Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, академик Назар Тўраевнинг вафоти ҳақидаги хабар Самарқанд илмий жамоатчилигини чуқур қайғуга солди.

    Самарқанд давлат университети физика факультетини бундан 60 йил олдин тамомлаган Назар Тўраев билан биз ҳақли равишда фахрланамиз. У киши СамДУ физика факультетида ўқиган ўн нафар академикдан бири эди.

    Жонажон СамДУ ўзининг яна бир улуғ фарзанди билан видолашмоқда.

    Буюк физик олим, жамоат арбоби, фанимиз фидойиси Назар Тўраев бутун умрини физика фани ривожига бағишлади.

    Замонамизнинг забардаст алломаси Назар Тўраев физика фанининг долзарб йўналиши ҳисобланган атом зарраларининг қаттиқ жисмлар сиртида сочилиши назарияси, ионларнинг бирламчи ва иккиламчи сочилиши  каби соҳаларни чуқур тадқиқ этган.

    Олим назарий физика масалаларини компьютерда алгоритм  воситасиди ечишни Ўзбекистонда биринчи бўлиб татбиқ қилган эди.

    Назар Тўраевнинг бевосита раҳбарлигида республикамизда  қишлоқ хўжалик экинларини лазер ёрдамида нурлантириш илмий лабораторияларига асос солинган.

    Олим мамлакатимизда олий таълим соҳасини ривожлантириш ишига ҳам муносиб ҳисса қўшган. Термиз давлат университети ректори сифатида фаолият кўрсатиб, кўплаб ёшларга устозлик қилган. Университет моддий техник базасини яхшилаш, илмий салоҳиятини янада оширишда Назар Тўраевнинг тарихий хизматлари катта.

    Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институтида хайрли бир анъана шаклланган. Бу – мазкур даргоҳни битирган улуғ олимлар номини абадийлаштиришдир. Академик Назар Тўраевнинг номи ҳам институт аудиторияларидан бирига қўйилади.

    Аллоҳ домламизни раҳматига олсин. Жойлари жаннатдан бўлсин. Оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия билдирамиз...

 

Рустам Холмуродов,

Самарқанд давлат университети ректори,

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.