Самарқанд давлат университети филология факультетида Алишер Навоий таваллудига бағишлаб, Алишер Навоийнинг жаҳон илм-фан ва маданиятида тутган ўрнимавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди. Тадбирни СамДУ Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори, профессор Шаҳзода Негматова кириш сўз билан очиб, анжуман иштирокчиларига муваффақият тилади.

    Конференцияда Навоийшунос олимлар “Алишер Навоий ҳаёти ва ижодининг Россияда ўрганилиши”, “Алишер Навоий насрий асарларининг замонамиздаги аҳамияти”, “Камол Хўжандий ва Алишер Навоий”, “Германияда Навоий ижодининг ўрганилиши” мавзулари бўйича маъруза қилди.

    - Алишер Навоий ижодига бўлган қизиқиш даврлар ўтиши билан ортиб бормоқда. Шоирнинг асарлари турли тилларга таржима қилиниб, ўрганилмоқда, тадқиқ қилинмоқда, - дейди СамДУ мумтоз адабиёти тарихи кафедраси докторанти Ораста Омонова. – Шоир асрларининг Германия ва унга яқин ҳудудлар, аниқроғи, немис тилидаги нусхалари ҳам узоқ ўтмишга бориб тақалади. Навоий асарларининг немис тилига ўгирилиши дастлаб, билвосита Европа тилларига қилинган таржима орқали кириб борди. Рус, итальян, инглиз, француз ва бошқа бир неча тиллар воситачилик вазифасини бажарди. Демак, шундай хулоса чиқадики, дастлабки олмон тилидаги таржималар аслиятдан эмас, балки инглиз, француз ва бошқа тиллар орқали амалга оширилди ва бу ўзбек мумтоз адабиётининг немисзабон китобхонларига етказилишида жиддий аҳамиятга эга бўлди…

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.