Ўзбекистон учун ноанъанавий бўлган қимматбаҳо ўсимлик. Ундан озиқ-овқат ва фармацевтика саноати учун хомашё тайёрлаш мақсадида фойдаланилади.

    Ундан жигар, қабзият, қандли диабет, атеросклероз, псориаз, экзема, ошқозон ости бези касалликларини даволаш учун синарикс, хофитол, артичоке каби доривор моддалар тайёрланади. Биз сизга айтаётган ушбу ўсимлик, яъни артишок таркибида оқсиллар, углеводлар, витамин С, каротин, витамин B1, B2, инулин таркибида калий, рух, селен, мис, марганец, натрий, магний, фосфор, кальций, темир, танинлар, шунингдек, органик кислоталар мавжуд. Энг фойдалиси гликозид-синарин, шунингдек, тиббиётда ишлатиладиган кофеин, аскорбин ва хинин кислоталардир. Артишокнинг юмшоқ (эт қисми) ўрта қисми ишлатилади.

    Артишок хом, қовурилган ва қайнатилган ҳолда истеъмол қилинади. Халқ табобатида унинг барглари ва илдизлари ўт йўллари, атеросклероз ва ревматизмларда ишлатилади. Артишок - парҳез сабзавот бўлиб, осон ўзлаштирилади, унинг қайта ишланган маҳсулотлари қандли диабетда крахмал ўрнини босувчи восита сифатида ишлатилади.

    Тиббиётда саватчаларидан ташқари ўсимликнинг барча бошқа қисмлари - барглари, поялари, илдизлари, уруғлари ишлатилади. Артишок қисмларидан қайнатмалар, дамламалар, экстрактлар ва мойлар қадим замонлардан бери жигар, буйраклар, муҳим безлар ва жинсий қувватнинг сурункали касалликларини даволаш ва олдини олишда ишлатилган. Замонавий тадқиқотлар ҳақиқий артишок ўсимликларидан олинган хом ашёлардан тайёрланган дори-дармонларнинг фойдали таъсирини тасдиқлайди.

    Озуқа моддалари ва толанинг юқори миқдори туфайли артишок ошқозон-ичак тракти, жигар (токсинларни йўқотишга ёрдам беради) ва сийдик тизими учун ҳам фойдалидир (диуретик таъсирга эга).

    Бундан ташқари, артишоклар антиоксидант хусусиятлари учун қадрланади. Артишокларни истеъмол қилиш ҳужайраларни эркин радикаллар таъсиридан ҳимоя қилади, қаришни ва кўплаб касалликларни, шу жумладан саратонни ривожланишини олдини олади.

    Артишокларни истеъмол қилиш организмдаги метаболик жараёнларни нормаллаштиради ва қондаги холестерин миқдорини камайтиради. Ўсимликдан карбамид, токсинлар ва оғир метал тузларини танадан олиб ташлашга ёрдам берадиган дорилар тайёрланади.

    Артишок жигар касалликларига ёрдам беради ва шикастланган ҳужайраларни тиклайди. Унга асосланган препаратлар жигар ва буйраклардаги операциялардан кейин тикланиш даврида қўлланилади. Артишок экстракти сариқ касаллигида ёрдам беради.

 

Зебинисо Номозова,

Самарқанд давлат университети

ботаника кафедраси доценти.