Самарқанд давлат университети профессори, филология фанлари доктори, 

    Турк тилшунослик жамияти мухбир аъзоси, таниқли турколог олим Ж.Д. Элтазаровга!

    Ҳурматли Жўлибой Данабоевич!

    Сизни туғилган кунингиз билан табриклайман. Узоқ умр, сиҳат-саломат тилайман. Сиз она тилимизнинг ҳақиқий жонкуяри, фидойи тарғиботчиси, кўплаб шогирдларнинг азиз  устози ҳисобланасиз.

    Самарқанд давлат университетида Туркология илмий тадқиқот институтини очилишида ҳам Сизнинг муносиб ўрнингиз бор.

    Сиз Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, профессор, устозингиз Раҳматулла Қўнғуров  ривожлантирган ва тараққий эттирган ўзбек тилшунослиги мактабининг давомчиси ва забардаст вакилисиз. Мазкур мактаб республикамиз илмий жамоатчилиги томонидан тан олинган.

    Самарқанд давлат университети билан Туркия олий таълим муассасалари  ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва тараққий эттиришда ҳам Сизнинг фидокорона хизматларингизни эътироф этмоқчиман.

    Сиз нафақат мамлакатимизда, балки Турк дунёсида ҳам машҳур олимлардан бири ҳисобланасиз.  Ўзбек тилимизни бутун дунё бўйлаб тарғиб қилишдаги беқиёс хизматларингиз таҳсинга сазовор.

    Сиз Туркия, Жанубий Корея, Германия, Япония каби мамлакатлар олий таълим даргоҳларида она тилимиздан дарс ўтиб, ўзбек тилининг халқаро аҳамиятини оширишга муносиб ҳисса қўшгансиз.

    Сизнинг 20 яқин монография, дарслик ва ўқув қўлланмаларингиз, 200 дан ортиқ илмий мақолаларингиз туркологиянинг долзарб масалаларига бағишланган.

    Самарқанд давлат университети жамоаси Сиз билан фахрланади.

    Аллоҳ умрингизга, ризқингизга, илмингизга барака берсин.

    Ҳамиша Аллоҳнинг паноҳида бўлинг...

Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.