Маълумки, 2022 йил 23 апрель куни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг ташаббуси билан, Туркия республикасининг ТИКА халқаро агентлигининг молиявий-техник ёрдамида СамДУ қошида Туркология илмий-тадқиқот институти ташкил этилган эди. Ўтган бир йилдан зиёд давр мобайнида институтнинг илмий ходимлари туркологиянинг турли долзарб мавзуларида тадқиқотлар олиб бориб, жиддий ютуқларни қўлга киритдилар.

    Бугун Туркология институтида мазкур илмий-тадқиқот даргоҳининг ўтган давр мобайнида амалга оширган ишларининг якуни бўлмиш китоблар ҳамда янгидан ташкил этилган “Туркологик тадқиқотлар” халқаро илмий журналининг тақдимот маросими ўтказилди.

    Нуфузли анжуманда Самарқанд давлат университети профессори Жўлибой Элтазаров, Туркия Республикасининг Самарқанддаги Бош консули Салиҳ Жанер, Анқара Йилдирим Боязид университети профессори Туба Тумбулоғлу ва илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирни турколог-олим, профессор Жўлибой Элтазаров кириш сўз билан очди.

    СамДУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовнинг табригини ўқиб эшиттирди.

    Тадбирда дастлаб СамДУ Туркология илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан ўзбек тилига таржима қилинган Анқара Йилдирим Боязид университети профессори Туба Тумбулоғлунинг “Темурийлар цивилизациясига доир изланишлар” номли китоби хусусида маълумот берилди. Муаллиф ушбу китобнинг мазмун-моҳияти ҳақида алоҳида тўхталди.

    Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Зокир Бойназаровнинг “Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит-турк” асаридаги оламнинг лисоний манзараси” ҳамда СамДУ тадқиқотчиси, PhD Байрам Билир “Ўрхун-Енисей обидалари матнларини ўқиш ва транскрипция қилиш муаммолари” номли китобларнинг замонавий туркологик тадқиқотлар учун аҳамияти хусусида муаллифлар ҳикоя қилиб бердилар.

    Сўнгра СамДУ доценти Сирожиддин Ўсаров “Темурийлар даври тарихига Туркия тарихшунослигидан бир нигоҳ” номли маърузаси орқали қардош мамлакатда Амир Темур ва темурийлар цивилизациясига оид тадқиқотларнинг кўлами ва мазмун-мундарижаси ҳақида ахборот берди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.