Ўзбек тили байрами муносабати билан Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлди. Тадбирда Самарқанд вилоят, шаҳар ҳокимлиги, олий таълим, халқ таълими, мактабгача таълим муассасалари ва бир қатор ташкилотлар вакиллари қатнашди. 

      - Миллат бор экан, унинг тили ҳам яшайди, тили яшар экан у миллат бошқа миллатлар орасида ўз нуфузи, мартабасига эга бўлади. Ҳар бир халққа ўз тили азиз ва ардоқли, - дейди Самарқанд давлат университети ўзбек тилшуноcлиги кафедраси доценти, Баxтиёр Холмуҳаммедов. – Юртимизда ўзбек тили байрами кенг миқиёсда нишонланмоқда. Бугун Ўзбек тили - Давлат тили сифатида қабул қилинганлигига 32 йил бўлди. Она тилимизни асраш нафақат ўқитувчиларнинг, балки ҳар бир инсоннинг бурчидир… Буюк маърифатпарвар Абдулла Авлоний айтганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак, миллатнинг руҳини йўқотмакдур”. Дунёда олти мингдан ортиқ тил мавжуд бўлса, шундан юзга яқин давлат, тил мақомига эга. Биз учун мустақилликдан олдин, давлат тили мақомини олиш катта бахтдир… Бу меҳнат самарасини авлодларга етказиш бизнинг вазифамиздир. 

      - Инсон она Ватан тушунчасини илк бор Она тилида англайди. Қалбига тинчлик ва хотиржамлик бағишловчи аллани ана шу тилда эшитади. Шунинг учун ҳам тил, миллат, Ватан тушунчалари доимо ёнма-ён туради, - дейди Ихтиёр Ёқубов. – Кейинги йилларда хорижий мамлакартларда ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш кучайиб бормоқда. Айниқса, Туркия давлатида ўзбек тилига қизиқиш ниҳоятда катта. Мен 2018 йилдан буён Mugla Sitki Kochman университетида фаолият олиб бораман. Университетнинг 50 минг нафар талабаси мавжуд. Аксарият талабаларнинг ўзбек тилига бўлган қизиқиши катта эканлигини сезиб, қувондим. Турк тили ва адабиёти факультети талабаларига ўзбек тилидан дарс ўтдим. Шу нарсага амин бўлдимки, чет эл фуқаролари учун ўзбек тили дарсликлари   ва электрон дастурларини ишлаб чиқиш, махсус курсларни ташкил этиш, ўзбек тилини халқаро миқиёсидаги нуфузини оширишга хизмат қилади.

Беҳруз ШАМСИДДИНОВ
Самарқанд давлат университети 
Ахборот хизмати ходими