Конгресс ота-оналарнинг Самарқанд давлат университети фаолияти билан танишишидан бошланди.

    Тарих, математика, психология, физика, агробиотехнология, иқтисод йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг ота-оналари СамДУ тарих, психология ва ижтимоий-сиёсий фанлар факультети, Муҳандислик физикаси, Инсон ресурслари ва маҳалла тараққиётини бошқариш, Биокимё институтлари ҳамда ахборот ресурс марказлари, музей ва илмий лабораторияларни  кўздан кечирди.

    Йиғилишда Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, ўқув ишлари бўйича биринчи проректор Аҳмаджон Солиев, ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор Рустам Йўлдошев, ректор маслаҳатчиси Ислом Рустамовлар иштирок этди.

    Учрашувда таълим тизимидаги ўзгаришлар, имтиҳон жараёнлари, ҲEМИС тизимининг афзалликлари, чет тилини ўрганиш моҳияти, талабалар учун яратилган имкониятлар ҳақида фикр юритилди.    

    - Қизим СамДУ Муҳандислик физикаси институтида ўқийди. Бугун мазкур олий таълим муассасини кўриб, фарзандимни мана шундай жойда ўқиётганлиги билан фахрландим, - дейди Дилбар Обидова. - Университетга киргандан одамнинг кайфияти кўтарилади. Яхши муҳит шаклланган. Ҳозир маърузалар ва ўқув хоналарини кўриб фарзандларимизга ҳавас қилдим. Бизнинг даврда бунақа шароитлар йўқ эди.  Ушбу имкониятларни яратиб бергани учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан миннатдорман…

    - Мен Бухоро вилоятидан келдим. Қизим психология йўналишига ўқишга кирди, - дейди Шамшод Тожиев. – Бугун СамДУ фаолияти билан танишидим, шароитлари жуда яхши. Қизим юртимиздаги энг илғор университетда таҳсил олаётганига ишонч ҳосил қилдим. Ўзим ўқимаганман, ният қилиб болаларимни ўқитяпман. Ётоқхона шароитларини ҳам кўздан кечирдим, шинам хоналарда яшаяпти…

 

    Самарқанд давлат университети

    Ахборот хизмати,

    Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.