Самарқанд давлат университетига 1420 йилда асос солинган

“ШАҲАР БЕДАРВОЗА ЭМАС”

img

«Yoshlarni qo'llab-quvvatlash» телеграм ижтимоий тармоғида 2020 йил 1 июль куни эълон қилинган “Samarqand davlat universiteti nega hammadan orqada?” номли мурожаатига

РАДДИЯ

 

Ҳар қандай ўзини ҳурмат қилган олий таълим муассаси қўшни давлатлар ёки мамлакатимиз университетларидан ўқишини кўчиришга талабгор фуқароларнинг ўша таълим йўналишида ҳақиқатда ўқиганлик тўғрисидаги ҳужжатларини батафсил текшириш ва шундай маълумотни қўшни давлатлардаги муайян олий таълим муассасаларига сўровномалар юбориш орқали аниқлаши шарт. Агар талабгорнинг ҳақиқатда ҳам ўша олий таълим муссасасида ўқиганлиги ҳужжатлар орқали асосланса, унинг талабалар сафидан ўрин эгаллаши муқаррар.

Телеграм ижтимоий тармоғидаги «Yoshlarni qo'llab-quvvatlash» каналида 2020 йил 1 июль куни “Samarqand davlat universiteti nega hammadan orqada?” номли жимжимадор сарлавҳали шикояти эълон қилинган. Унда қўшни давлатдан ўқишини кўчириб ўтмоқчи бўлганлардан кўплаб аризалар тушаётгани, талабаликка қабул қилинганлик ҳақида буйруқ чиқмаганлиги келтирилган.

Шуни алоҳида таъкидламоқчимизки, Самарқанд давлат университети томонидан бу борада амалга оширилаётган тадбирларнинг барчаси қонуний-ҳуқуқий асосга эга. Университет ўз фаолиятида, хусусан, талабаларнинг ўқишини кўчириш бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришда ҳам юқори турувчи давлат идоралар томонидан белгиланган тартиб-қоидалар ва мезонлар асосида иш юритади.

Мазкур жараён юзасидан объектив хулоса чиқариш учун бир қатор жиҳатларни келтириб ўтмоқчимиз:

Самарқанд давлат университети ректорининг фармойиши билан қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларидан университетга ўқишини кўчиришга тавсия этилган талабаларга дарсларга қатнашишга рухсат берилган. СамДУга ўқишини кўчиришга тавсия этилган барча фуқароларга 2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб университет масофавий таълим платформаси (http://md.samdu.uz/) орқали масофавий ўқишлари учун логинь ва пароль берилган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 24 апрелдаги  87-03-1408 сонли топшириқ хатига биноан, фуқароларнинг қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларида камида охирги бир семестрда ўқиши республика олий таълим муассасасига кўчирилаётган таълим йўналишига мазмунан мос (турдош) таълим йўналишида тўлиқ ўқиганлик тўғрисидаги ҳужжатларни батафсил текшириш ва ҳақиқатда ўқиганлигини аниқлаш мақсадида қўшни давлатлардаги муайян олий таълим муассасаларига сўровномалар такрор-такрор юборилган. Ушбу маълумотларга тасдиқ жавоби юборган ОТМ талабаларига буйруқ чиққан. 

Қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларида ўқимаганлиги ёки ҳужжатлар қалбаки эканлиги туфайли, шунингдек, хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларида ёки бошқа хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олганлиги аниқланган фуқароларга талабаликка қабул қилиш масаласи бугунги кунда очиқ қолмоқда.

Ҳозирда қўшни давлатлардан ўқишини кўчиришга тавсия этилганларнинг қабул жараёни қуйидаги тадбирлар асосида амалга оширилмоқда:

Фуқароларнинг паспортларида муайян қўшни давлатга кириш-чиқиш белгиларининг мавжудлиги;

Фуқаронинг қўшни давлатдаги олий таълим муассасасида ҳақиқатда ўқиётганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхалари, шу жумладан мазкур олий таълим муассасасининг давлат аккредитациясидан ўтганлиги текширилмоқда.

Фуқароларнинг паспортларида муайян қўшни давлатга кириш-чиқиш белгилари ўқишга киргандан кейинги даврда умуман мавжуд бўлмаган тақдирда, шунингдек, уларнинг қўшни давлатдаги муайян олий таълим муассасасида ҳақиқатда ўқиётганлиги бирорта ҳужжат билан тасдиқланмаган ҳолларда мазкур фуқароларни талабаликка қабул қилишга асос йўқлиги маълум қилинмоқда.

Ҳозирги кунга қадар Қозоғистоннинг “Евроосиё технология университет”и, “Халқаро гуманитар-техника университет”и, “Қозоғистон денгиз  университет”и, “М.Ауэзов номидаги жанубий Қозоғистон давлат университет”ларида ҳақиқатда ўқиётганлиги тўғрисида тасдиқ хатлари олинган 160дан ортиқ талабаларга шартнома пулини тўлашга рухсат берилган.

Кўриб турганингиздек, ўқишини кўчираётган талабаларнинг ҳужжатларини текшириш ва уларни талабалик сафига қабул қилиш ўта масъулиятли ва кўп вақт ҳамда меҳнат талаб қиладиган жараён. Бу жараёнда энг муҳими, ҳужжатлари қалбаки ёки амалдаги қонун-қоидаларга мос келмайдиган шахсларнинг университетда бемалол ўқиб кетавермаслигининг олдини олиш масаласи турибди.

Халқимиз орасида “Шаҳар бедарвоза эмас”, деган нақл бежиз юрмайди. Айни пайтда ўқишини кўчириш ҳақида ариза топширганларнинг қўшни давлатларга кириб чиққанлиги тегишли давлат идоралардан олинган маълумотлар билан таққосланмоқда.

Шунинг учун турли ижтимоий тармоқдаги ҳар хил ахборот ёки реклама жалб этишга мўлжалланган каналлар муаллифларига қарата Ўзбекистон олий таълим муассасалари ҳақида кўпчиликни диққатини тортадиган сарлавҳали мурожаатларни қўйиш, университетга охирги ўринларга лойиқ дея хулоса чиқаришга туртки бермаслиги лозим, деб ҳисоблаймиз.

 

Самарқанд давлат университети маъмурияти