Фарзандининг ўқиши учун имконият яратиб, уларни қўллаётган ота-оналарга Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродовнинг ташаккурномалари топширилмоқда.

    Тойлоқ тумани Сой маҳалласида истиқомат қилувчи Амриддин Туробов ушбу ўқув йилида Самарқанд давлат университетига давлат гранти асосида биринчилар қаторида ўқишга қабул қилинган. Бугун у интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультетининг дастурий инжиринг йўналишида таҳсил олмоқда.

    Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовнинг ташаббуси билан фарзандларининг ўқиши, уларнинг таълим-тарбиясига бефарқ бўлмаган ота-оналарни тақдирлаш лойиҳаси ташкил этилган. Ушбу лойиҳа доирасида Амриддиннинг ота-онаси – Илҳом Бегалиев ва Наргиза Тумановаларга СамДУ ректорининг махсус ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

    Амриддин Туробов таълим олган Тойлоқ тумани 44-мактабда ташкил этилган тадбирда унинг ота-онаси маҳалла аҳлига фарзандини илмли қилиб тарбиялашда ўрнак сифатида кўрсатилган бўлса, унинг муваффақияти ёшлар учун ажойиб руҳлантириш бўлди.

    - Фарзандимга бераётган бундай эътибор учун  СамДУ ректорига  раҳмат, - дейди Амриддиннинг онаси Наргиза Туманова. – Тўғриси бугун мен учун ажойиб кун бўлди. Ўғлимни Самарқанд давлат университетига ўқишга киргани биз учун жуда қувонарли янгилик бўлган эди. Ушбу эътиборингиз кўнглимни тоғдай кўтарди. Мен фарзандимни ўқитаётганимиз бунчалик эрта мева беради, деб ўйламаган эдим.

    - Мен математика ўқитувчиси сифатида фарзандини ўқитгани учун тақдирланаётган ота-онани биринчи марта кўриб турибман, - дейди Амриддиннинг устози Саъдулла Каримов. – У ёшлигидан математика фанига жуда қизиқарди. Ўйлайманки, ўқувчимга университетда ҳозирдан шундай юксак эътибор берилаётган экан, келгусида у юртимизга сидқидилдан хизмат қиладиган ҳақиқий ватанпарвар кадр бўлиб етишади. 

 

Отабек Саъдуллаев

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.