Манзил: 140104, Самарқанд шаҳри, Университет хиёбони, 15-уй

Телефон: +998 66 2391140 Факс: +998 66 2391140 Email: devonxona@samdu.uz


ЖАМОАГА МАКТУБ!

img

Ассалому алайкум, ҳурматли ҳамкасабалар!

 

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев яқин қисқа вақт ичида мамлакатимиз аҳолисига қарата уч бора мурожаат этди. Чиндан ҳам коронавирус пандимияси бутун дунё мамлакатларини ўз исканжасига олди. Бир қатор чет мамлакатларда кўплаб одамлар бу вирусни  менсимасдан юқтириб, ҳалок бўлмоқда. Бу кўринмас офатга, фақат ва фақат, мустаҳкам тартиб-интизомга, барча гигиена ва тиббий талабларга қаттиқ ва қатъий риоя этган ҳолда биргаликда, баҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилиб барҳам беришимиз мумкин. Юртбошимиз охирги мурожаатида талабалар ва ўқувчи-ёшларга қарата: – Мен бугунги кунда уй шароитида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчи-ёшларимизга мурожаат қилмоқчиман: Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг, – деб алоҳида уқтирди.

Инсоният тарихида касалликларнинг бундай оммавий тарқалиш ҳоллари урушлар каби бот-бот учраб турган. Бундай пайтларда халқни ўз ортидан эргаштира олган зиёлиларимиз улар дардига малҳам бўлганлар.

Коронавирус пандимияси туфайли эълон қилинган карантин шароитида ҳам мамлакатимизнинг иқтисодиётида муҳим ўрин тутувчи саноат корхоналарида маҳсулот ишлаб чиқариш, конларда, чорва отарларида, далаларда кечиктириб бўлмайдиган деҳқончилик, соҳибкорлик ишлари тўхтаб қолгани йўқ. Чунки бу соҳалар, айтиш мумкинки, мамлакатнинг қон томирларидир. Худди шу соҳалар каби таълим тизимида ҳам юз берган шароитдан келиб чиққан ҳолда таълим-тарбия онлайн тарзда давом эттирилмоқда.                                                                                          Қадимдан зиёлиларимиз юз берган фавқулодда ҳолатларда мамлакат, эл корига яраганлиги, унинг оғирини енгил қилганлиги тарихдан маълум. Зиёлиларга хос бўлган ватанпарварлик, ижтимоий бурч каби фазилатлар айнан шундай оғир синовли даврларда юзага чиқади. Бугунги шароитда ҳам университетнинг кўпчилик фидойи профессор-ўқитувчилари улуғ аждодларимиз анъаналарига содиқ қолиб, давр руҳи ва талабини чуқур ҳис этиб, карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда, онлайн дарслар сифатини оширишга, мавзуларни шогирдларига тушунарли ва содда тилда самарали етказиб беришга интилмоқдалар. Шу билан бирга, мана шундай масъулиятли пайтда ўқув жараёнига жиддий ёндашмаётган, мураккаб шароит тақозосини сидқидилдан ҳис этмаётган баъзи бир устозларнинг борлиги таассуфлидир. Улар ҳам бутун дунё бошига тушган бу сирли синотдан тўғри хулоса чиқариб, матонат намуналарини кўрсатаётган шифокорлар, ички ишлар, миллий гвардия, давлат хавфсизлиги ходимлари, ҳарбийлар, савдо ва дорихона хизматчилари, ҳайдовчилар, ишчилар, деҳқонлар, соҳибкорлар, чорвадорлар ва бошқа соҳа ходимлари фарзандларини виждонан ўқитиш, уларга билим бериш, уларнинг юксак маданиятли, маънавиятли инсонлар бўлиб тарбияланишларига муносиб ҳисса қўшишларига ишонгим келади.     

Талабаларнинг таълим дастурларидаги мавзуларни тушуниб ўзлаштиришлари профессор-ўқитувчиларимиз томонидан ташкил этилаётган онлайн машғулотларнинг сифати ва самарадорлигига боғлиқ. Коронавирус пандимияси туфайли эълон қилинган карантиннинг қанча давом этиши, талабаларга жадвал асосида дарсларнинг қачон тикланиши ҳали маълум эмас. Шундай экан, бор имкониятдан унумли фойдаланиб, онлайн машғулотларнинг самарадорлигини янада оширишга, ўқув материалларини сидқидилдан тайёрлаб етказишга жиддий эътибор қаратайлик. Ёзги сессия натижалари талабаларимиз учун қанчалик аҳамиятли бўлса, профессор-ўқитувчилар учун ҳам шунчалик қимматга эга бўлишини, университет жамоасининг, унинг ҳар бир аъзосининг кечирилаётган мураккаб даврдаги меҳнати баҳоси бўлишини унутмайлик.

 

Университет ректори

                         Р. Халмурадов