“18 октябрь — Самарқанд шаҳри куни”.  Мана йигирма беш йилдирки, мазкур сана ҳар бир Самарқандликка фахр-ифтихор бағишлайди. Ушбу кунда Самарқанд шаҳрида жуда кўплаб иншоотларнинг очилиш маросимлари бўлиб ўтади. Хориждан, мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан меҳмонлар, таниқли санъаткорлар, ёзувчи ва шоирлар ташриф буюради. Самарқанд шаҳри куни халқимизнинг миллий қадриятига, байрамига айланиб бўлди.

      Байрам муносабати билан эрта тонгдан Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

      Тадбирда Самарқанд вилоят, шаҳар ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ, Ички ишлар, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этди. Самарқанд давлат университетининг профессор-ўқитувчилари ҳам Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйиб, ҳурмат бажо келтирди.

     - Самарқанд шаҳри кунини ҳар йили интизорлик билан кутаман,-дейди СамДУ доценти Шаҳриёр Жўраев. - Чунки Самарқанд шаҳри куни муносабати билан кўҳна шаҳримиз янада чирой очади. Гуллаб яшнайди. Алишер Навоий кўчасини қаранг, қанчалик обод бўлди. Бу ободлик бугун кўнгилларга кўчди. Қайдадир мушоира, қайдадир қўшиқ янграйди. Мен Самарқандда яшаётганимдан фахрланаман. Самарқандда ўқидим, олим бўлдим. Оила қурдим. Фарзандларим Самарқандда дунёга келди. Бу шаҳар менга ўхшаган юзлаб ёшларни тарбиялаган, таълим берган муқаддас бешикдир. Таъзим қиламан сенга муаллим шаҳрим, устоз шаҳрим Самарқандим...

Беҳруз ШАМСИДДИНОВ
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат АКРАМОВ олган сурат