Асоссиз шикоятлардан муддао нима?

img

Бугун айрим фуқароларнинг расмий идораларга мурожаатларида  ҳақли эътирозлар қатори кўп ҳолларда нохолис ёндашувлар, жамоатчилик фикрини чалғитиш, фейк (ёлғон), ўзгалар шаъни ва қадр-қимматини, ташкилотларнинг ишчанлик обрўсини туширувчи ахборотларни тарқатишга бўлган уринишлар ҳам мунтазам кузатилаяпти.

Жумладан, ўқишни кўчириш жараёни давом этаётган шу кунларда баъзи бир шахслар турли идораларга, ҳокимликларга шикоят ёзишни ўзига одат қилиб олган. Яна бир тоифа инсонлар борки, аслида ўқимаган ўқишини кўчириш учун ҳужжат топширгани етмагандай, турли давлат ва ҳокимият идораларига шикоят қилишдан ўзларини тия олмайди. Бу кимсалар шов-шув кўтариш орқали ўз ишини битириб олиш ниятида эканлиги, аён ҳақиқат. Шуниндек, шикоятчилар орасида ўқишини кўчириб, талабаликка аллақачон қабул қилинганини билса-да, “ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек барибир яна қоғозбозлик қилаверадиганлар ҳам борлиги кишини таажжубга солади.

Аслини олганда мазкур жараённинг бироз чўзилишига ОТМлар эмас, қалбаки ёки ўқишни кўчириш талабларига мос келмайдиган ҳужжат топширган фуқароларнинг ўзлари сабабчи бўлмоқдалар.

Сўзимиз исботи сифатида айрим далилларни келтирамиз. Самарқанд давлат университетига ўқишини кўчириш учун ҳужжат топширган айрим “генийлар”, жумладан,   Аззамова Хумора Сайфидин қизи, Аслонова Сайёра Шокир қизи, Хуррамов Отамурод Рауф ўғли, Эргашева Севинчой Икромжон қизи, Рахмов Хусан Рўзибой ўғли  каби фуқаролар бир вақтнинг ўзида Қозоғистоннинг иккита олий таълим муассасасида “ўқиган”лиги маълум бўлди. Чунки университетга мазкур фуқароларни бир вақтнинг ўзида иккита ОТМдан (!) “улар бизда ўқийди” деган мазмундаги жавоб келган. Улар аввалбошда ўз аризаларида Қозоғистондаги «Олий тадбиркорлик мактаби» институтида ўқиганликларини қайд этганлар. У ерга юборилган сўровномага 2020 йил 10 июлда олинган жавоб хатида «Олий тадбиркорлик мактаби» институти мазкур фуқаролар ҳақиқатан ҳам шу институт талабаси эканлигини тасдиқлади. Бироқ, масофавий таълим олганлар ёки тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмаган ОТМ талабаларининг ўқиши кўчирилмаслиги маълум бўлгач, юқоридаги фуқаролар яна ғимирлаб қолишди. Натижада 2020 йил 24 июлда Қозоғистоннинг Халқаро гуманитар-техник университетидан (Международный гуманитарно-технический университет) келган жавоб хатида ҳам худди шу фуқаролар – эндиликда мазкур университетда таҳсил олаётганликлари (!) маълум қилинган. Бундан шу нарса аёнлашадики, айрим фуқаролар қандай йўл ёки усул билан бўлмасин, талабаликка қабул қилиниш пайига тушганлар.

Кузатишлар шуни кўрсатадики, айнан норасмий фирмалар, ҳар қанақа “ишбилармон” фуқаролар ва бошқа шу каби фирибгарларга ишониб, юқорида айтилган талабларга мос келмайдиган ҳужжат тақдим этганлар шикоят устига шикоят ёзишга муккасидан кетганлар.

Биз бугун демократик жамиятда яшаяпмиз. Фуқароларимиз мансабдор шахсларга ижтимоий тармоқлар ёки давлат идорасининг расмий веб-саҳифалари орқали мурожаат қилмоқда, ўзларини ташвишга солаётган ижтимоий-иқтисодий муаммолар бўйича очиқ фикр билдирмоқда. Бошқарув соҳасида жамоатчилик ва аҳолининг кенг иштироки натижасида кўп ҳолларда бундай муаммолар ўзининг мақбул ечимини ҳам топмоқда.

Бироқ ноҳақ бўла туриб турли идораларга шикоят қилаётган, ўз мақсадига ғирромлик орқали эришишдан қайтмайдиган тоифадаги инсонлар ҳам борки, улар шу хатти-ҳаракатлари билан ҳар қандай тартиб-қоида ва қонунларни четлаб ўтишга уринаётгани ёки тизимдаги тартибларни менсимаётганлиги ташвишланарли ҳолатдир.

 

Самарқанд давлат университети матбуот хизмати