ШҲТнинг навбатдаги саммити даврида Самарқандда иш ҳажми жуда катта эди. Шу жумладан, қурилиш соҳасида. Тайёр иш турибди, лекин шу ишни бажарадиган мутахассисни топа олмаяпмиз. Бу дегани, ишсизлар, касб-ҳунар таълими тизими, бандликка масъул идоралар, берилаётган маошлар ва бир нечта параметрлар ўртасида номутаносибликлар бор. Масалани юзаки кўрмасдан чуқурроқ илмий таҳлил қилиш керак, деб ҳисоблайман. Бир неча йилдан бери айнан шундай мураккаблик мавжуд. Кўп ҳолларда оддий ҳунар эгаси керак бўлади. Бундай касбга бир неча йил ўқитишга ҳожат ҳам йўқ, аслида. 3-6 ойда бир қатор иш жойларини банд қилса бўлади. 
    Бундан ташқари, мажлисда бугун кўтарилган хизмат турлари масаласи муҳим. Дунёда хизмат турлари бўйича 60-70 фоизгача аҳоли банд. Бизда эса бу кичик кўрсаткич. Хизмат қилиш керак бўлган жойлар етарлича, лекин бир томоннинг саъй-ҳаракатини иккинчи томон билан бирлаштира олмаяпмиз. Ташкилий масалаларда нуқсонларимиз бор.  Масалан, бир йил давомида ШҲТнинг навбатдаги саммитига тайёргарлик кўрган бўлсак, реал қийинчилик билан тўқнаш келдик. 
    Иш бор, пул бор, аммо ишни бажарадиган одам йўқ. Иккинчи томондан эса айтамизки, ишсизлик мавжуд.  Масалан, Самарқандда қанча гул экилди, дарахт экилди – лекин, афсуски, гул экадиган махсус одам йўқ, дарахтга қарайдиган одам йўқ. Кўчани супурадиган одам йўқ. Қурилишда турли тоифадаги ишларни бажарадиган одам йўқ. Булардан мураккаблари – электрик, энергетик, сантехник касблари ҳақида гапирмаяпмиз.  Мана шу ҳақида масъул мутахассислар чуқурроқ, жиддий ёндашса, фикримча, ечими топилади. 
            Албатта, барча давлатларда ҳам бандлик 100 фоиз таъминланган эмас. Лекин биздаги асосий муаммо - вазиятнинг турли тарафларини керакли даражага ўзаро уйғун келиштира олмаяпмиз. Мувофиқлаштириш йўқ. 

     Мисол учун, бу ерда масала кўтарилди – нарх-наволарни бошқариш натижасида хуфёна экономикага шароит яратиб бераяпмиз. Иш бажарилаяпти, пул тўланаяпти. Лекин норасмий  равишда. Бошқа соҳаларда ҳам ҳолат шундай. Хизмат кўрсатиш секторида - ресторанларда, ошхоналарда болалар хизмат қилиши ҳолатлари бор – оладиган пули бошқа, ҳисобдаги расмий пули бошқа. Бундай оғир масалалар жуда кўп.  Агар муаммога тизимли ёндашилса, анча ишсиз фуқароларимиз ишли бўлади.
Ҳунарга ўргатиш, касб бериш тизимини ҳам соддалаштириш керак.  

      Биз жаҳон классификатори тўғрисида гапираяпмиз. Лекин, афсуски, жаҳон классификатори даражасига етишга ҳали анча иш қилиш керак. Оддий даражадаги, тезкор ечилиши зарур бўлган ишлар бор. Уларни ҳал этгандан сўнг мураккаброғига ўтсак тўғри бўлади.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати