Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида йўлга қўйилган "Биринчи китобим" лойиҳаси доирасида чоп этилган 25 нафар ёш қаламкашнинг 25 номдаги биринчи китоблари тақдимоти ўтказилди. 

    Эътироф этиш жоизки, мазкур ижодкорлар орасида Самарқанд давлат университети битирувчилари Шаҳризод Шодиев ҳамда Ирода Бекмуродовалар ҳам бор. Лойиҳа доирасида чоп этилган китоблар қаторидан Шаҳризод Шодиевнинг "Салом" номли шеърий тўплами, Ирода Бекмуродованинг "Шуъла" номли қиссаси ўрин олган. 

    Тантанали ўтказилган тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид очиб берди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ёшлар сиёсати департаментининг раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев сўзга чиқиб, муаллифларни илк китоблари билан муборакбод этди ва уларга ижодий парвозлар тилади.
Шунингдек, тақдимотда Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон, педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев, Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботир Эргашев ҳамда бир қатор адабиёт вакиллари иштирок этди. 

    – "Биринчи китобим" лойиҳаси доирасида  “Салом” номли шеърий тўпламим нашр этилди, - дейди Шаҳризод Шодиев. – Унга 70 дан ортиқ шеърларим киритилган. Китобимга шоира Зулфия Мўминова сўзбоши ёзганлар. Тақдимот жуда юқори руҳда ўтди. Устоз шоир ва ёзувчиларнинг бизга билдирган ишончи ва эътирофидан олган кучимиз ижоддаги қадамимизни дадил қўйишда ёрдам беради десам, янглишмайман. Фурсатдан фойдаланиб барча устозларимга ташаккур билдириб қоламан. 

 

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати