Президент ташрифидан сўнг...

    Шифти ва деворлари нақшинкор, сердарча катта хона. Унинг қўш тавақали эшиги қия очиқ. Ичкарида буюк олим Муҳаммад Хавофий Клавдий Птолемей назарияси бўйича илмий маъруза ўқимоқда.

    Дарсхона шунчалар ҳам ғала-ғовурсиз бўладими!? Олимнинг қаршисида юздан ортиқ илмталаб ўтирганига ишонгинг келмайди. Ана, маъруза якунланди. Савол-жавоб, баҳс-мунозара бошланди. Беихтиёр ичкарига кўз ташлагинг, 603 йил олдинги сабоқларга гувоҳ бўлгинг келади.

    Гап 1420 йилнинг 21 сентябридаги воқеалар – Мирзо Улуғбек мадрасаси ташкил этилган кун, у ерда ал-жабр, ҳандаса, фиқҳ каби фундаментал фанлардан берилган сабоқлар ҳақида бормоқда.

    Хаёлда тарихнинг бу саҳифаларини нега гавдалантирдик?!

    Президент Шавкат Мирзиёев 24 август куни Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети қошида ташкил этилган Биокимё институти фаолияти билан танишди.

    Ташрифдан сўнг муассаса профессор-ўқитувчилари билан суҳбатлашар эканмиз университетнинг кеча ва бугуни кўз ўнгимизда жонлангандай бўлди. Муассасанинг тарихий илдизлари ўша машҳур Мирзо Улуғбек мадрасаси фаолиятига туташишини сўзлашганда қалб ғурурга тўлди.

    Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида бугунги кунда жами 25 минг 150 нафардан ортиқ талаба таълим олади. Муассасада 12 та илмий ва 67 та ўқув лаборатория фаолият олиб бормоқда.

    Ушбу таълим даргоҳида тўртта – Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти, Муҳандислик физикаси институти, Туркология илмий-тадқиқотлар институти ҳамда Биокимё институти ташкил этилган.

    Биокимё институти жорий йил Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг биология ва кимё факультетлари негизида ташкил этилди. Бунинг учун факультетлар жойлашган ҳудуд ва иншоотларда кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бу ҳақида бироздан сўнг...

    Университетнинг бугунги манзараси

    Университетда бугунги кунда талабаларга 840 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчи сабоқ беради. Муассасада 31 та ихтисослик бўйича 10 та илмий кенгаш фаолият олиб бормоқда. Илмий кенгашларда ҳар йили юздан ортиқ диссертация ҳимояси ўтказилади.

– Бу даргоҳни нафақат юртимиз, балки жаҳондаги машҳур қадимий олий таълим муассасаларидан бири дейиш мумкин, – дейди Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети профессори Худоёр Келдиёров. – Университетимизнинг расман ташкил топиши 1927 йил билан белгилансада, унинг шаклланиши узоқ тарихга бориб тақалади. Илм-фан, санъат-маданият дурдоналари, архитектура-қурилиш иншоотлари Темурийлар даври билан узвий боғлиқ. Буюк бобокалонларимиз Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Ғиёсиддин Коший, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомийларни жаҳон илм аҳли яхши билади. Меҳнат фаолиятимнинг олтмиш йили шу даргоҳ билан боғлиқ. Мен бу билан ҳамиша фахрланаман. Университетимизда кейинги йилларда олиб борилган таълим тизимидаги ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари кўлами жуда катта. Ортга назар ташласам бундай ислоҳотларга олдин гувоҳ бўлмаганмиз.

    Бугун университетда 12 та илмий ва 67 та ўқув лаборатория фаолият олиб бормоқда. Лабораториялар 35 миллиард сўмлик илмий ҳамда 6 миллиард сўмлик ўқув лаборатория ускуналари билан жиҳозланган.

    Яна бир муҳим жиҳати университет ўттиздан ортиқ давлатнинг икки юзга яқин етакчи олий таълим муассасаси, тадқиқот марказлари ва ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

    Ҳаракат бесамар кетмайди. Натижа секин аста бўй кўрсатаверади. Буни турли рейтинглардаги яхшиланиб бораётган ўринларда ҳам кўриш мумкин.

    Хусусан, университетнинг мамлакатимиз олий таълим муассасалари миллий рейтингида кучли бешталик рўйхатида эканини қайд этиш лозим.

    Ўтган йилда QS рейтинг агентлиги томонидан Ўзбекистоннинг 8 та олийгоҳи, жумладан, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ҳам юқори 1000 таликдаги Осиёнинг энг кучли университетлари рўйхатига киритилди.

    Университет “Times Higher Education Impact Rankings 2023” халқаро рейтингида барқарор ривожланиш мақсадли кўрсаткичларининг 14 та йўналишида иштирок этиб, шулардан 11 тасида юқори 1000 талик рўйхатига кирди.

    Илмий салоҳиятнинг ошиб бориши натижасида университетда ўқиш истагида бўлган ёшлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу муассасанинг имкониятларини ҳар жиҳатдан ошириш зарурлигини англатади.

    Кейинги уч йилда университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ўндан ортиқ объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.     Шунингдек, бир қатор ўқув ва лаборатория биноларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди.

    Икки факультет ўрнида бир институт 

    Сўзимиз бошида биология ва кимё факультетлари негизи Биокимё институти ташкил этилгани ҳақида таъкидлаган эдик. Янги институт иш бошлашидан олдин ҳар жиҳатдан катта ҳозирлик кўрилди.

    Умумий қиймати 57,6 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилди. Унга Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг бюджетдан ташқари маблағлари йўналтирилди.

    Хусусан, ҳудудда еттита янги объект қурилди. Жумладан, умумий сиғими мингдан ортиқ ўринга эга 2 та ўқув биноси, оранжерея-иссиқхона комплекси, мажлислар зали, виварий-биологик илмий тадқиқотлар лаборатория биноси, ботаник тадқиқотлар ва гербарий илмий лаборатория биноси ҳамда талабалар ошхонаси барпо этилди.

    Бир сўз билан айтганда бугун бу ерда Биокимё институтининг янги кампуси вужудга келди.

– Ушбу институтнинг ташкил этилиши биология ва кимё йўналишидаги фанлар интеграциясини янги босқичга олиб чиқади, – дейди Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети профессори Хуршид Бозоров. – Энди икки йўналиш мутахассисларига бир майдонда катта илмий изланишлар олиб бориш имкони яратилди. Ўзим тўққиз йил давомида Хитойдаги турли илмий-текшириш институтларида фаолият олиб борганман. Тажрибамдан келиб чиқиб айтаман, бу ерда яратилган шароитлар, олиб келинган жиҳозлар барча талабларга жавоб беради. Институтда катта янгиликлар қилиш, изланишлар олиб бориш учун барча шароит яратилди.

    Институтдаги энг замонавий тадқиқотлар илмий лабораториялари, оранжерия, зоология музейи ҳамда ўқув аудиториялари билан танишар экансиз, бунинг натижаси узоқ куттирмаган илмий натижаларда кўринишига шубҳа қилмайсиз.

    Маълумот ўрнида таъкидлаш лозим, институтда бугунги кунда 8 та таълим йўналишида 2 минг 800 нафардан ортиқ талаба таълим олмоқда. Уларга 126 нафар профессор-ўқитувчи сабоқ беради.

    Институтда истиқболда онкологик дори воситаларининг кимёвий трансформацияси асосида кимётерапияда хавфли ўсмаларга қарши танлаб таъсир этадиган янги дори воситаларини синтези илмий лабораториясини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

    УзА