Мазкур сана муносабати билан эрта тонгдан университет жамоасига байрам дастурхони ёзилди. Университет хиёбонида сайл ўтказилиб турли хил танловлар, спорт ўйинлари, санъат кўргазмалари намойиш этилди. Куй-қўшиқлар ижро этилди.

    Шунингдек, клуб ва тўгараклар кўргазмаси ташкил этилди. Унда ҳар бир факультет жамоалари ушбу кўргазмалари билан жамоатчиликни таништирди.

    Кўргазмалар давомида клуб ва тўгаракларга университетнинг кўплаб талабалари аъзо бўлишди.

    Ушбу байрамда Ўзбекистон Қаҳрамони, ЎзРФА V.I.Romanovskiy номидаги Математика институти директори, академик Шавкат Аюпов, АҚШ нинг Далласдаги Техас университети Нанотехнология институти директори ўринбосари, ИТМО университети гибрид нано фотоника ҳамда оптоелектроника лабораторияси мудири, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Анвар Зоҳидов, Астрономия институти директори, академик Шуҳрат Эгамбердиев, Боку давлат университети ректори, профессор Элчин Бабаев, Хитой фан ва технология университети профессори Ши Юнли, Жанубий Кореанинг Ёнсей университети профессори Эун Ҳеэ Леэ каби машҳур олимлар иштирок этди.

    - Самарқанд давлат университети куни 3 йилдан бери нишонланади. Бугун барча профессор-ўқитувчи ва талабалар жуда хурсанд, - дейди СамДУ математика факультети талабаси Ҳабибулло Жалилов. – Сайл кўтаринки руҳда ўтмоқда. Ҳар бир факультет ўзининг кўргазмалари билан чиқиш қилган. Ушбу тадбирда СамДУ да таҳсил олаётган хорижлик талабалар ҳам иштирок этмоқда. Уларнинг ҳам кайфияти чоғ. Мен Самарқанд давлат университетида ўқиётганлигим билан фахрланаман. Барчага бугунги кун муборак бўлсин.

    - Самарқанд ажойиб шаҳар, менга жуда ёқди. Қирғизистоннинг Ўш давлат университетида ўқийман, - дейди талаба Айгерим Жўраева. – Талабалар алмашинуви дастури доирасида СамДУнинг интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультетида таҳсил олмоқдаман. Келганимга 20 кун бўлди. СамДУ да тез-тез халқаро тадбир ўтказилар экан. Бу ҳам университетнинг юқори салоҳиятга эгалигидан далолат. Яқинда «Ўзбекистон-Осиё» халқаро талабалар форуми бўлган эди… Самарқанд давлат университети куни ҳам ажойиб байрам тарзида ўтмоқда. Ушбу тадбирда миллийлик, урф-одат анъаналарини кўришдан ташқари талабаларнинг илм-фанга бўлган қизиқиши ҳам намоён бўлмоқда. Тенгқурларим ўзларининг ихтиролар билан қатнашмоқда…

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.