Пушкин номидаги ахборот кутубхона марказида Самарқанд шаҳридаги Президент мактабининг 24 нафар битирувчилари билан учрашув ташкил этилди.

    Тадбирда Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Бекзод Раҳматуллаев, «Зарафшон» ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев битирувчиларни ўқув йилини муваффақиятли тамомлаганликлари ҳамда хорижий олий таълим муассасалари талабаси бўлганликлари билан қутлади.

    Бугунги кунда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш борасида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётгани, ушбу ислоҳотларнинг том маънодаги таянчи ва давомчиси бўлган ёшлар масаласи сиёсатимизнинг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиши таъкидланди.

    Вилоятимизда “Самарқанд келажак жавоҳирлари”, “Келажак лидерлари” ва “Самарқанд илмли қизлари” клублари фаолияти йўлга қўйилган. Унда интеллектуал жиҳатдан салоҳиятли ва фаол фуқаролик позициясига эга, теран фикрлайдиган, мустақил дунёқарашга эга “Ёш лидерлар”ни аниқлаш ва уларни давлат хизматига жалб қилиш мақсад қилинган.

- Сизлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган Президент мактабида ўқидингиз, ўзларингизнинг билим ва кўникмаларингизни оширдингиз, - деди Бекзод Раҳматуллаев. - Шу вақтга қадар эгаллаган билимларингиз ва бундан кейин ўзлаштирадиган илмларингизни жаннатмонанд юртимизнинг муносиб фарзанди сифатида комил инсон ва элпарвар шахс бўлиб шаклланишга йўналтиришларингизни тилайман.

    Тадбир давомида барча битирувчилар дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртларига қабул қилинганлиги эътироф этилди. Уларга хорижда олган билим ва тажрибаларини мамлакатимиз манфаатлари учун сафарбар қилиши бурчи эканлиги айтилди.

- Мактабда олган билимларим натижасида технология йўналишидаги АҚШ нинг Георгиа Теч университетига ўқишга қабул қилиндим, - дейди иштихонлик Шоҳсанам Ўктамова. – Муҳими, Президент мактаби менга соғлом дунёқараш берди. Нуфузли билим юртида ўқишимни биотехнология муҳандислик йўналишида давом эттирмоқчиман. Тиббиётда, айниқса, жарроҳлик амалиётида тиббий текширув ускуналарини модеринация қилишни, янгича ва инновацион ёндашган ҳолда нанотехнологиялар асосида яратишни мақсад қилганман. Бунинг натижасида бемор осон ва тез даволанишига аминман.

Самарқанд давлат университети
     Ахборот хизмати