Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахси ва ижоди бугунги кунда ҳам бутун дунёда қизиқиб ўрганилади. Бунинг асасий сабабларидан бири Бобурнинг кўп қиррали фаолияти ва бу ҳақда «Бобурнома» да содда ва ҳаққоний ифода этилишидир.

    Дарҳақиқат, «Бобурнома» да йигирмадан ортиқ соҳа қамраб олинган бўлиб, асарнинг катта қисмини жанг тасвирлари, Бобурнинг жанговар фаолияти тасвирлари ташкил этади. Бу тасвирлар орқали Бобурни нафақат шоҳ ва шоир сифатида, балки адолатли ҳукмдор ва салоҳиятли саркарда сифатида яқиндан таниймиз.

    Бобур инсонлар, айниқса ҳукмдорлардаги шижоатлилик ва мардоналик сифатларини ҳурмат қилади. Бу борадаги фикрлари асарнинг бошланғич қисмлариданоқ отаси Умаршайх ҳақидаги таърифларидан бошланади: «Умаршайх мирзо… Бисёр саховати бор эрди. Хулқи дағи саховатича бор эди… шужў ва мардона киши эди… уч масоф уруш қилиб эди…».

    Бобур Хожа Мавлоно Қозига бўлган эътиқоди ҳақида гапирар экан, ундаги довюраклик сифатига алоҳида тўхталиб ўтади: “Хожа Қози ажаб киши эди. Қўрқмоқ анда асло йўқ эди. Онча далер киши кўрулган эмас. Бу сифат ҳам валоят далилидур. Сойир эл ҳар қанча баҳодур бўлса, андак дағдағаси ва таваҳҳуми бўлур. Хожада асло дағдаға ва таваҳҳум йўқ эди».

    Султон Аҳмад мирзонинг феъл-атвори, сиёсатини ёқламасада, ундаги жасурлик, шижоатлилик сифатларини эътироф этади: «…Шижоати бор эди. Агарчи, ҳеч андоқ бўлмадиким, ўзининг илиги ишга етмиш бўлғай, вале дерларким, баъзи маъракаларда андин асари шижоат зоҳир бўлур экандур. Ўқни бисёр яхши отар эрди…» Султон Аҳмад мирзо ҳақидаги фикрларини давом эттирар экан, Бобур унинг сиёсати ҳақида очиқ-ойдин: «ихтиёри беклари илгида эди» деб ёзади.

    Асарда нафақат ҳукмдорлар, балки Худойберди Темуртош, Ҳофиз Муҳаммадбек- дўлдой, Қосимбек. Бобоқули Бобо Алибек, Хожа Ҳусайнбек, Шайх Мазидбек, Али Мазидбек, Ҳасан Яъқуббек, Али Дарвеш, Қамбар Али, Ҳасан Али жалойир, Бадриддинбек, Мир Алимирохўр, Саййид Ҳасан ўғлоқчи каби кўплаб амир-умаролар ҳам таърифланади, улардан айримларининг мардоналик сифатларини алоҳида таъкидланади: «Яна бири Ҳасан Яъқуббек эди. Кичик кўнгуллик, яхши таъблиқ, чуст ва часпон киши эди. Мардона киши эди. Ўқни яхши отар эди…».

    Бобур учун мардоналик сифати инсонларга хос асосий фазилатлардан саналса, бунга қарама-қарши равишда у қўрқоқлик ва шижоатсизликдан ҳазар қилади. Хисравшоҳнинг адолатсиз сиёсатини, феъл-атворини, тахт орзусида қилган қабиҳ ишларини қоралар экан, унинг мардоналик, жасурлик сифатларидан бутунлай йироқ эканлигини шундай ёзади: «Хисравшоҳ… Султон Маҳмуд ирзодин сўнг ўғлонларининг замонида худ асру кўп улғойиб эди. Навкари йигирма мингга ёвушиб эди… Мундоқ бисёр маъмнур вилоят ва мунча қалин яроқлиқ навкар била бир мокиён била ҳам тутушмади…»

    Султон Маҳмуд Мирзонинг навкар сақлаши, лашкарга саховат ҳақида холис ёндашиб яхши фикр билдирсада, унинг қўрқоқлигини ёқламайди: «…навкарининг улуфаси асло мункасир бўлмас эди. Мажлис ва бахшиш ва шилон ва девони бисёр яхши эди. Барчаси қоида ва тузуки била эди… Юраксиз киши эди.»

    Бобур Амир Темурдан мерос Самарқанд тахтини қўлга киритишни орзу қилади ва бунга муваффақ бўлади. Шайбонийхондек тажрибали душман қўлидан Самарқандни тортиб олиши ва жанг тафсилотлари, таҳлилларини батафсил баён этади.

    Самарқандни эгаллаган Бобур бу жангни Ҳусайн Бойқаронинг Ҳиротни эгаллш учун олиб борган кураши билан қиёслайди. Ҳусайн Бойқаро тажрибали, ёши улуғ подшоҳ бўлиб, душмани Носир Мирзо ўн ети - ўн саккиз ёшдаги бетажриба йигит эканлиги, ғаним ичидаги кайфиятни билиб уларнинг ғофиллигида ҳужум қилиниши, ғаниминг қўрғонда эмаслиги, Ёдгор Муҳаммад Мирзо ва одамлари Боғи Зоғонда маст ҳолатда бўлганлари ва Ҳусайн Бойқаро уларнинг ғофиллигидан фойдаланиб енгиши айтилади ва Бобур ўн тўққиз ёшлик тажрибасиз ва ғаними Шайбонийхон кўп юришларни кўрган тажрибали эканлиги, Самарқанд халқи Бобурни ёқласада, Шайбонийхон зулмидан қўрқиб ёрдамга келмаслиги, ғаним қўрғон ичида эканлиги, ҳам қўрғонни олиб ҳам ғаним бартараф этилгани каби фарқлар санаб ўтилади. «…иккинчи мартаба келганда Тенгри рост келтурди, Самарқанд фатҳ бўлди…»

    Бобур барча темурий ҳукмдорлардан Амир Темурга хос бўлган мардоналик, жасурлик, қатъийлик сифатларини кутади. Ҳусайн Бойқародек тахт эгасидан Шайбонийхонга қарши ҳужумни кутади, биргаликда Шайбонийни енгишга даъват қилади. Лекин Бойқаро ва ўғилларидан бундай жавоб қайтмайди.

    Шайбонийхон Балхни эгаллаб, Самарқандга юзланади. Бундан ташвишга тушган Бобур темурий ҳукмдорлар бирлашиб ғанимни бартараф қилиш таклифини беради. Айниқса, Ҳусайн Бойқаро ва унинг ўғилларидан муносиб жавоб кутади. Лекин мирзолар Шайбонийхондек даҳшатли душманни енгиш ўрнига, бир-бирлари билан арзимас баҳоналар устида келишмовчиликка борадилар. Шундай хавфли душманга қарши ҳужум қилишни асоссиз кечиктирадилар, қишни ўтказиб баҳорда ҳужум қилишни режалаштирадилар, Бобурга ҳам рухсат бермайдилар. Бобур Ҳусайн Бойқаро ўғилларининг бундай хатти-ҳаракатларини қаттиқ қоралайди: «…Бу мирзолар агарчи суҳбат ва суҳбаторойлиқда ва ихтилоф ва омизишга тавре эдилар, вале сипоҳийлик рев ва рангидин йироқ ва мардоналиқ ва жангу жадалдин қироқ эдилар…»

    Бобур тож-тахтни бошқаришда, салтанат тутишда, сиёсатда ўзининг мустаҳкам қарашларига эга, ҳукмдор сифатида ўзининг ва салтанатининг обрў-эътиборини сақлашни билади. У Бадиуззамон ҳузурига борганда бир-бирларига томон юра бошлайдилар. Бадиуззамон секинроқ, Бобур илдамроқ қадам ташлайдилар. Қосимбек Бобурнинг белбоғидан тортади, Бобур огоҳ бўлиб секинроқ юриб боради, Бадиуззамон билан кўришадилар. «Иккинчи навбат келганда Бадиъуззамон Мирзо бурунгидек таъзим қилмади, Муҳаммад Бурундуқбекка ва Зуннунбекка айттурдимким, агарчи ёшим кичиктур, вале тўрум улуғдур, ота тахтидаким, Самарқанд бўлғай, икки навбат зарби рост олиб ўлтурубдурмен, бу хонавода учун ёт-ёғи билаким мунча жанг ва жадал қилибтурмен, менинг таъзимимда таърих беважҳдур, бу сўз мазкур бўлғоч, чун маъқул эди, муътариф бўлуб, таъзимни хотирхоҳ қилдилар»

    У Бадиуззамон ва Музаффар мирзонинг мамлакатни биргаликда идора қилишларини ҳам ҳақли равишда ёқламайди: «Бадиуззамон Мирзо ва Музаффар Мирзоким, шариклик подшоҳ бўлдилар… Бу ғариб амре эди, ҳаргиз подшолиқта ширкат эшитилган эмас. Шайх Саъдир сўзининг мазмунининг хилофи воқиʼ бўлди: Нечукким «Гулистон» да келтурубдур: «Даҳ дарвеш дар як гиламе бихусбанд ва ду подшоҳ дар иқлиме нагунжанд». Яъни ўнта дарвеш бир гиламда ётадилар ва лекин икки подшоҳ бир иқлимга сиғмайди.

    Бобурнинг саркардалик салоҳияти унинг инсонийлиги билан юксалганини Кобулга тоғ йўлидан ўтиш тасвирларида кўрамиз. Қалин қор ёғган, отнинг узангисидан юқорироқ бўлган вазиятда буйруқ бериб бўлмаслиги, Бобурнинг ўзи ҳам лашкар олдига тушиб қор тепиши, кўпчилик билан совуқда қолиши тасвирланган. «Мен ҳаволнинг оғзида курак олиб, қор кураб, ўзумға бир такия миқдори ер ясадим, қорни кўкусгача қоздим, ҳануз ерга етмайдур эди. Биур нима елга паноҳ бўлди, ўшанда-ўқ ўлтурдим. Ҳар неча дедиларким, ҳаволга боринг, бормадим. Кўнгулга кечтиким, борча эл қорда ва чопқунда, мен иссиқ уйда ва истироҳат била, мунда борча улус ташвиш била машаққатта, мен мунда уйқу била фароғатта. Мурувваттин йироқ ва ҳамжиҳатликдин қироқ ишдур…»

    Бобурнинг саркардалик салоҳияти нафақат музаффар ғалабаларидан, балки душманларнинг жангда йўл қўйган хатоларидан ҳам керакли хулосаларни чиқаришида яққол бўй кўрсатади. Муаллиф Панипатда Иброҳим Лоди қўшини билан бўлган жангда Амир Темур қўллаган тўлғама усулидан фойдаланганини, Иброҳим Лодининг саркардалик салоҳияти йўқлиги, юз минг кишилик катта қўшин, жанговар икки мингга яқин филлари, оталаридан қолган катта хазинаси бўла туриб, хазинадан сарфлаб яна қўшин йиғмагани каби йўл қўйган катта хатоларини айтади: «…табиатида имсок кўп ғолиб эди. Ўзи ярмоқ йиғиштурмоққа беҳад толиб, бетажриба йигит эди. Не келиши саранжомлиқ эди, не туруши, не юруши эҳтимомлиқ эди, не уруши».

    Бобур керакли пайтларда лашкарни руҳлантиришни билади, ўз лашкарини қўрқмасликка, мардона бўлишга ва, албатта, ғалаба қозонишга даъват этади: «…элнинг мундоқ бедиллиқларини сўруб ва бу навʼ сустлуқларини кўруб бир тадбир хотиримға етти. Жамъи бекларни ва йигитларни чорлаб дедимким: «Беклар ва йигитлар!

Ҳарки омад ба жаҳон аҳли фано хоҳад буд,

Онки пояндаву боқист, Худо хоҳад буд.

    Ҳар кимки ҳаёт мажлисиға кирибтур, оқибат ажал паймонасидин ичгусидур ва ҳар кишиким, тириклик манзилиға келибтур, охир дунё ғамхонасидин кечгусидур. Ёмон от била тирилгандин, яхши от била ўлган яхшироқ… Ўлган шаҳид, ўлтурган ғози. Барча Тенгрининг каломи оти-ла онт ичмак керакким, ҳеч ким бу қитолдин юз ёндирур хаёл қилмағай, то бадандин жони айрилмағунча, бу муҳораба ва муқоталадин айрилмағай».

    Бобур фаолиятини ўрганар эканмиз, унинг мардоналик, лашкарни бошқара олиш сифатлари билан тенгсиз курашларда ғолиб чиқишига гувоҳ бўламииз. Бобур бундай ғолибликни фақат ўзининг саркардалик салоҳиятидан эмас, балки Оллоҳнинг иноятидан деб билиши ҳам унинг нақадар одил ва эътиқодли ҳукмдор эканлигидан далолат беради. «Таваккулимизга яраша Тенгри таоло ранж ва машаққатимизни зойиʼ қилмай, мундоқ зўр ғанимни мағлуб қилиб, Ҳиндустондек кенг мамлакатни мафтуҳ айлади. Бу давлатни ўзумизнинг саъй ва ҳимматидин билмасбиз, балки тенгрининг айни карам ва иноятидиндур».

    Бу мисралар Бобур муваффақиятлари, зафарли натижаларининг қисқа ва лўнда ифодаси бўлиб, қуйидаги жумлалар эса Ҳиндистонда улкан салтанат барпо этган аждодимиз эришган жамики неъматларнинг калитидир: «Тангри неъматларининг кетма-кет келиб туриши унга шукр ва сано айтишнинг кўпайишига боисдир».

 

Дилафруз Сайипова

Самарқанд давлат университети

Каттақўрғон филиали ўқитувчиси.