samarkandnews.uz ахборот сайтида эълон қилинган “Talabalar turarjoyi muammolari” номли хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:

    Самарқанд давлат университетининг ижарада турувчи талабалари ёки улар ижарада турадиган хонадон эгалари www.my.gov.uz портали орқали ариза топширишлари ва шартнома гувоҳномасини олишлари керак. Бунинг учун One.ID портали орқали калит очилиши зарур бўлиб, кўпчилик ҳолларда хонадон эгалари ана шу калит учун қилинадиган тўловларни амалга ошириши шарт.      

    Ижара шартнома тузиб бериш, солиқ органларига онлайн рўйхатга қўйиш нархлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонаси (ДУК) томонидан тасдиқланган прейскурант бўйича аслида 85 минг сўм. Талабаларга моддий ёрдам бўлиши учун бу маблағ 50 минг сўм қилиб белгиланган.

    Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ижарада турувчи талабалар учун зарур ҳужжатларни тайёрлаб берган, бунинг учун улардан ҳеч қандай тўлов талаб қилингани йўқ. Университет уйини ижарага берган хонадон эгалари учун ушбу маблағларни солиқ органларига тўлаб бериш мажбуриятини олмаган ва ўз навбатида бу амалдаги қонунчиликка зиддир.

    Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати барча ОАВ учун очиқ. Нохолис ахборотларни тарқатиш мақсадга мувофиқ эмас. Ахборотларни чуқурроқ ўрганиб, кейин оммага тақдим этишни тавсия этамиз. Бу борада ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.