Самарқанд давлат университетига 1420 йилда асос солинган

Самарқанд давлат университети тузилмасига ўзгартиришлар киритилди

img

Самарқанд давлат университети кенгашининг навбатдаги йиғилишида университетда янгидан ташкил этиладиган факультет ва кафедралар ҳамда улар фаолиятининг истиқболдаги устувор йўналишлари батафсил муҳокама  қилинди.

Самарқанд давлат университетида бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар талабидан келиб чиққан ҳолда айрим таълим соҳаларини янги босқичга кўтариш мақсадида амалий ишларга киришилди.  Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги  Фармони билан белгиланган устувор йўналишлар ва  “Самарқанд Давлат университетида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш бўйича 2020 йил учун йўл харитаси”да белгиланган вазифалар асосида университет тузилмасига айрим ўзгартиришлар киритилди. Самарқанд давлат университетида университет  кенгашининг қарори билан университетда 3 та факультет, 7 та мутахассислик кафедралари ва битта марказ ташкил этилди. Жумладан, мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқларида аграр соҳани янада ривожлантириш муҳим ва долзарблиги, минтақамизда соҳа мутахассисларига бўлган талаб ҳамда эҳтиёжнинг юқорилигидан келиб чиққан ҳолда “Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги” факультети фаолияти йўлга қўйилади.

-  Мамлакатимизда аграр тармоқни ривожлантириш, соҳа учун етук мутахассислар тайёрлаш Президентимиз томонидан қўйилган долзарб вазифалардан биридир, -дея таъкидлади СамДУ ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмурадов. –Чунки, бу соҳада илм, инновация, технология ҳамда тажриба борасида савияли мутахассис-кадрларга бўлган эҳтиёж ниҳоятда юқори. Юқори салоҳиятга эга  университетимизда бундай факультетнинг очилиши зиммамизга катта масъулият юклайди. Бу борада, ташкил этилаётган факультетда деҳқончилик маданиятини юксалтириш, ер ва сувдан оқилона фойдаланиш кўникмасига эга замонавий-агроном кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, университетда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелдаги ПФ-5987-сон “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида “Ҳуқуқшунослик” ва сиртқи таълим шаклида таълимни янада самарали ташкил этиш учун “Сиртқи таълим” факультетлари ташкил этилди. Мазкур факультетларда 2020-2021 ўқув йилидан “Фуқаролик жамияти ва миллий ғоя”,  “Ҳуқуқшунослик ва ҳуқуқ таълими”, “Иқтисодиёт ва менежмент”, “Агрокимё ва ўсимликларни ҳимоя қилиш”, “Мева-узумчилик ва сабзавотчилик”, “Тупроқшунослик ва агротехнологиялар” кафедралари  ва “Масофавий таълим” маркази фаолият кўрсата бошлайди. 

Таъкидланганидек, янги ўқув йилидан Самарқанд давлат университети ҳузурида Тайлоқ агротехнологиялар ва Жомбой педагогик техникумлари  ташкил этилди. 

СамДУ матбуот хизмати