Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ташаббуси билан вилоятимиз фермер хўжаликлари раҳбарлари учун баҳорги долзарб юмушларга бағишланган амалий ўқув семинари ўтказилди.

    Анжуманда вилоятдаги 200 нафарга яқин илғор фермер хўжаликлари раҳбарлари, мутахассислари ва томорқа ер эгалари иштирок этишди.

    Семинарда Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти профессор-ўқитувчилари томонидан қишлоқ хўжалигида баҳор мавсумида ўтказилиши зарур бўлган агротехник тадбирлар тўғрисида қатор маърузалар қилинди. Хусусан, эрта баҳорда ерни экишга тайёрлаш, экиш ва экинларни дастлабки парваришлаш, сабзавотчилик ва боғдорчиликдаги муҳим тадбирлар, ўсимликлар касаллик ва зараркунандаларига қарши курашишда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида батафсил маълумотлар ва амалий тавсиялар берилди.

    Семинарнинг амалий аҳамиятини ошириш ва фермерларни замонавий қишлоқ хўжалиги технологиялари билан таништириш мақсадида маҳаллий ва хорижий ташкилот ҳамда корхоналарнинг маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

    Боғбон ин-витро лабораторияси, "ИФОДА Агро Кимё Ҳимоя" ва IPPO Irrigation масъулияти чекланган жамиятлари, "СЧEЛКОВО АГРОҲИМ-ЎЗБEКИСТОН" қўшма корхонаси, Франциянинг UPL корхонаси ушбу кўргазмада ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

    Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд таянч пункти олим ва мутахассислари мевали дарахтларнинг янги навларини кўргазмада намойиш қилди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.