Самарқанд давлат университетида Муҳандислик физикаси институти томонидан ташкил этилган “Магнит ҳодисалар ва кўп функцияли магнит материаллар” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросими ўтказилди.

    Нуфузли анжуманда АҚШ, Россия, Испания, Германия, Италия, Индонезия, Ҳиндистон, Греция, Голландия каби дунёнинг 17 давлатидан 130 дан зиёд хорижий олимлар ҳамда республиканинг 30 дан ортиқ ташкилотларидан 50 дан ортиқ мутахассислар ўз маърузалари билан иштирок этди.

    Тантанали маросимни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов очиб берди:

    – Бугунги кунда мамлакатимизда физика соҳасини ривожлантириш устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Муҳандислик илм-фани ва таълимини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган қатор тизимли ишларнинг давоми сифатида халқаро илмий-тадқиқотлар олиб бориш учун зарур шарт-шароит яратилаётганлиги, соҳага оид илмий-тадқиқот олиб бораётган олимларимиз меҳнатини рағбатлантириш тизими жорий этилаётганлиги,  мамлакатимизда илм-фан ва таълимга бўлган эътиборнинг ошиб бораётганидан далолат. Шунинг учун ижтимоий-иқтисодий салоҳиятнинг барқарор ўсиши, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлиги юксалиши учун зарур шароитларни таъминлашга қодир бўлган илм ва инновация фаолиятини ривожлантириш бугун олдимизда турган энг муҳим вазифларимиздан бири бўлиб қолмоқда. Муҳандислик илм-фани ва таълимини янги сифат босқичига олиб чиқиш ҳамда бу борада жаҳоннинг етакчи мамлакатларида тўпланган бой тажрибани республикамиз миқёсида оммалаштириш мақсадида ташкил этилган “Магнит ҳодисалар ва кўп функцияли магнит материаллар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда Россия, Германия, Испания, Франция, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Англия, Италия  каби давлатларининг турли нуфузли университетларидан олимлар иштирок этмоқда. Шунингдек, республикамизнинг 30 дан ортиқ соҳага оид ташкилотларидан 50 дан ортиқ мутахассис ва олимлар ўзларининг маърузалари билан қатнашаётгани ва шундай нуфузли тадбирнинг Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институтида ўтказилаётгани бизга фахр бағишлаш билан бир қаторда янада катта масъулият ва қўшимча вазифалар юклайди.

    Николай Перов, Москва давлат университети профессори:

    – Магнетизм соҳаси физиканинг муҳим ва долзарб тармоқларидан. Бугунги конференцияга 17 давлатдан хорижий мутахассисларнинг жалб қилингани магнетизм соҳасининг бутун дунё бўйича муҳим йўналишлардан бир эканини кўрсатади. Соҳага оид илмий тадқиқотларга халқаро нигоҳда қараш, мамлакатлар ўртасида мавжуд илмий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, албатта, ўз самарасини бермасдан қолмайди. Конференция баҳона Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институти билан ҳам танишдик. Салобатли бинолар, замонавий лаборатория ва ўқув хоналари кўпчилик хорижий экспертларнинг эътиборини тортди. Ўйлайманки, илм-фан учун яратилган бундай шароитда келажак илм-фанини ривожлантирадиган кашфиётлар яратилади...

    Облоқул Қувондиқов, Самарқанд давлат университети умумий физика кафедраси профессори, Самарқанд магнетизм мактаби асосчиларидан:

    – Бугунги конференция нафақат Самарқанд давлат университети, балки бутун мамлакатимиз илм-фанида муҳим ҳодиса. Унда дунёнинг турли нуқталаридан ташриф буюрган физик олимлар бир нуқтада жам бўлди. Мазкур анжуманнинг Самарқандда ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас. Самарқанд давлат университетида Самарқанд магнетизм мактаби ҳамда магнетизм йўналиши бўйича илмий даражалар берувчи ягона илмий кенгаш фаолият юритади. Республика бўйича ушбу соҳада фаолият олиб борган мутахассисларнинг деярли барчаси ушбу мактабдан етишиб чиққан. Шахсан менинг ўзим фаолиятим давомида мазкур соҳада 2 фан доктори, 18 фан номзоди етиштиришга муваффақ бўлдим.

    Эшқувват Арзиқулов, Самарқанд давлат университети қаттиқ жисмлар кафедраси профессори:

    – Физиканинг энг ривожланган ва амалиётга яқин бўлган соҳаларидан бири бўлган магнетизм соҳаси бўйича Самарқанд давлат университетида Ўрта Осиёда ягона бўлган магнетизм мактаби мавжуд. Ҳозирги пайтда магнетизм шундай соҳага айландики, унда эришилаётган ҳар бир ютуқ ва янгилик тўғридан-тўғри амалиётга татбиқ этилади. Ҳаётимизнинг асосий қисмига айланиб улгурган мобил қурилмалар, смартфонлар, флеш хотиралар, ҳамма-ҳаммаси ушбу соҳанинг кашфиётлари туфайли ҳозирги даражадаги такомилига етган. Бугунги конференцияда магнетизм соҳасидаги муҳим янгиликлар тўғрисида бутун жаҳон олимлари маърузалари билан қатнашмоқда. Конференциянинг асосий мақсадларидан бири магнетизм соҳасини ривожлантириш ва ушбу соҳа орқали инсоният келажаги учун фойдали кашфиётларни ишлаб чиқишга қаратилган ҳисобланади. Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институти бу борада етарлича куч ва илмий салоҳиятга эга. Айниқса, анжуманга ташриф буюрган меҳмонлар Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институтининг янги биносини кўриб жуда юқори баҳо беришди...

    Беш кун ўтказилиши режалаштирилган конференция спинтроника ва магнитотранспорт ҳодисалари, магнитофотоника (чизиқли ва ночизиқли магнитооптика, магнитофотоник кристаллар), юқори частотали хусусиятлар ва метаматериаллар, суюлтирилган магнит яримўтказгичлар ва оксидлар, магнит наноструктуралар ва кичик ўлчамли структуралар магнетизми, магнитоюмшоқ моддалар (магнит полимерлар, мураккаб магнит суюқликлар ва суспензиялар), юмшоқ ва қаттиқ магнит материаллар, магнит хотирага эга бўлган қотишмалар ва магнитокалорик эффект, магнетизм ва ўта-ўтказувчанлик, мултиферроиклар, биотиббиёт магнетизми соҳасида ишлатиладиган элементларнинг физик хоссаларини ўрганиш каби шўъбаларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттиради.

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.