Самарқанд давлат университетида вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Беҳзод Раҳматуллаев иштирокида университетнинг  истиқболли кадрлар захирасига танлаб олинган бир гуруҳ иқтидорли битирувчи талабалари билан учрашув ўтказилди. Учрашувдан кўзланган асосий мақсад ўз йўналишида кучли билим ва салоҳиятга эга бўлган битирувчиларни иш билан таъминлаш, уларни давлат бошқарувининг турли соҳаларида фаолият олиб боришга жалб қилишдан иборат.

     Учрашувда Самарқанд вилоят ҳокимлиги ташкилий кадрлар гуруҳи раҳбари Бекзод Раҳматуллаев етук салоҳиятга эга бўлган сифатли кадрларни етиштириш даврнинг асосий талаби эканлигини таъкидлаб, бугунги замон талабига жавоб берадиган, чуқур билим ва салоҳият эгаси бўлган мутахассисларни тайёрлаш мамлакат иқтисодий-ижтимоий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш, иқтисодиёт ва халқ хўжалигининг ривожланишдан ортда қолаётган соҳаларни такомилга етказишда ниҳоятда аҳамиятли бўлишини айтиб ўтди:

 – Вилоятда ҳар йили вилоят олий таълим муассасалари битирувчилари орасидан билимли, чуқур салоҳиятли талабаларни ажратиб олиб ҳокимликнинг захира кадрлар гуруҳи шакллантирилади ҳамда тегишли соҳаларда иш билан таъминланади. Самарқанд вилояти ҳокимлиги учун Самарқанд давлат университети кадрлар захирасини яратиб берадиган асосий олий таълим муассасаси ҳисобланади. Ўтган йиллар давомида университет битирувчилари орасидан истиқболли кадр сифатида танлаб олинган ўз йўналишида етук салоҳиятга эга бўлган ёшлар иқтисодиёт, давлат бошқаруви, халқ хўжалиги ва қурилиш каби соҳаларга фаол жалб қилинган. Бугун ушбу кадрлар давлат ташкилотлари, давлат хизматлари ва хусусий секторларда самарали фаолият олиб бормоқда. Жорий йилда университетнинг 106 нафар битирувчи талабаси истиқболли кадрлар захирасига танлаб олинди. Ўйлайманки, бугунги учрашув ёшларнинг ўз карераларини шакллантириш ва давлат ташкилотларида фаолиятларини бошлаш йўлида ўзига хос қадам бўлади.

    Битирувчиларнинг истиқболли захира гуруҳи, аввало, ўз соҳасида кучли билим, аъло ўзлаштиришга эга бўлган, мамлакатдаги ислоҳотлардан хабардор бўлиш билан боғлиқ дунёқараши шаклланган, хорижий тилларни билиш ва халқаро майдондаги ахборотлардан фойдалана олиш кўникмаларини эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, масъулият ва жавобгарликни теран англай оладиган ташкилотчи, киришимли талабаларни ўз ичига олади. Мазкур ислоҳот ёшларни келажакда давлат бошқарувида фаолият юритиш ва раҳбарлик лавозимларига тайёрлашда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

    Самарқанд давлат университети

    Ахборот хизмати.

    Шавкат Акрамов олган суратлар.