Кафедра мудири

Халиқулов Шоди Турдиқулович

  •  Қабул вақти: Ҳар куни 14:00 дан 16:00 гача
  •  Телефон:+998902717792
  •  Электрон почта: kholikulov48@mail.ru

Биография

1964-1969 йй. - Самарқанд давлат университети талабаси.
1969-1970 йй. - Қашқадарё давлат малака ошириш институти кабинет мудири.
1970-1974 йй. – Қарши давлат педагогика институти география кафедраси ўқитувчиси.
1974-1978 йй. – Тупроқшунослик ва агрокимё илмий тадқиқот институти аспиранти, кичик илмий ходими.
1978-1997 йй. - Самарқанд қишлоқ хўжалик институти кичик илмий ходими, тупроқшунослик ва мелиорация кафедраси ассистенти, доценти.
1997-1997 йй. - Самарқанд давлат университети ўсимликлар физиологияси ва микробиология кафедраси профессори.
1997-2001 йй. - Самарқанд давлат университети экология ва тупроқшунослик факультети декани.
2001-2004 йй. - Самарқанд давлат университети илмий ишлар бўйича проректори.
2004-2011 йй. - Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ректори.
2011-2015 йй. - Самарқанд давлат университети гидрометеорология ва ландшафтшунослик кафедраси профессори
2015- 2020 йй. - Самарқанд давлат университети гидрометеорология кафедраси мудири
2020- ҳ.в   - Самарқанд  давлат университети тупроқшунослик ва агротехнология кафедраси мудири 

Тупроқшунослик ва агротехнология кафедрасининг тарихи

Тупроқшунослик кафедраси 1953 йил Самарқанд давлат университетининг биология ва тупроқшунослик факультетида ташкил этилган. Кафедрада профессорлар Д.М.Кугучков, Х.Х.Хамдамов, доцентлар С.А.Агишева, Г.А.Данов, С.В.Кигай ва бошқалар фаолият кўрсатган ва улар тупроқшунослик фанидаги бир қатор долзарб масалаларни ечиш бўйича тадқиқотлар олиб борган. Ушбу факультетни кейинчалик тупроқшунослик соҳасида йирик олим ва педагог бўлиб шаклланган талабалар О.Комилов, И.Бобохўжаев, Ў.Маткаримов тугатган. Улар Ўзбекистон тупроқшунослик фани ривожланишига салмоқли ҳисса қўшганлар.

Самарқанд давлат университетида Тупроқшунослик йўналиши 1996 йилда «Тупроқшунослик ва экология» факультети қошида қайта ташкил этилди. Шу факультет таркибида “Тупроқшунослик” кафедраси қайта ташкил этилиб, унга доцент Ў.Маткаримов, кейинчалик доцент Т.Қ. Ортиқов ва Ш.Т.Холиқулов мудирлик қилган. 2000 йилдан бошлаб факультетларни йириклаштириш мақсадида «Тупроқшунослик ва экология» факультети Биология факультетига бирлаштирилди ва “Тупроқшунослик” кафедраси алоҳида мутахассислик тайёрловчи кафедра сифатида фаолиятини 2009 йилгача давом эттирди. Кафедра юқори малакали кадрлар билан таъминланган бўлиб, қисқа вақтда 4 нафар ўқитувчи илмий ишларини якунлаб номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Ўша пайтда кафедрада 1 нафар академик, 2 нафар професор, 3 нафар  фан номзоди, доцентлар ва 7 нафар ассистентлар фаолият кўрсатган. Кафедранинг ушбу йиллардаги фаолияти академик Ж.С.Сатторов, профессорлар П.У.Узоқов, Ш.Т.Холиқулов, доцентлар Ў.М.Маткаримов, Т.Қ.Ортиқов, М.К.Абдурахимов, ассистентлар Д.Эшмуродов, Т.Ч.Ғозиев, И.Н.Бобобеков, С.Б.Пардаев, Н.Усмонов, Ш.Д.Облақулов, Д.Файзиев каби профессор-ўқитувчилар хизмати билан боғлиқ.

Ушбу даврда талабаларга тупроқшунослик фанларидан дарс бериш билан бирга кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан долзарб ва амалиёт талабларига жавоб берадиган мавзуларда илмий тадқиқотлар олиб борилди. Бу борада амалий ва инновацион грант бўйича бир нечта лойиҳалар бажарилди.

1996 йилдан 2007 йилгача кафедрада иккита мутахассислик бўйича 5А620101-Тупроқшунослик ва 5А620103-Агротупрокшунослик ва агрофизка йўналишлари бўйича магистратура мавжуд бўлиб, юқори малакали педагог ва илмий ходимлар тайёрланган.

2020 йил янги очилган “Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги” факультети таркибида “Тупроқшунослик ва агротехнология” кафедраси янгидан ташкил қилинди. Кафедра мудири профессор Ш.Т.Холиқулов бошчилигида 2 нафар профессор, 3 нафар доцент, 2 нафар катта ўқитувчи, 1 нафар фалсафа доктори (PhD) ва 1 нафар ассистент фаолият кўрсатмоқда.

Кафедрада “Тупроқшунослик”, “Тупроқшуносликда илмий тадқиқот усуллари”, “Тупроқ ва агроэкология”, “Тупроқ ва ландшафт экологияси”, “Тупроқ кимёси”, “Тупроқ биологияси”, “Тупроқшунослик ва геология”, “Тупроқ физикаси”, “Тупроқ бонитировкаси ва хариталаш”, “Мелиоратив тупроқшунослик ва тупроқ муҳофазаси”, “Деҳқончилик”, “Мелиорация”, “Агрометеорология”, “Ўсимликшунослик”, “Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш ва автоматлаштириш” фанлардан дарс берилади.

Ҳозирги пайтда кафедра қошида “Тупроқшунослик” ва “Ўсимликшунослик” бўйича таянч докторантура ва докторантура мавжуд. Бу институт йўналиши бўйича бир қанча малакали мутахассислар тайёрланди. Ҳозирги пайтда “Агротупроқшунослик ва агрофизика”, “Умумий деҳқончилик” йўналишлари бўйича докторантура очилиши режалаштирилмоқда. Кафедрада шу билан бирга “Тупроқшунослик” бўйича магистратура мавжуд бўлиб, бу институт орқали Ўзбекистон тупроқшунослик илм-фани учун зарур бўладиган етук замонавий кадрлар тайёрланади. Умуман олганда кафедрада тупроқшунослик фанининг барча буғинларини ўзвий боғлаган ва қамраган ҳолда тупроқшуносликнинг барча соҳалари ҳамда буғинлари учун маҳоратли кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.

Профессор Ш.Т.Холиқулов, профессор М.К.Абдурахимов ва доцент Т.Қ.Ортиқов ўз соҳалари бўйича Илмий кенгаш ва илмий семинар аъзолари ҳисобланади. Профессор Ш.Т.Холиқуловни ҳаммуаллифликда чиқарган “Тупроқшунослик” ўқув дарслиги тупроқшунослик фани бўйича республикада асосий дарслик ҳисобланади. Кафедрада тупроқшунослик, деҳқончилик, ўсимликшунослик ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш ва автоматлаштириш соҳалари бўйича долзарб ва амалиётбоп мавзуларда бир қатор илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Улар қаторига шаҳар маиший чиқиндиларини утилизация қилиш ва улардан компост тайёрлаш технологиялари, тупроқ гумус ва микробиологик ҳолати ҳамда уларга табиий ва антропоген омилларнинг таъсири, тупроқларни оғир металлар билан ифлосланиш муаммолари ва уларни бартараф этиш йўллари, тупроқни мульчалаш масалалари ва уни тупроқ агрофизик ва агрокимёвий хоссаларига таъсири, тупроқнинг сув хоссалари ва уларни арид шароитда бошқариш имкониятлари, томчилатиб суғориш ва уни тупроқ сув режимига таъсири, Ўзбекистон тоғ олди нишабликлари деҳқончилигини механизациялаштиришда Юқори кўндаланг турғунликка эга бўлган техникалардан фойдаланиш, Ғўза қатор ораларига буғдой экишда ресурстежамкор технологиялардан фойдаланиш, Ўзбекистон чўл яйловларини яхшилашда фитомелиоратив ўсимликлар уруғларини экувчи энергия ва ресурстежамкор технология ва техник воситаларни ишлаб чиқиш каби мавзулар киради. Бу илмий ишлар тупроқ унумдорлигини оширишга, мелиоратив ва экологик ҳолатини яхшилашга ҳамда тупроқ хосса ва режимларини оптималлаштиришга замин бўлади.

Кафедрада республикамиз ва чет эл университетлари билан илмий-амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, улар билан илмий ва ўқув ишлари бўйича бирга иш олиб борамиз. Улар қаторига Ўзбекистон миллий университети, Тупроқшунослик ва агрокимё илмий тадқиқот институти, Тошкент давлат аграр университети, Санкт-Петербург давлат университети, Москва давлат университети, Москва қишлоқ хўжалик академияси (ТСХА), Нижний Новгород қишлоқ хўжалик академияси, Белгород давлат университети, Италиянинг Болонья университети, АҚШ нинг Невада университети, Туркиянинг Анқара университети киради.