Ташрифдан кўзланган асосий мақсад икки томонлама алоқаларни янада кенгайтириш, ўқув жараёнлари ва халқаро миқёсдаги илмий тадқиқотларда манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишдир.

    Қайд этиш жоизки, бугунги рақамли технологиялар замонида жамият ҳаётининг барча тармоқларига ахборот технологиялари натижаларини жорий қилиш муҳим ҳисобланади. Мамлакат тараққиётида иқтисодий тармоқ энг катта ўринни эгаллаши, ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг аҳамияти ҳам долзарб мазмун касб этади.

    -Самарқанд давлат университети дунё бўйича алоҳида нуфузга эга бўлган қадимий университетлардан бири, - дейди Братислава иқтисодиёт университети профессори Мариан Райфф, - Братислава университети жамоатчилиги СамДУ билан ҳамкорлик ўрнатганидан мамнун. Эндиликда, ушбу ҳамкорлик доирасида бакалавриат ва магистратура босқичида талабалар алмашинуви дастурларини кенгайтириш, рақамли иқтисодиёт йўналишида мутахассислар тайёрлашда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришдик. Халқаро миқёсда илмий тадқиқот натижаларининг самарали тарғиботини олиб бориш, ҳар бир эришилган янгиликни жаҳон илм-фани диққат марказига тақдим этиш долзарб масаладир. Келишувларимиз орасида бу борада замонавий методология принципларини белгилаш, иқтисодиёт мутахассислари тайёрлайдиган янги йўналишлар ташкил қилишда мавжуд имкониятларни бирлаштириш масалалари ҳам алоҳида ўрин тутади.  

 

Ирода Бекмуродова,

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.