Уфқ ҳам қизариб, гулгун тонг отди,
Қуёш шитоб билан келмоқда қайтиб.
Оқшом ўтганини вақт ҳам унутди,
Нур кезар атрофда қўшиқлар айтиб.
 
Кенгликлар ястанган масъум, хокисор,
Ошиқар зиёга тутиб кўксини.
Борлиқ турфаланиб бормоқда ошкор,
Осмон шабнамларда кўрар аксини.
 
Гуллар топган каби ўз маконини,
Кулгичи барқ урар яноқларида.
Бошига кўтариб қушлар инини,
Полапон овози янграр барида...
 
Еру кўк оралаб гоҳо завқ тошар,
Гоҳо шавқ тизгинин эплолмай ҳалак.
Жилғалар тошларга урилиб шошар,
Тўш уриб елпинар унга синчалак.
 
Ана ғўзаларнинг бўйи чўзилиб,
Кўк сари интилиб ёзмоқда қанот.
Қучоғида митти гулчалар илиб,
Эгатлар ичида кезади ҳаёт.
 
Бошоқлар тўлишган – таъзимда буғдой,
Илиқ тафт бағрида улғаяр ризқ-рўз.
Бу кунга етгунча деҳқон – ҳотамтой,
Қанча заҳмат чекди кечаю кундуз…
 
Чошланар бу ерда ҳадемай хирмон,
Меҳнату машаққат айлар сарҳисоб.
Инсонга берилган бу улуғ имкон,
Умр китобини безар бобма-боб.
 
Кенгликка тикилиб боқар бинолар,
Бошлари гўёки кўкка етгудек.
Судралган булутлар тўхтаб син солар,
Юзидан бўсалар олиб кетгудек...
 
Шуълалар тошади қилганча жилва,
Дунё гўзаллиги томчида аён.
Ҳаяжон улашиб ҳаприққан дилга,
Етаклаб боради эзгулик томон.
 
Ўзликни ўйлаган виждонлар уйғоқ,
Қаддини кўтариб борар номус-ор.
Юрт эса ободдир, эл-улус қувноқ,
Интилмоқ давридир, бошқаси бекор!
 
Аммо чекинмоқ йўқ, чекинмоқ надир,
Чумчуқдан қўрққанлар тариқ экарми?
Шижоат бахш этса қаноат, сабр,
Асли шер бўлганлар бўйин эгарми?!
 
Қиёски, ота бор уйда фароғат,
Эгали ҳар ернинг баҳори бордир.
Бу юртга жон тиккан фидолар фақат,
Эртани нурафшон этмоққа қодир!
 
Бир лаҳза тин билмас, олға интилар,
Довондан довонга тикканча кўзни.
Ёруғ кун келишин чин қалбдан билар,
Ахир шу мақсадга чоғлаган ўзни.
 
Ғалвали дунёда кўп эрур ўйин,
Осонмас асрамоқ Ватанни ахир.
Гирдоблар ичида бўлса-да қийин,
Ул оқил элпарвар ғолиб барибир...
 
Ҳурликдан ҳаловат топган бу юрак,
Борар умидларни асраб-авайлаб.
У халқнинг ичида гирдикапалак,
Юрар юрт ишқини қалбларга жойлаб.
 
Меҳру муҳаббатдан жўшар бегумон,
Гоҳ матонат, гоҳо сабот бўлар у.
Юксак парвозларга ундаб ҳар замон,
Навқирон авлодга қанот бўлар у.
 
Олдинга талпинар толмас шижоат,
Эрта-кеч миллатнинг ғамин ейди у.
Одамлар шод бўлса, топади роҳат,
Мудом халқ дардини дардим, дейди у.
 
Шонли карвонларнинг сарбони янглиғ,
Толиқмас, ҳоримас, йўл тортар равон.
Ойдин ниятларнинг даврони янглиғ,
Элни бошлаб борар ҳур манзил томон.
 
Умид чечак отгай ҳар дил қаърида,
Кўзларда қувончнинг оташи ёнгай.
Элдошин кўтариб елкаларида,  
Оқиллар ҳамиша халққа суянгай.
 
Тонгларни уйғотар эзгу хушхабар,
Одамлар кўнглига жойлар сўзини.
Жонин нисор этган ул зот мўътабар,
Бахшида айламиш элга ўзини.
 
Бугун илму ирфон боғи кўрк очган,
Тан олади ҳатто бу жаҳон аҳли.
Халқнинг хизматига югурган, шошган,
Ул элпарвар инсон шарафга ҳақли.
 
Ташаббус, ғоялар дилда жамулжам,
Боболар руҳини шод этгай ҳар кун.
Бунчалар бетакрор куч-ғайрат, чидам,
Борлиғин бағишлаб ишлайди бутун.
 
Халқнинг қудрати ҳам унга зўр таянч,
Бунёдкор шаштига йўқдир ҳеч қиёс.
Унинг заковати бебаҳо бир ганж,
Бу кўҳна оламда буюклиги рост.
 
Ниятим шул менинг, орзу, аҳдим бут,
Мудом яшна юртим, мудом кўркли бўл.
Элдошим, сен унинг қўлларидан тут,
Токи муқаддас ва шарафли бу йўл!
 
Токи хотиржамлик неъмат аталса,
Токи қадрласа уни дун, башар.
Тиллардан умрбод тинчлик таралса,
Бу Ватан яна минг, миллион йил яшар.
 
Дилларга зиёли дамни нақш этган,
Уни азиз билмоқ шавкатдир, шондир.
Бизга шундай бахтли толе бахш этган,
Жонажон шу замин — Ўзбекистондир!

Ўткир Раҳмат