УМУМХАЛҚ ҲАРАКАТИДА САМАРҚАНД ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ ҲАМ ФАОЛ

img

     Эзгуликка йўғрилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида Самарқанд давлат университети жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда. Университет томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар эвазига ишлаб топилган маблағлар ҳисобидан Самарқанд шаҳридаги йигирмадан зиёд маҳаллаларда истиқомат қилувчи ўнлаб кам таъминланган, бетоб бўлиб ётиб қолган, ногирон ва боқувчисини йўқотган оилаларга зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Меҳр-мурувват тадбирида шаҳардаги Мақсуд Шайхзода, Зиёкорлар, Орзу, Нурли йўл, Барака, Олтин Аср, Темирйўлчи, Тутзор, Фаробий, Раҳматобод, Али Қушчи номидаги, Адолат, Беруний, Мевазор номидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида яшовчи иқтисодий ночор, моддий ёрдамга муҳтож кам таъминланмган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди. Бундай оилаларнинг ҳар бирига пул маблағи ҳамда зарур озиқ-овқат маҳсулотлари жамланган қутилар тарқатилди. Албатта, бу ишлар бугунги кун талабига қатъий риоя қилинган ҳолда, санитария талаблари асосида амалга оширилмоқда.

Самарқанд давлат университети “Ёшлар иттифоқи” бошланғич ташкилотининг бир гуруҳ фаоллари ва етакчилари эса вилоятнинг Оқдарё туманидаги ижтимоий кўмакка муҳтож, боқувчиси ногирон ва боқувчисини йўқотган 15 нафар оила холидан хабар олиб, зарурий озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришди.

Бу оилалар бугунги кунда CОВИД-19 вируси пандемияси туфайли юз берган мураккаб вазиятда мамлакат раҳбарияти, ташкилот, муассаса ходимлари, ҳатто талаба-ёшлар ҳам уларга эътиборсиз эмаслигидан бениҳоят хурсанд бўлиб, кўрсатилган бундай моддий кўмак учун, аввало, ҳаракат ташаббускори бўлган муҳтарам Президентимизга, шунингдек ушбу хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлашга жазм этган Самарқанд давлат университети раҳбарияти, “Ёшлар иттифоқи” бошланғич ташкилоти фаоллари ҳамда етакчиларига самимий миннатдорликларини  изҳор этдилар.

СамДУ "Ёшлар иттифоқи" бошланғич ташкилоти