Манзил: 140104, Самарқанд шаҳри, Университет хиёбони, 15-уй

Телефон: +998 66 2391140 Факс: +998 66 2391140 Email: devonxona@samdu.uz


«Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендияларга танлов ЭЪЛОН ҚИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси чет эл олий ўқув юртлари ва илмий марказларида малака ошириш, стажировка ўташ, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш учун стипендияларга танлов

ЭЪЛОН ҚИЛАДИ

Ушбу стипендиялар дастури Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизими салоҳиятини юксалтириш мақсадида ташкил қилинаётган бўлиб, стипендиатлар малака ошириш, стажировка ўташ, магистратура ва докторантура дастурларини якунлаганларидан сўнг олий таълим муассасаларида фаолият юритишлари талаб қилинади.

Жамғарма стипендиялари белгиланган тартибда қуйидаги дастурларга ажратилади:

  • хорижий таълим ва илмий муассасаларда малака оширишга — 2 ойгача муддатга;
  • хорижий илмий, таълим, ижод муассасалари, давлат идоралари, корхона ва бошқа ташкилотларда стажировка ўташга — 6 ойгача муддатга;
  • етакчи хорижий олий таълим ва илмий муассасаларда магистратура дастури асосида таълим олишга — 1-2 йил мобайнида;
  • докторантура дастури бўйича — 1- 4 йил мобайнида.

Жамғарма стипендиялари танловдан ўтган шахслар (стипендиатлар)га қуйидаги харажатларни қоплаш учун ажратилади:

  • хорижий таълим ва илмий муассасаларда стипендиатларни ўқитиш қиймати тўлови;
  • стипендиатлар томонидан виза олиш (шу жумладан, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихоналари талабига кўра тиббий кўрикдан ўтиш харажатлари);
  • стипендиатларнинг барча турдаги транспорт воситалари билан таълим олиш жойига етиб бориш учун йўлкира харажатлари (иккала томонга, йилига бир мартагача);
  • хорижий мамлакатда таълим олиш даврида стипендиатларнинг яшаш, овқатланиш ва транспорт харажатлари;
  • зарур ўқув ва илмий адабиётлар харид қилиш, шу жумладан дарсликлар харид қилиш, илмий мақолалар чиқариш, мақолалар ва илмий адабиётларнинг электрон базасига обуна бўлиш (таълим олиш дастури бошида бир марталик тўлов);
  • хорижда таълим олиш даврида стипендиатларни тиббий суғурталаш;
  • Жамғарма Васийлик кенгаши қарорига кўра хорижда таълим олиш билан боғлиқ стипендиатларнинг бошқа харажатлари.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

Танловларда қуйидаги шахслар иштирок этиши мумкин эмас:

магистратура дастурлари бўйича — 23 ёшдан кичик ва 40 ёшдан катта бўлган, шунингдек, илгари ўхшаш мутахассислик бўйича хорижда магистратурада таҳсил олганлар;

докторантура дастурлари бўйича — 25 ёшдан кичик ва 45 ёшдан катта бўлган, шунингдек, аввал PhD ёки фан доктори илмий даражасини олганлар;

малака ошириш ва стажировка ўташ дастурлари бўйича — 25 ёшдан кичик ва 50 ёшдан катта бўлган, шунингдек, Жамғарма дастурларидан бири асосида сўнгги уч йил мобайнида хорижда таълим олганлар;

хорижда таълим олиш учун танланган мутахассислик бўйича барча дастурлар учун 2 йилдан кам меҳнат тажрибасига, шу жумладан педагогик стажга эга бўлганлар;

давлат ҳокимиятининг сайлаб қўйиладиган органларида фаолият юритаётганлар;

оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлиги тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаганлар.

Фавқулодда ҳолатларда, вазирлик ёки идора раҳбарининг тавсиясига асосланган ҳолда комиссиялар қарорига кўра магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олишга танлаб олишда тегишли вазирлик ва идораларнинг мос равишда 45 ва 50 ёшгача бўлган ходимлари иштирок этишига рухсат берилади.

Хорижда таълим олиш учун танлов давлат ёки рус тилида ўтказилади.

Хорижий тил бўйича тест синовлари таълим олинадиган мамлакат тили ёки инглиз тилида ўтказилади (агар қабул қилаётган хорижий олий таълим ёки илмий муассасада ўқитиш инглиз тилида олиб борилса).

Танловда иштирок этиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати:

Хорижда барча дастурлар бўйича таълим олишга номзодлар Жамғармага қуйидаги ҳужжатларни тақдим қиладилар:

а) тегишли намунадаги маълумотнома-объективка (анкета);

б) таълим олиш шакли ва йўналиши кўрсатилган ҳолда белгиланган намунадаги комиссия раиси номига ариза (1-илова);

в) 3,5 х 4,5 ўлчамидаги 2 дона рангли фотосурат;

г) олий таълим муассасасини тугатганлигини, шунингдек, илмий даражасини (фан номзоди, PhD ва фан доктори.), илмий унвонини (катта илмий ходим, доцент, профессор) тасдиқловчи дипломларнинг нусхаси;

д) меҳнат дафтарчаси нусхаси;

е) паспорт нусхаси;

ж) белгиланган намунадаги тиббий маълумотнома;

з) чет тилидан билим даражасини белгиловчи амалдаги миллий ёки халқаро сертификат (Миллий квалификация сертификати, IELTS, TOEFL ва шу кабилар), агар мавжуд бўлса.

и) судланмаганлиги тўғрисидаги маълумотнома;

е) номзоднинг ҳужжатлар тақдим қилиш бўйича чек-лист (2-илова).

Хорижда малака ошириш ва стажировка ўташга номзодлар юқорида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча тарзда қуйидаги ҳужжатларни Жамғарма қабул Комиссиясига тақдим этадилар:

а) буюртмачи ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосари имзоси билан номзод томонидан Хорижда малака ошириши ва стажировка ўташи зарурлиги асосланган тавсиянома;

б) буюртмачи ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосари имзоси билан номзод томонидан Хорижда малака ошириб ёки стажировка ўтаб қайтгандан сўнг иш билан таъминлаш тўғрисидаги кафолат хати;

в) малака ошириш ёки стажировка дастури;

г) малака ошириш ёки стажировка ўташ дастурини амалга ошириш тўғрисида хорижий муассаса билан дастлабки келишув (агар мавжуд бўлса).

Хорижда магистратура дастури бўйича таълим олишга номзодлар юқорида санаб ўтилган ҳужжатларга қўшимча тарзда қуйидагиларни тақдим қиладилар:

а) дипломнинг иловаси нусхаси;

б) хорижий таълим ёки илмий муассасага қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжат («Letter of acceptance»), агар мавжуд бўлса;

в) номзоднинг Ўзбекистонда ва хорижда эълон қилинган мақолалари рўйхати ва уларнинг электрон вариантлари (мавжуд бўлса);

г) хорижда таълим олиш мақсади ва таълим олиш тугагандан сўнг олинган билимларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари ҳақида эссе (ёзма иш);

д) буюртмачи ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосари имзоси билан номзод томонидан Хорижда таълим олиши зарурлиги асосланган тавсиянома;

е) буюртмачи ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосари имзоси билан номзод томонидан Хорижда таълим олиб қайтгандан сўнг иш билан таъминлаш тўғрисидаги кафолат хати.

Хорижда докторантура дастури бўйича таълим олишга номзодлар  юқорида санаб ўтилган ҳужжатларга қўшимча тарзда қуйидагиларни тақдим қиладилар:

а) дипломнинг иловаси нусхаси;

б) хорижий таълим ёки илмий муассасага қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжат («Letter of acceptance»), агар мавжуд бўлса.

в) ушбу соҳани ривожлантириш ёки Ўзбекистонда натижаларни қўллаш учун номзод тадқиқотининг долзарблиги тўғрисида тегишли илмий ёки олий таълим муассасаси раҳбарининг тавсиявий хати;

г) номзоднинг Ўзбекистонда ва хориждаги илмий журналларда эълон қилинган илмий мақолалари рўйхати ва уларнинг электрон вариантлари;

д) режалаштирилаётган илмий тадқиқот мақсадлари, усуллари ва натижалари, уларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари тўғрисидаги эссе (ёзма иш);

е) буюртмачи ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосари имзоси билан номзод томонидан Хорижда таълим олиши зарурлиги асосланган тавсиянома;

ж) буюртмачи ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосари имзоси билан номзод томонидан Хорижда таълим олиб қайтгандан сўнг иш билан таъминлаш тўғрисидаги кафолат хати.

Номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш, тўплаш ва дастлабки кўриб чиқиш Жамғарманинг ходимлари томонидан амалга оширилади. Юқорида қайд этилган ҳужжатлардан бирини номзод эълонда кўрсатилган муддатда тақдим қилмаса унинг танловда қатнашишига йўл қўйилмайди.

Танловга хужжатлар

2018 йил 20 декабрдан 20 январгача on-line шаклда http://konkurs.eyuf.uz  орқали қабул қилинади.

Эслатма: Танловнинг барча босқичларидан мувоффақиятли ўтган номзодлар юқорида кўрсатилган барча ҳужжатлар алоҳида файлларга жойлаштирилган ҳолда, қалинлиги 5 см.ли регистр-папкага жойлаштирилган ва ҳужжатлар рўйхати А4 қоғозда папка-регистрнинг ички чап томонига елимланган ҳолда Жамғарма Қабул Комиссиясигага тақдим қилишлари зарур.

Қўшимча маълумотлар учун телефонлар: (71) 203-00-48, (71) 203-00-47

Интернет манзилимиз: www.eyuf.uz

«Эл-юрт умиди» жамғармаси маъмурияти

 

ДАСТУРЛАР БЎЙИЧА САРАЛАШ ТАНЛОВИ

ЧЕТ ЭЛДА МАГИСТРАТУРА ВА ДОКТОРАНТУРА ДАСТУРЛАРИ БЎЙИЧА ТАЪЛИМ ОЛИШГА ЮБОРИШ УЧУН САРАЛАШ ТАНЛОВИ

Номзодларни саралаш тўрт босқичда амалга оширилади:

1-босқич ҳужжатларни кўриб чиқиш ва белгиланган талабларга энг мос келадиган номзодларни дастлабки саралашни кўзда тутади (ёши, мутахассислиги бўйича зарур иш тажрибаси, илмий мақолалари мавжудлиги, танланган мутахассисликнинг мамлакат ривожланишидаги белгиланган устувор йўналишларга мослиги ва бошқа талаблар).

Ушбу босқич Жамғарма ходимлари томонидан ўтказилади.

2-босқичда 1-босқичда танланган номзодлар ичида амалдаги халқаро сертификатга эга бўлмаганлари билан хорижий тилларни билиш даражасини аниқлаш бўйича суҳбат (ёки имтиҳон) ўтказилади (олий таълим ва бошқа муассаса ходимларини жалб қилган ҳолда, шу жумладан, хорижий мутахассисларни).

3-босқичда 2-босқичда танланган номзодлар билан ўз мутахассислиги бўйича билимлари даражаси, интеллектуал қобилиятлари, шунингдек, Жамғарма томонидан тайёрланган саволнома асосида номзодларнинг дунёқараши кенглиги ҳамда Ўзбекистон ривожланишининг устивор йўналишлари ва амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун моҳиятини билишини аниқлаш бўйича суҳбат ва ёзма имтиҳон (эссе) ўтказилади (вазирлик ва идоралар, олий таълим ва илмий ташкилотлар, корхона ва ташкилотлар мутахассислари иштирокида, шу жумладан, хорижий мутахассислар).

4-босқичда халқаро сертификатланган аттестация марказлари иштирокида хорижий ҳамкор талабларига мувофиқ олдинги босқичлардан муваффақиятли ўтган номзодлар орасида чет тили билим даражаларини ва/ёки чет тилидаги таҳлил имкониятларини баҳолаш бўйича тест (IELTS, TOEFL, TestDaf, GMAT, GRE ва бошқа) ўтказилади.

Чет элнинг таълим ва илмий муассасалари талаблари даражасида билимини тасдиқловчи амалдаги халқаро сертификатга эга номзодлар тест синовларидан озод қилинади.

Хорижда магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш учун ўтказилган танлов натижалари танловдан сўнг бир ой муддат ичида эълон қилинади.

ХОРИЖДА МАЛАКА ОШИРИШ ВА СТАЖИРОВКА ЎТАШ УЧУН НОМЗОДЛАРНИ САРАЛАШ ТАНЛОВИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

Номзодларни саралаш уч босқичда ўтказилади:

1-босқич ҳужжатларни кўриб чиқиш ва белгиланган талабларга энг мос келадиган номзодларни дастлабки саралашни кўзда тутади (ёши, мутахассислиги бўйича зарур иш тажрибаси, илмий мақолалари мавжудлиги ва бошқа талаблар).

Ушбу босқич Жамғарма ходимлари томонидан ўтказилади.

2-босқичда 1-босқичда танланган номзодлар ичида амалдаги халқаро сертификатга эга бўлмаганлари билан хорижий тилларни билиш даражасини аниқлаш бўйича суҳбат (ёки имтиҳон) ўтказилади (олий таълим ва бошқа муассаса ходимларини жалб қилган ҳолда, шу жумладан, хорижий мутахассисларни).

3-босқичда 2-босқичда танланган номзодлар билан ўз мутахассислиги бўйича билимлари даражаси, интеллектуал қобилиятлари, шунингдек, Жамғарма томонидан тайёрланган саволнома асосида номзодларнинг дунёқараши кенглиги ҳамда Ўзбекистон ривожланишининг устувор йўналишлари ва амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун моҳиятини билишини аниқлаш бўйича суҳбат (ва/ёки имтиҳон) ўтказилади (олий таълим ва илмий ташкилотлар, корхона ва ташкилотлар мутахассислари иштирокида).

Хорижда малака ошириш ва стажировка ўташ учун ўтказилган танлов натижалари танловдан сўнг бир ой муддат ичида эълон қилинади.

Манба: eyuf.uz