Манзил: 140104, Самарқанд шаҳри, Университет хиёбони, 15-уй

Телефон: +998 66 2391140 Факс: +998 66 2391140 Email: devonxona@samdu.uz


САМАРҚАНД ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТНИНГ ТАРИХИЙ ИЛДИЗЛАРИ

Самарқанд илм-фани ва маданияти жаҳонга танилишида Самарқанд Давлат университетининг ўрни беқиёсдир. Бугунги кунда СамДУ Марказий Осиёдаги энг қадимги ва йирик олий таьлим муассасаларидан бири бўлиб, у ҳозирги кўринишда расмий равишда XX асрнинг бошларидан фаолият кўрсатаётган бўлсада, унинг тарихий илдизлари Мирзо Улуғбек даврига бориб тақалади (XV аср). Илму-фан, маънавият ва маърифат тарғиботчилари бўлган темурийлар хукмронлиги даврида Мовароуннаҳр ҳудудида, хусусан, Самарқанд шаҳрида фан ва таълим тараққиёти учун тўлиқ асос яратилди.

Соҳибқирон Амир Темур, унинг фарзандлари ва набиралари томонидан бунёд этилган қатор мадрасалар диний ва дунёвий билимлар берувчи зиё масканлари эди. Айниқса ўзбек илмининг фахри бўлган Мухаммад Тарағай Улуғбекнинг яратган илмий мактаби, унинг салоҳияти буюклиги бугунги кунларда жаҳон илм ахли томонидан эътироф этилган.

Регистон майдонидаги Мирзо Улуғбек мадрасаи олияси, шак-шубҳасиз, Самарқанд дорилфунунининг «бешиги», унинг ташкилий асоси ва негизидир. Ушбу «Алма-матер»да Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Али Қўшчи, Мавлоно Нафис Самарқандий. Бадахший каби мавлонолар таҳсил олишган ва кейинчалик толиби илмларга сабоқ беришган. Мирзо Улуғбек астрономик мактабининг вакиллари Ғиёсиддин Коший, Жамшид ибн Маъсуд, Қозизода Румий, Али Қушчи Муҳаммад Хавофийлар мадраса дорилфунунда математика, астрономия, ҳисоблаш асослари, география каби дунёвий фанлардан дарс берганлар. Шундай қилиб, Самарқанд Давлат университетининг илдизлари Мирзо Улуғбек даврига бориб тақалади. Бунинг исботи сифатида нуфузли адабиётчи олимимиз, академик Ботурхон Валихужаевнинг «Мирзо Улуғбек даври мадрасалари» рисоласида Самарқанд Давлат унверситети Mирзо Улуғбек мадрасаси олиясининг бевосита вориси бўлиб, унинг таъсис этилиш тарихи ҳам Mирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг таъсис этилиш тарихига (1420 милодий йил) бориб тақалади деган илмий хулосасини келтириш жоиздир.

Темурийлар давридаги олий таълим анъаналари кейинги асрларда ўз давомини мадрасалар бағрида топди ва большевиклар давригача узлуксиз таълим олиш даргохи сифатида хизмат килди. 1918 йили Тошкентда ташкил топтан дорулфунуннинг ўзига хос таълим жабхалари Самарқандда ҳам юзага кела бошлади ва ниҳоят 1927 йил 3 январда Самарқанд олий педагогика институтини таъсис этилиши тўғрисида қарор эълон қилинди. Дастлабки йилларда бу олий даргоҳда ижтимоий-сиёсий фанлар физика, техника, табиатшунослик, филология бўлимлари мавжуд эди.

Олий таълим муассасаси ўзининг фаолияти давомида бир неча юз минглаб. юқори малакали мутахассисларни етказиб берди. Бинобарин Иброҳим Мўминов. Султон Умаров, Убай Орипов, Яхё Ғуломов, Аловуддин Баҳовуддинов, Воҳид Абдуллаев, Акбар Отахўжаев, Акобр Адҳамов, Тошпўлат Ширинқулов, Ботурхон Валихўжаев, Сайид Шермуҳаммедов, Шавкат Воҳидов, Толиб Мўминов, Mухсин Ашуров каби академик олимлар шулар жумласидандир.

Ҳамид Олимжон, Уйғун, Миртемир, Усмон Носир, Ҳабиб Юсуфий, Шароф Рашидов, Асқад Мухтор каби ўнлаб ижодкорлар ҳамда давлат, маданият ва фан арбоблари мана шу университетда вояга етганлар. Университет бағридан Самарқанддаги қишлоқ ҳўжалиги, тиббиёт, кооператив, чет тиллар институтлари ўсиб чиқиб мустақил олий уқув юртларига айландилар.

Олий таълим муассасамизнинг бугунги кундаги ривожи ва тарихи турли вақтларда ректорлик қилган Н.Меркулович, К.Абдуллаев, А.Валиев, Ҳ.Файзуллаев, М.Мўминов, Р.Олимжонов, К.Зокиров, А.Тўлаганов, В.Абдуллаев, Ё.Тўрақулов, А.Отахўжаев, Ш.Алимов, М.Жўрақулов, Т.Мўминов, Ж.Сатторов, Т.Ширинов, О.Халмухамедов ва Р.Халмурадовларнинг фаолиятлари билан бевосита боғлиқдир.

1991 йил 31 август - ҳалқимизнинг асрий ва миллатимиз тарихида унутилмас сана бўлиб қолди. Мана шу муқаддас кундан эътиборан миллат ва Ватан ҳаётида туб бурилиш, ўз тақдирини ўзи белгилаш, мустақиллик даври бошланди. Бу тарихий бурилиш Самарқанд университети зиммасига катта масъулият ва бутунлай янги вазифалар юклади.

Мустақиллик йилларида СамДУнинг ўқув, илмий ва маънавий-маърифий соҳалардаги фаолияти шаклан ва мазмунан янгиланди. Ҳозирги пайтда СамДУ таркибида ўн тўртта факультет, педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази, ҳалқаро алоқалар маркази, академик лицейлар, ўқув ва муаммовий илмий тадқиқот лабораториялари, замонавий компьютер синфлари, қатор музейлар, оранжерия ва ботаника боғи, илмий кутубхона, ётоқхоналар, дам олиш ва даволаниш масканлари, спорт мажмуалари мавжуд. Университетимиз талабалари жаҳон ва республика миқёсидага спорт мусобақаларида ҳам фаол иштирок этишмоқда. Кейинги ўн йил ичида университетда икки нафар жаҳон Чемпионлари, ўнга яқин жаҳон чемпионати совриндорлари, ҳалқаро олимпиада ўйинлари иштирокчилари, ўндан ортиқ Осиё чемпионлари, саксондан ортиқ Ўзбекистон чемпионлари, Республика талабалар универсиадаси чемпионлари, ўндан ортиқ ҳалқаро тоифадаги спорт усталари етишиб чиқди.

Университетда 35 дан ортиқ таълим йўналишларида бакалавриат ва 40 дан ортиқ йўналишларда магистрлик мутахассисликлари бўйича жами 13000 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Уларга 80 дан ортиқ фан докторлари ва профессорлар, 300 дан ортиқ фан номзодлари ва доцентлар, жами 800 дан зиёд профессор-ўқитувчилар сабоқ бермоқдалар.