Самарқанд давлат университетининг талабалари “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури асосидаги Бухородаги сафарини якунлаб, Самарқандга қайтиб келди. Туризм саёҳати 4 кунлик дастурни ўз ичига олиб,  Бухоро шаҳрининг Арк Қўрғони, Ситораи Моҳи Хосса, Эски шаҳар - Лаби Ҳовуз ансамбли, Нодир девонбеги, Абдулазизхон, Мир Араб мадрасалари,  Минораи Калон, Абдуллахон тими, Тоқи-Заргарон, Тоқи-Телпакфурушон, Тоқи-Сарафон каби тарихий обидалар билан танишди.

    Шунингдек, “Етти Пир” - Хожа Абдулхолиқ ибн Абдулжамил Ғиждувоний, Хожа Муҳаммад Ориф  Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжирфағнавий,  Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Хожа Саййид Амир Кулол, Хожа Баҳоуддин Нақшбандийларни зиёрат қилишди…

    - Талабалик олтин даврим. СамДУ инсон ресурсларини бошқариш факультетининг битирувчи курс талабасиман, - дейди Мафтунбек Норбоев. - Шу кунгача курсдошларимиз билан коплаб саёҳат уюштирганмиз. Лекин бу галгиси бутунлай бошқача ва эсда қоларли бўлди. Бухоро тарихи ҳақида етарлича маълумотга эга бўлдим. Ҳақиқатдан ҳам тирик тарих. Айниқса, “Етти Пир” ни зиёрат қилгандан кейин, оиламни ҳам зиёратга олиб келишга қарор қилдим. Барча ташкилотчиларга раҳмат…

    - Юртимизда тарихий обида ва зиёратгоҳлар кўп. Ҳар бирига боришни ният қилганман, - дейди СамДУ агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти талабаси Нўмонжон Жумаев. - Ниятим холис экан, Бухородаги тарихий маскан ва қадамжоларни зиёрат қилиш насиб қилди. Қойил қолмасдан илож йўқ…Ушбу саёҳат учун СамДУ ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродовга миннатдорлик билдираман.

    Тўрт кун давом этган саёҳатдаги транспорт воситалари,  шинам меҳмонхона, сифатли озиқ-овқат ва бошқа харажатлар Самарқанд давлат университети томонидан қоплаб берилди…

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган суратлар