор-ўқитувчилар билан ҳаммуаллифликда мақолалар чиқариш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Жумладан, жорий йилнинг 21-декабр куни Элсевиэр ташкилотининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Алия Оспанова Самарқанд давлат университети ва Самарқанд давлат тиббиёт институтига ташриф буюрди.

Ташриф давомида Алия Оспанова олий таълим муассасаларида ўқув жараёнининг ташкил этилиши, ахборот-ресурс маркази, тест маркази, электрон кутубхона ва симулятсион таълим марказини кўздан кечирди.

Элсевиэр ташкилотининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори СамДУ ва СамТИ ректорлари билан бўлган учрашувларда дунёнинг энг нуфузли илмий-таҳлилий рейтинг платформаларидан фойдаланиш, муаллиф-олимлар рейтинги, илмий журналлар, ташкилотлар, университетлар рейтингларини ошириш имкониятлари каби масалалар тўғрисида фикр алмашди. Якунда Элсевиэр ташкилоти билан келгусидаги ҳамкорлик режалари белгилаб олинди.

Маълумот учун, Элсевиэр бугунги кунда дунёдаги энг катта илмий маълумотлар базаси ҳисобланади. Ташкилотнинг мақсади жаҳонда илм-фанни ривожлантиришдан иборат бўлиб, у 5 мингдан ортиқ нашриёт ва 23 минг илмий журнални бирлаштиради ва дунёнинг 7 миллиондан зийод тадқиқотчилари улардан фойдаланади. Элсевиэр базасида 2019-йилда энг кўп ўқитувчи ва энг кўп ҳавола берилувчи илмий журналлар қамраб олинган.