Самарқанд давлат университетида декан ва директор ўринбосарлари ҳамда тюторлар учун “Маънавий-маърифий тадбирларни самарали ташкил этиш методикаси” мавзусида семинар ташкил этилди. Семинарни ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бошқармаси бошлиғи Мавлон Бобохонов олиб борди.

    Университетда ёшларнинг билим ва савиясини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш, иқтидорли талабаларни фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор танловлар, спорт мусобақалари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Психолог, тарбиячи-педагог, декан ўринбосарлари, тюторлар фаолияти тўлақонли йўлга қўйилган. Бундан ташқари, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда талабалар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг самарали тизимини жорий этиш мақсадида шартнома асосида профилактика инспектори лавозими жорий этилди. Бир сўз билан айтганда, соҳани бошқариш ҳамда фаолиятни мувофиқлаштириш учун катта жамоа шакллантирилди ва ҳар бир талаба билан индивидуал ишлаш механизми яратилди.

    Семинарда бундан буён бирёқлама, зерикарли ва “қолипга солинган” анъанавий тадбирлар эмас, балки талабаларнинг хоҳиш-истакларига ҳамоҳанг, қизиқишларига мос маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

    Шундан сўнг тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этишнинг самарали усуллари тўғрисида тюторлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича мутахассис Нодир Меликов маҳорат дарсини ўтди. Ёшларга психологик ёрдам кўрсатиш, уларнинг дунёқараши, сиёсий етуклиги шакллантиришнинг йўллари юзасидан университет психологи Отабек Элмуродов ўз қарашлари билан ўртоқлашди.

    Учрашув қизғин баҳс-мунозаралар руҳида ўтди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.