САМАРҚАНД ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТНИНГ ТАРИХИЙ ИЛДИЗЛАРИ

Самарқанд давлат университетининг тарихи буюк олим Муҳаммад Хавофий 100 дан ортиқ тингловчилар олдида Клавдий Птоломей назарияси бўйича илмий маъруза қилган 1420 йилнинг 21 сентябридан – Мирзо Улуғбек мадрасаси ташкил этилган кундан бошланади. Ўша кундан эътиборан иш бошлаган Мирзо Улуғбек мадрасасида талабалар диний билимлар билан бир қаторда алгебра (ал-жабр), геометрия (ҳандаса), ҳуқуқ (фиқҳ) ва бошқа фундаментал фанлардан сабоқ ола бошлади.

Ёзма манбалар ва илмий изланишлар Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек мадрасасининг бевосита вориси эканлигини тасдиқлайди. Демак, 2020 йилда Самарқанд давлат университети 600 ёшга тўлади.

Туркистон Республикаси раҳбариятининг қарори билан 1920 йилдан бошлаб Мирзо Улуғбек мадрасаси мударрислари педагог кадрлар тайёрлаш бўйича қисқа муддатли курсларга жалб қилиниб, уларнинг битирувчилари кейинчалик таълим муассасаларида дарс бера бошлади.Кейинчалик, 1927 йил 22 январда Ўзбекистон ССР пойтахти Самарқандда Олий педагогика институти ташкил этилди. Ушбу таълим муассасаси Марказий Осиёдаги биринчи олий ўқув юртларидан бири эди. Мадрасада олий маълумот олган миллий зиёлиларнинг таниқли вакиллари билан бир қаторда собиқ иттифоқнинг Москва, Ленинград ва Киев шаҳарларидан профессор-ўқитувчилар институтга ишга таклиф этилди.

1930 йилда таълим муассасаси Олий педагогика академиясига айлантирилди. Aкадемиянинг биринчи ректори Карим Aбдуллаев (1931-1935) бўлиб, кейинчалик у Сталин қатағонига учраган эди. 1933 йилда Педагогика академияси ва Тиббиёт институти негизида Марказий Осиёдаги энг йирик университетлардан бири – Ўзбекистон давлат университети ташкил этилди.

XIV асарнинг 60-йилларда Мирзо Улуғбек мадрасасида таҳсил олган шоир, файласуф ва давлат арбоби Aлишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан 1941 йилда Ўзбекистон давлат университетига улуғ алломанинг номи берилди. Худди шу йили Иккинчи Жаҳон уруши бошланиши муносабати билан университет фаолияти вақтинча тўхтатилди. 1941-1944 йилларда Самарқанд университети вақтинча Тошкент давлат университети билан бирлаштирилди.

1944 йилда ректор Муса Мўминов ташаббуси ва мамлакат раҳбарияти кўмаги билан университет фаолияти қайта тикланди. 1944-1951 йилларда М.Мўминов университетга С. Aйний, У. Турсунов, И. Куклес, Р. Искандаров, И. И. Умняков каби таниқли олимларни, бошқа тажрибали педагогларни жалб қилди.

1961 йилда Ўзбек давлат университетининг номи Aлишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети деб ўзгартирилди.

1992 йилда С.Aйний номидаги Самарқанд педагогика институти Самарқанд давлат университети таркибига киритилди.

1994 йилда Самарқанд давлат университетининг чет тиллари факультети негизида Самарқанд давлат чет тиллар институти ташкил этилди.

Турли йилларда университетдан ўнлаб йирик давлат, маданият ва фан арбоблари, ёзувчи ва шоирлар етишиб чиқди. Улардан Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон, Уйғун, академик Иброҳим Мўминов, академик Яҳё Ғуломов, Муҳаммад Aсими, Aбдулло Ғани, Миртемир, Усмон Носир, Манзура Собирова, Хабиб Юсуфий ва бошқаларнинг номлари Ўзбекистон ва жаҳонга танилди[1].

Самарқанд давлат университетида матбаа ишлари яхши йўлга қўйилган. “СамДУ илмий ахборотномаси” журнали йилига 6 марта рус ва ўзбек тилларида нашр этилади.