Самарқанд квант маркази
Илмий тадқиқот ва инновацияларни ривожлантириш ҳамда амалий натижадорликка эришиш орқали Ўзбекистон брендига эга бўлган илмий ҳажмдор маҳсулотларни яратиш учун имконият ва шароит пайдо бўлди.
Мамлакатимиз келажаги учун нафақат илм-фан, балки, иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган, нанофотоника, материалшунослик ва метаматериаллар бўйича, айниқса муқобил энергия манбалари самарадорлигини ошириш бўйича илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 24 декабрдаги ПҚ-60-сон Қарорида белгиланган ваколатлардан келиб чиқиб, университет Кузатув кенгаши қарори асосида АҚШ нинг Далласдаги Техас университети ҳамкорликда “Самарқанд квант маркази” ташкил қилинди.
Марказнинг асосий мақсади Ўзбекистон брендига эга бўлган илмий ҳажмдор маҳсулотларни яратиш (перовскитда квант нуқталар яратиш асосида янги материаллар синтези).
Ҳозирги вақтда перовскитлардан фойдали иш коэффициенти юқори, таннархи арзон бўлган қуёш элементларини ясашда, синтез реакцияларида катализаторлар, пьезотрансформаторлар, оптик затвор ва калитлар, мантиқ ва хотира элементлари, ахборотни ҳимоя қилиш қурилмалари ва рақамли технология қурилмаларида ишлатилмоқда.
Келажакни перовскитларсиз тасаввур қилиш қийин, чунки, келажак компьютерлари ва мобил телефонлари улар асосида ишлайди. Перовскитлар сегнетоэластик ва спинтроника физикаси каби йўналишларининг янги соҳаларида истиқболли материаллар сифатида етакчи ўринларни эгаллайди.
Шунинг учун турли хоссаларга эга бўлган янги бирикмаларни синтез қилиш усуллари, бирикманинг таркиби ва тузилиши, физик-кимёвий хусусиятлари ўртасидаги қонуниятлар ва муносабатларни ўрнатиш марказнинг муҳим вазифалардан биридир.
Перовскитларнинг кимёвий таркибининг хилма-хиллиги, уларнинг амалда қўлланиш соҳасини кенгайтиради. Хусусан, перовскитлар асосида квант компьютерлари учун кубитлар олиш технологиясини яратиш имконияти мавжуд.
Марказда олиб бориладиган илмий тадқиқот ишлари перовскитлар ва уларга турдош бўлган материалларни синтез қилишни амалга оширади. Улар асосида янги қурилмаларни ишлаб чиқариш ҳамда уларни жаҳон материалшунослик бозорига етказиб бериш имкониятини очади.
“Самарқанд квант маркази” да турли хил таркибли (таркибига органик бўёқлар ва нодир ер элементлари киритилган) перовскитлар асосида кристалл ва юпқа қатламли материаллар, гибрид структуралар синтез қилинади ҳамда уларнинг физикавий ва кимёвий хоссалари тадқиқ қилинади.
Шунингдек, оптоэлектроника, спинтроника, яшил энергетика учун янги наноматериаллар сифатида таклиф этиладиган бир фотонли нурланиш ҳосил қилувчи турли перовскит нанокристаллар яратиш технологияси ишлаб чиқилади.
“Самарқанд квант марказида” олиб бориладиган тадқиқотлар натижасида қуёш энергетикаси, телекомуникация ва микроэлектроника соҳаларида қўлланиладиган сезгирлиги юқори бўлган сенсорлар ҳамда квант компьютерларида қўлланиладиган кубитлар технологияси ишлаб чиқилади.
Ишлаб чиқилган технологиялар асосида келгусида оптоэлектроника, нанофотоника, микроэлектроника соҳалари учун янги қурилмалар ва асбоблар яратилади.
Марказ сайтига ўтиш