Самарқанд давлат университетида “Жаҳон қўлёзма фондларида Самарқанд тарихи” (The History of Samarkand in the manuscript funds of the world) номли халқаро кўргазма очилди. Ушбу кўргазма Австрия фанлар академиясининг Эроншунослик илмий-тадқиқот институти директори, тарих фанлари доктори, профессор Флориан Шварс билан ҳамкорликда ташкил этилди.

    Ушбу кўргазмагада АҚШ, Франция, Германия, Голландия, Дания, Ирландия каби 6 хорижий давлатларда сақланаётган 15 қўлёзма асардан фотонусхалар тақдим қилинди. Ноёб манбаларнинг барчаси бевосита Самарқанд илмий-маънавий муҳитида яратилган ёки у билан чамбар-чарс боғлиқ.

    Нью-Йорк (АҚШ)даги Метрополитен музейидан 2, Балтимор (АҚШ)даги Валтер санъат музейидан 1, Копенгаген (Дания)даги Давид коллекциясидан 1, Париждаги Франция миллий кутубхонасидан 2, Шарқ тиллари мактаби кутубхонасидан 1, Берлин миллий кутубхонасидан 2, Дублин (Ирландия)даги Честер Битти кутубхонасидан 1, Лейден университетидан (Голландия) 1, Принстон университетидан (АҚШ) 2, Лейпсиг университетидан (Германия) 1, Пенсилвания университетидан (АҚШ) 1   қўлёзма кўргазмага жалб қилинди.

    Уларнинг энг қадимгиси 1083 йил 6 февралда, энг янгиси эса 1806 йилда Самарқандда кўчирилган. 15 та қўлёзманинг ҳар бири алоҳида диссертацион мавзуга асос бўладиган ноёб манбалардан ҳисобланади.

    Фанлар кесимида олганда Қуръон, фиқҳ, ислом фалсафаси, тиббиёт, фармокология, ботаника, зоология, астрономия, адабиёт, тарих илмлари ва хаттотлик санъати йўналишларини қамраб олади.

 

    Беҳруз ШАМСИДДИНОВ,

    Самарқанд давлат университети

    Ахборот хизмати ходими,

    Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.