Халқ табобатида қадимдан қовун турли касалликларни даволашда кенг қўлланиб келинади. Ўз даврида Ибн Сино ҳам беморларни даволашда қовундан кўп фойдаланган. Олим қовун этини бод, ўпка сили, подагра касалликларини даволашда тавсия этган. Қовун қабзият ҳолларда ва бавосил касаллигида сурги ҳамда йўтал ва яллиғланишга қарши, организмдан гижжаларни туширувчи восита сифатида қўлланилади. Қовуннинг юмшоқ эти ва шарбати чанқоқни яхши қондиради ва асабни тинчлантиради.

    Қовунда енгил ҳазм бўладиган қандлар кўп сақланади. Шунинг учун семиришга мойил бўлган ва қандли диабет касаллиги билан оғрийдиган беморларга истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Шунингдек аллергик касалликларга чалинганлар ҳам қовун истеъмол қилишдан ўзини сақлаши лозим.

    Бундан ташқари, қовун таркибида мавжуд бўлган юқори миқдордаги каротиноидлар саратон касаллиги ривожланишининг олдини олиш ва тўхтатишга ёрдам беради. Қовун таркибидаги аденозин антикоагулянти қон парчаланишини фаоллаштириб, юрак ва қон томир касалликлари, яъни инсультнинг олдини олади. Калий моддаси ҳам юрак ва қон томир фаолияти тизимини яхшилаб, гипертония касаллиги келиб чиқишини тўхтатади.

    Юқоридаги фактларни инобатга олиб, айни иссиқ кунларда соғлом, ошқозон-ичак фаолияти касалликлари безовта қилмайдиган одамлар тез-тез қовун еб туриши фойдадан ҳоли бўлмайди. Шуни унутмангки, қовун оғир ҳазм бўладиган маҳсулот ҳисоблангани учун, уни оч қоринга ейиш тавсия этилади.

      Самарқанд давлат университети
      Ахборот хизмати.