Самарқанд давлат университети профессори Ёун Мюнг Чул билан суҳбат

    Жанубий Кореянинг Донггук университети профессори, тарихчи олим ва шоир, Самарқанд давлат университети профессори Ёун Мюнг Чул 40 йиллик тадқиқот ва академик изланишлари давомида 160 дан ортиқ мақола, 60  китоб ва 10  шеърий тўпламлар чоп этган. 2022-2023 ўқув йилидан СамДУ тарих факультети археология кафедрасида фаолият юритмоқда.

    – Самарқанд давлат университетига келишингиз қандай бўлган? Нега айнан СамДУ ни танлагансиз?

    –  Даставвал ўн беш йиллар олдин менда Ўрта Осиё  тарихига қизиқиш пайдо бўлган. Мен бу ҳудудларнинг энг қадимий маркази сифатида Самарқанд шаҳрини билардим. Самарқанд диёрига келишимга энг асосий сабаб шу. Самарқанд давлат университети мамлакатингизни етакчи университетларидан бири ҳисобланади. Бу ерга келишимнинг уч сабабига тўхталмоқчиман:

    Биринчидан, тарихимиз ва маданиятимизга алоқадор жиҳатларни ўрганиш. Корейс ва ўзбек халқлари бундан тахминан икки минг йил аввал ҳам ўзаро яқин алоқада бўлиб келган. Милодий олтинчи асрлар атрофида сўғд давлатлари ва Когурё ўртасида савдо-сотиқ алоқалари мавжуд бўлган. Икки халқ ўртасидаги бу каби қадимий алоқалар уларнинг миллий ва амалий санъат намуналарида, халқ оғзаки ижодида яққол акс этган. Бу тўғрисида Хитой манбаларида ҳам маълумотлар мавжуд. Тарихчи сифатида бу даврлар тарихини ўрганишда Самарқанд каби кўҳна шаҳарга келмасликнинг имкони йўқ. Назаримда, тарихни ўрганаётган ҳар бир тарихчи Самарқандга, албатта, келиши керак деб ўйлайман.

    Иккинчидан, биз Буюк Ипак йўли ўтган ҳудудлар тарихини фақатгина Хитой манбалари орқали биламиз. Тарихчи олим сифатида Ўрта Осиё ўтмиши ва маданиятининг асл тарихини ўрганишим керак эди. Шунинг учун бу ҳудудлар тарихи ҳақидаги маълумотларни ўрганишда фақат Хитой манбалари билан чекланиб қолмасдан балки Марказий Осиё халқлари манбаларини ҳам чуқур ўрганиш мақсадим бор.

    Учинчидан, Корея ва Ўзбекистон ўртасида тарихий даврлардан бошланган ҳамкорлик муносабатлари бугунги кунда ҳам давом этиб келмоқда. Бу икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқалари келгусида ҳам давом этиши керак. Бунинг учун айни вақтдан бошлаб ҳозирлик кўриб бориш лозим.

    Айни пайтда Самарқанд давлат университети археология кафедрасида талабаларига дарс бериш билан бир қаторда, СамДУ профессор-ўқитувчилари ва Донггук университети олимлари ўртасида илмий алоқаларни яхшилашга ҳам кўмак бериб келмоқдаман.

    Февраль ойида Америка Қўшма Штатларининг Ел университетида Самарқанд давлат университети номидан маъруза ўқидим. Ўша ераги маърузалардан бирида бир олим нима учун айнан Ўзбекистонни танлаганим билан қизиқди. У ерда яшашда ҳеч қандай ноқулайликлар йўқми, деб сўради. Бу саволга мен: “Ўзбекистон яшаш учун энг яхши ўлкалардан бири. Ўзбек халқи жуда олижаноб, меҳмондўст ва бағрикенг халқ. Ўзбекона оилалар чинакам меҳр-садоқат ва оилага ҳурматнинг энг гўзал намунаси бўла олади. Мен Самарқандга пул топиш учун бормаганман. Мен у ерга инсоният цивилизацияси учун янги модел намунаси ахтариб, бу бўйича мавжуд имкониятларни батафсил текшириш учун борганман” деб жавоб бердим.

    – Нега айнан тарих соҳасини танлагансиз?

    – Ҳар бир инсон дунёда яшаб ўтиш жараёнида тарих фани муҳим аҳамият касб этади деб ҳисоблайман. Тарих фанига ёшлигимдан қизиққанман. Мутахассислигим Шарқий Осиё тарихи бўйича бўлса ҳам, Евросиё тарихига қизиқишим катталиги боис, бу мавзу бўйича ҳам изланишлар олиб боряпман. Шу мақсад йўлида жаҳон кезиб, кўҳна тарихимизни ўрганмоқчиман.

    –Донггук университети ва СамДУ ўқитиш тизимида қандай фарқлар бор?

    –Корея ва Ўзбекистон таълим тизими ўртасида унчалик катта тафовут йўқ. Аммо, Донггук ва Самарқанд давлат университетлари ўқиш жараёнларида маълум маънода фарқлар мавжуд экан. СамДУ талабалари корейс талабаларига қараганда тиришқоқ ва интилувчан. Шу жиҳатдан ҳам Ўзбекистон келажагини истиқболли деб биламан.

    – Самарқанд давлат университети бугун дунёнинг Топ-1000 талик университетлари қаторига кириш учун ҳаракат қилмоқда. Сизнингча бунда кўпроқ нималарга аҳамият бериш керак?

    – Энг биринчи ўринда профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини ошириш керак. Бунинг учун халқаро тажрибалардан андоза олиш, дунёнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш муҳим аҳамият касб этади. Талабаларни илмий фаолиятга қизиқтириш, хориждан ўқитувчи ва талабаларни кўпроқ жалб қилиш, ёш тадқиқотчи ва талабаларни стажировкаларга юбориш керак. 

    –Изланишларини хорижда давом эттирмоқчи бўлган ёш тадқиқотчиларга қандай маслаҳат ва тавсиялар берган бўлардингиз?

    –Корея университетларида ўқишни ва илмий тадқиқотларини давом эттирмоқчи бўлган талабалар учун турли дастур ва лойиҳалар ниҳоятда кўп. Албатта, муносиб номзод бўлишса, тўлиқ қопланадиган грантлар ҳам ажратилади. Талабгорлардан талаб қилинадиган биринчи нарса тил билиш кўникмаси бўлса, ундан кейин, университетдаги баҳолар ва илмий фаолиятига эътибор қаратилади. Агар талаба корейс тилини билса имтиёзлар янада ошади.

    –Келгусидаги режаларингиз...

    –Тарихчи сифатида кўпроқ Корея ва унга алоқадор тарихни ўрганиш, дунёга танитиш ва юқорида айтганимдай, инсоният цивилизацияси учун янги модел намунасини топиш. Шуни айтишим мумкинки, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, инсонийлиги, меҳр-саховати мени ўзига мафтун этди. Бу ерда кўрганларимни, ўрганганларимни бир нечта шеърларимда ҳам акс эттирганман. Самарқанд кўҳна тарихи, самимий одамлари, гўзал кўриниши билан юрагимдан чуқур жой олди...

 

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди.