СамДУ Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтининг бир гуруҳ талаба ва тадқиқотчилари Япониянинг Сакура алмашинув дастури доирасида Тоттори университетида бўлиб турибди.  Талабалар Тоттори университетининг "Қурғоқчил минтақаларни тадқиқ қилиш" халқаро марказига ташриф буюриб, мазкур марказнинг аграр йўналиши фаолияти билан танишдилар. Хусусан, марказнинг тажриба майдонлари ва илмий-тадқиқот иссиқхонасида бўлиб, қишлоқ хўжалик экинларининг шўрга чидамлилик хусусиятлари ва қумли тупроқларда мевали дарахтлар (ўрик, бодом, чилонжийда, писта, анор) ўстириш технологиялари тўғрисида батафсил маълумотларга эга бўлдилар. 
Талабаларимиз бир ҳафта давомида Тоттори университетининг таълим ва илмий-тадқиқот фаолияти билан танишиб, келгусида ушбу университетда магистратура ва докторантура йўналишларида таҳсил олиш имкониятларини ўрганадилар. Шунингдек, ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиш бўйича муҳокамаларда иштирок этадилар.

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати