Самарқанд давлат университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов бошчилигидаги делегация Хитойнинг Жануби-Ғарбий қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик университетида бўлди.

    Учрашувда университет проректори, профессор Луо Жун ва мутассадилар билан томонлар ўртасида қишлоқ хўжалигининг замонавий соҳаларида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича музокаралар олиб борилди. Айниқса, мазкур университетнинг энг кучли йўналишлари ҳисобланган қишлоқ хўжалиги экинлари ва селекцияси, тупроқ эрозиясини бошқариш технологиялари, табиий экотизимларни қайта тиклашнинг барқарор усуллари бўйича илмий-тадқиқотлар олиб бориш имкониятлари муҳокама қилинди. Хусусан, университет таркибидаги Тупроқ ва сувни муҳофаза қилиш институти олимлари билан қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланишнинг ресурс тежамкор усуллари, тупроқ эрозияси ва чанг-тўзонларнинг олдини олиш, қурғоқчил минтақаларда деҳқончилик, инқирозга учраган экотизимларни қайта тиклаш йўналишларида кадрлар тайёрлаш ва илмий-тадқиқотлар олиб боришга келишилди. 

    Шунингдек, университетнинг Аграр таълим ва илм-фан инновациялари аллиансига Самарқанд давлат университетининг аъзо бўлишига розилик олинди. Ушбу аллиансда дунёнинг 90  давлатидан 100 дан ортиқ аграр олий таълим муассасалари ва илмий марказлари аъзо ҳисобланади.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.