Ибодулла Мирзаев - Самарқанд давлат университети ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири, филология фанлари доктори, профессор. Олим фаолияти давомида 14 монография, 5 дарслик, 12 ўқув қўлланма, 10 дан ортиқ дастур ва услубий қўлланма, 600 дан ортиқ илмий мақола, жумладан, Scopus, Web of Science ва бошқа нуфузли халқаро базага кирувчи журналларда илмий мақолалар эълон қилган. “Ўзбек тили”, “Француз тили грамматикаси (Морфология)”, “Таҳлилий ўқиш” каби дарсликлар муаллифи. “Алишер Навоий ҳаёти ва ижодининг Россияда ўрганилиши” монографиясини, “ Modern trends of linguistics” (Тилшуносликнинг замонавий йўналишлари) номли маърузалар матнини нашр эттирган. Ибодулла Мирзаев 40 дан ортиқ машҳур рус ва хорижий адабиётшунос ҳамда тилшунослар мақолаларини француз тилига таржима қилган.
    1997-2018 йилларда олимнинг саъй-ҳаракатлари ва масъул муҳаррирлигида “Филология” номли илмий мақолалар тўпламининг 13 жилди чоп этилган. Айни пайтда Ибодулла Мирзаев раҳбарлигида “Тил.Таълим.Таржима” ва “Алишер Навоий” халқаро электрон журналлари фаолият кўрсатмоқда. Иккала журнал ҳам ОАК томонидан эътироф этилган.  
    Профессор Ибодулла Мирзаев Марказий Осиёда биринчи бўлиб “Лингвопоэтика” илмий тадқиқот йўналиши ва “Таҳлилий ўқиш” номли инновацион таълим методига асос солган.