Манзил: 140104, Самарқанд шаҳри, Университет хиёбони, 15-уй

Телефон: +998 66 2391140 Факс: +998 66 2391140 Email: devonxona@samdu.uz


Олий таълим муассасалари битирувчиларининг
якуний давлат аттестацияси тўғрисида

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида” ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги қонунлари ва Олий таълимнинг Давлат таълим стандарти, таълим йўналиши (мутахассислиги) малака талабларига мувофиқ олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартибини белгилайди.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқув жараёни ўқитишнинг модул тизимига асосланган олий таълим муассасаларига мазкур Низом татбиқ этилмайди.

I. Умумий қоидалар

1. Олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари ўқув жараёни жадвалига мувофиқ ўтказилади.

2. Якуний давлат аттестацияси олий таълим муассасасидаги ҳар бир таълим йўналиши (мутахассислиги) бўйича ташкил этиладиган якуний давлат аттестация комиссиялари томонидан амалга оширилади.

3. Якуний давлат аттестацияси комиссияларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

битирувчининг билим, малака ва кўникма даражасининг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ келишини комплекс баҳолаш;

якуний давлат аттестацияси натижалари бўйича битирувчиларга бакалавр (магистр) академик даражасини бериш масаласини ҳал қилиш;

комиссия фаолияти натижаларини таҳлил қилиш ва улар асосида олий маълумотли кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

4. Якуний давлат аттестацияси комиссиялари ўз фаолиятларини мазкур Низом ҳамда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича битирувчиларнинг тайёргарлик даражаси ва таълим мазмунига қўйилган Давлат таълим стандартлари, малакаталабларини бажаришга йўналтирилган бошқа ҳужжатларга таянган ҳолда олиб борадилар.

II. Якуний давлат аттестацияси синовлари

5. Якуний давлат аттестацияси таълим йўналиши (мутахассислиги) ўқув режаларига мувофиқ қуйидаги турлардаги аттестация синовларидан иборат:

 

  • хорижий тил бўйича якуний давлат аттестация синови (олий таълим муассасаси Кенгаши қарорига асосан ўтказилиши мумкин);
  • таълим йўналиши бўйича фанлараро (умумкасбий ва ихтисослик) якуний давлат аттестация синови;
  • диплом лойиҳаси ҳимояси;
  • битирув малакавий иш (магистрлик диссертацияси) ҳимояси.

6. Хорижий тил бўйича якуний давлат аттестацияси синови мазкур фаннинг давлат таълим стандартида белгиланган зарурий мазмунидан келиб чиққан ҳолда ўқув дастурида назарда тутилган материалларни талаба томонидан ўзлаштирилганлик даражасини аниқлашга йўналтирилган бўлиши керак.
7. Таълим йўналиши (мутахассислиги) бўйича фанлараро якуний давлат аттестация синови фанлар мазмунига қўйиладиган талаблар билан бир қаторда, талаба тайёргарлигининг мазкур таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича малака талабларида битирувчига нисбатан назарда тутилган умумий талабларга ҳам жавоб бера олиш даражасини аниқлашга йўналтирилган бўлиши керак.
8. Якуний давлат аттестациясини ихтисослик фанларидан (фанлараро) якуний давлат аттестация синови ёки диплом лойиҳаси ҳимояси ёхуд битирув малакавий иши (магистрлик диссертацияси) ҳимояси шаклида ўтказилиши битирувчиларнинг иқтидори, хоҳиши ва таълим хусусиятидан келиб чиққан ҳолда олий таълим муассасаси Кенгаши қарори билан белгиланади.
Якуний давлат аттестациясига олий таълим муассасаси Кенгаши қарорига асосан хорижий тил бўйича якуний давлат аттестация синови қўшимча сифатида киритилиши мумкин.
Олий таълим муассасаси Кенгашининг қарори билан битирувчи учун белгиланган якуний давлат аттестациясининг шакли бир ўқув йили давомида ўзгартирилишига йўл қўйилмайди.
Якуний давлат аттестацияси синовлари ўқув жараёни жадвалида кўрсатилган муддатларда факултет декани ёки ўқув-услубий бўлим (бошқарма) томонидан тайёрланган, олий таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича проректори томонидан тасдиқланган Якуний давлат аттестацияси синовлари жадвали асосида ўтказилади.
9. Олий таълим муассасалари томонидан етакчи профессор-ўқитувчиларни жалб этган ҳолда якуний давлат аттестацияси синовларининг дастурлари ҳамда баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилади ҳамда таянч олий таълим муассасаси билан келишган ҳолда олий таълим муассасаси Кенгаши томонидан тасдиқланади ва талабалар эътиборига етказилади.

III. Якуний давлат аттестация комиссиялари таркиби

10. Якуний давлат аттестацияси комиссиялари раислигига номзодлар олий таълим муассасалари томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

11. Якуний давлат аттестацияси комиссияси раислари олий таълим муассасасининг идоравий мансублигидан қатъий назар, ушбу таълим муассасасида ишламаётган олимлар, ишлаб чиқаришнинг етакчи мутахассисларидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан бир йил (календар йил) муддатга тасдиқланади.

Бир киши кетма-кет бир олий таълим муассасасида тегишли таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича икки мартадан ортиқ якуний давлат аттестацияси комиссиясининг раиси бўлиши мумкин эмас.

12. Олий таълим муассасасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган раислар раҳбарлигида олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) буйруғи билан хорижий тил бўйича якуний давлат аттестация синови (олий таълим муассасаси Кенгаши қарорига асосан) ва (ёки) таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича фанлараро якуний давлат аттестация синови ва диплом лойиҳаси ёки битирув малакавий иш (магистрлик диссертацияси) ҳимояси ёки ихтисослик фанларидан якуний давлат аттестация синовини ўтказиш бўйича якуний давлат аттестацияси комиссиялари таркиби шакллантирилади.

13. Якуний давлат аттестацияси комиссиялари таркиби мутахассис тайёрловчи олий таълим муассасасининг илмий-педагогик кадрлари (аттестация комиссияси умумий таркибининг 50 фоизигача), шунингдек мазкур соҳа кадрларининг истеъмолчилари бўлган корхона, ташкилот ва муассасаларнинг юқори малакали мутахассислари, турдош олий таълим муассасаларининг етакчи профессор-ўқитувчи ва илмий ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги тегишли соҳа олимларидан иборат бўлади.

14. Якуний давлат аттестация комиссиялари таркиби камида 5 нафар профессор-ўқитувчи ва мутахассислардан шакллантирилади. Якуний давлат аттестациясида васийлик кенгаши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ота-оналар вакиллари жамоатчилик асосида кузатувчи сифатида қатнашиши мумкин.

15. Якуний давлат аттестация синовлари бўйича якуний давлат аттестацияси комиссияларининг таркиби олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан битирув семестри бошланишидан бир ой олдин тасдиқланади.
Зарурият бўлганда аттестация синовларининг бири бўйича битта раис раҳбарлигида бир нечта якуний давлат аттестация комиссиялари тузилиши мумкин.
Якуний давлат аттестацияси жараёнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспексияси вакиллари иштирок етишлари мумкин.
Олий таълим муассасаларининг давлат аттестациясидан ўтмаган йўналиш ва мутахассислик битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ушбу олий таълим муассасасининг юқори турувчи вазирлик (идора) томонидан ташкил етиладиган давлат аттестация комиссияси томонидан ўтказилади.

IV. Якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби

16. Якуний давлат аттестацияси синовлари бошланишидан олдин якуний давлат аттестация комиссияси раислари билан олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) шахсан якуний давлат аттестацияси комиссияларининг тайёргарлик даражаси, комиссия раислари ва аъзоларининг вазифалари, битирувчиларга қўйилаётган талаблар, тартиб-интизом тўғрисида йиғилиш ўтказади.

17. Якуний давлат аттестацияси синовлари ёзма, тест ёки оғзаки усулда ташкил этилади ва ушбу тартиб олий таълим муассасаси Кенгаши қарори асосида таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан белгиланади ҳамда якуний давлат аттестацияси бошланишидан олти ой олдин талабалар эътиборига етказилади. Талабалар синов ўтказиладиган фанлар дастурлари билан таъминланадилар, уларга тайёргарлик кўриш ва маслаҳатлар бериш учун зарур шароитлар яратилади.

18. Якуний давлат аттестациясига тегишли ўқув режа ва фанлар дастурларини тўлиқ тугатган ва ўқув режасида назарда тутилган барча синовлардан муваффақиятли ўтган талабалар қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчилари тегишли таълим дастурларини тўлиқ ўзлаштиргандан кейин якуний давлат аттестациясидан ўтишлари мажбурийдир.

19. Якуний давлат аттестацияси синовлари ва диплом лойиҳаси ёки битирув малакавий иш (магистрлик диссертацияси) ҳимояси ёхуд ихтисослик фанларидан якуний давлат аттестация синови якуний давлат аттестация комиссияларининг очиқ мажлисларида, аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этган ҳолда, раис иштирок этмаган тақдирда раис ўринбосари раислигида ўтказилади.
Диплом лойиҳаси ёки битирув малакавий иш (магистрлик диссертацияси) ҳимояси ёхуд ихтисослик фанларидан якуний давлат аттестация синови ишлаб чиқариш базасида ташкил этилган кафедра филиалларида соҳанинг етакчи мутахассисларини жалб этган ҳолда ўтказилиши мумкин.
Якуний давлат аттестациясига киритилган барча турдаги аттестация синовлари бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизимига мувофиқ аниқланади ҳамда якуний давлат аттестацияси комиссиясининг мажлис баёни расмийлаштирилгандан сўнг шу куннинг ўзида эълон қилинади.
Якуний давлат аттестациясига киритилган барча турдаги аттестация синовларида муаллифликни ўзлаштиришга (плагиатга) йўл қўйилмайди. Бундай ҳолат аниқланганда давлат аттестация комиссияси томонидан битирувчига тегишли аттестация синовидан қониқарсиз баҳо қўйилади ёки қўйилган ижобий баҳо бекор қилинади.

20. Якуний давлат аттестация комиссияси битирувчиларнинг якуний давлат аттестацияси синовлари натижалари асосида уларга таълим йўналиши (мутахассислиги) бўйича бакалавр (магистр) даражаси бериш ҳақида қарор қабул қилади.

Якуний давлат аттестация комиссияларининг қарорлари очиқ овоз бериш йўли билан, мажлисда иштирок этувчиларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолда, раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

21. Олий таълим муассасаси битирувчиси якуний давлат аттестацияси таркибига киритилган якуний давлат аттестация синовидан муваффақиятли ўтгандан сўнг унга мувофиқ даражадаги олий маълумот тўғрисидаги диплом ва унинг иловаси берилади.
22. Фанлар дастурларини ўзлаштиришда катта ютуқларга эришган ва ўқув режасидаги барча фанларнинг камида 3/4 қисми бўйича 86 балл ва ундан юқори (5 баҳолик тизимда 5 баҳо (аъло) ўзлаштириш кўрсаткичларига еришган, (бошқа фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи 71 баллдан (5 баҳолик тизимда ўзлаштириш кўрсаткичи 4 баҳодан (яхши) кам бўлмаган), шунингдек, якуний давлат аттестацияси синовлари бўйича камида 86 балл (5 баҳолик тизимда 5 баҳо (аъло) ўзлаштириш кўрсаткичларига эга бўлган бакалавриат битирувчисига “имтиёзли” диплом берилади.
23. Якуний давлат аттестацияси синовидан ўта олмаган шахс ўқиш муддати тугагандан сўнг, аризасига мувофиқ якуний давлат аттестацияси синовини кейинги йилларда қайта топшириш ҳуқуқига эга. Бунда олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) шахсни якуний давлат аттестацияси синовини қайта топширишга қўйиш бўйича буйруқ чиқариши лозим.
24. Якуний давлат аттестацияси синовидан қайта ўта олмаган талабага академик маълумотнома берилади ва у ўрнатилган тартибда, тўлов-контракт асосида тегишли курсга ўқиш учун қайта тикланиши мумкин.

25. Узрли сабаб билан якуний давлат аттестацияси синовларига келмаган талабалар ректорнинг (директорнинг) буйруғи билан якуний давлат аттестация комиссиясининг иши якунланишига қадар бошқа муддатларда ўтказиладиган якуний давлат аттестацияси синовларига киритилиши мумкин.(ўз кучини йўқотган)

26. Якуний давлат аттестацияси синовларида олган баҳосига эътироз билдирган битирувчиларнинг аризаларини кўриб чиқиш учун ректор (директор) буйруғи билан апелляция комиссияси тузилади.

27. Якуний давлат аттестацияси жараёнида қўйилган баҳодан норози бўлган битирувчилар якуний давлат аттестацияси баҳолари эълон қилинган кундан эътиборан уч кун муддат ичида апелляция комиссиясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

28. Апелляция комиссияси ўз хулосасини битирувчига бир кун муддат ичида маълум қилиши лозим.

29. Якуний давлат аттестацияси комиссиясининг иши бўйича йиллик ҳисобот олий таълим муассасаси Кенгашида кўриб чиқилади. Мазкур Кенгашга якуний давлат аттестацияси комиссиялари раислари таклиф қилинади.

V. Якуний қоидалар

30. Якуний давлат аттестациясини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича олий таълим муассасаси фаолиятидан норози бўлганлар белгиланган тартибда, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

31. Олий таълим муассасаси Кенгаши қарори билан муассаса хусусиятидан келиб чиқиб, мазкур Низом тартибларига қўшимча тартиб-қоидалар киритиш мумкин.

32. Мазкур Низомда белгиланган қоидалар бўйича низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.