Самарқанд давлат университети ўқув ишлари бўйича проректори, профессор Аҳмаджон Солиев тарих факультети битирувчи курс талабалари билан очиқ мулоқот ўтказди.

    Тадбирда олий таълим тизимининг магистратура босқичига қабул жараёнидаги ўзгаришлар, хусусан хорижий тилларни ўрганиш заруриятга айланаётганлиги ҳақида фикр юритилди.

    - Дунёнинг ривожланган мамлакатларида она тилидан ташқари яна икки тилни билиш табиий ҳол сифатида қаралади. Мамлакатимизда хорижий тилларни ўрганишга қаратилаётган эътиборнинг асосий мақсади шу масалага йўналтирилган, - дейди проректор Аҳмаджон Солиев. – Ҳар бир талаба бакалавр босқичида чет тилини мукаммал даражада ўрганган бўлиши керак. Хорижий тилларни билиш ёш кадрлар учун катта имкониятлар эшигини очади. Шу боисдан, ёшлар ўз она тилини мукаммал билиш билан бир қаторда, бир нечта хорижий тилларни билишлари ва мулоқот қила олишлари мақсадга мувофиқ. Чет тилларини билиш касбий компетенциянинг зарурий шартларидан бири бўлиб, мутахассисга меҳнат бозорида устунлик беради. Бутун дунё бўйича кучли салоҳият, ижодий фикрлаш ва таҳлил қилиш қобилиятига эга    профессионал кадрларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Бу борада санаб ўтилган сифатларни шакллантиришда хорижий тилларнинг ўрни ниҳоятда беқиёс…

    Мулоқот давомида битирувчиларни ишга жойлашиш бўйича тавсиялар берилиб, саволларга атрофлича жавоб олинди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.