ЭСЛАТМА
Абитуриентларга эслатма
Абитуриент ўрнатилган тартибда тегишли ҳужжатларини 5 июндан бошлаб my.uzbmb.uz сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтказиши, рўйхатдан ўтказилган ҳужжатларига мос маълумотлар абитуриентлар базасига тўғри киритилганлигини қайднома орқали текшириб тасдиқлаши шарт. Ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш жараёни тугагандан сўнг абитуриентнинг мурожаатлари (шикоятлари) инобатга олинмайди ҳамда абитуриентлар базасига ўзгартиришлар киритилмайди.
Ҳужжатларни рўйхатдан ўтказишнинг муддатлари тўлиқ якунлангандан сўнг:
а) абитуриентлар ўз танловига кўра тест синови натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнг профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади;
б) давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул жараёни қуйидаги икки босқичда амалга оширилади:
биринчи босқичда абитуриентлар ҳар йили 5 июндан 25 июнга қадар (25 июнь куни ҳам) тест синови топшириш учун рўйхатдан ўтади ҳамда тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон бўлса, ушбу имтиҳонни топширадиган давлат олий таълим муассасасини танлайди. Бунда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ягона касбий (ижодий) имтиҳонлар дастурлари ва баҳолаш мезонлари тегишли вазирликлар (идоралар) томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади;
ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари июль-август ойларида ўтказилади;
иккинчи босқичда абитуриентлар тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди;
в) 2025/2026 ўқув йили қабулидан бошлаб фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилади;
г) барча давлат коллеж ва техникумларига “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ қабул қилишда абитуриентлар коллеж ва (ёки) техникумни, касб ва мутахассисликни ҳамда таълим шаклини олий таълим муассасаларига қабулнинг якуний натижаси эълон қилинганидан сўнг 10 кун муддатда танлайди.
Белгилаб қўйилсинки:
имтиҳонсиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка тавсия этиш учун асос бўлувчи имтиёзга эга абитуриентлар Давлат комиссиясининг қарорига асосан таълим шаклидан қатъи назар, рўйхатдан ўтишда имтиёз амал қиладиган доирада танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналишига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади;
алоҳида қабул параметрлари доирасида танловда иштирок этиш учун асос бўлувчи имтиёзга эга абитуриентлар (ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда «Меҳрибонлик» уйлари, болалар шаҳарчалари, СОС — болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйларининг битирувчилари бўлган етим болалар, шунингдек, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар (йигирма беш ёшга тўлмаган) бундан мустасно) улар учун ажратилган алоҳида қабул параметрлари доирасида, танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этади;
алоҳида қабул параметрлари доирасида танловда қатнашиб, талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар рўйхатдан ўтишда танланган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича умумий тартибда танловда иштирок этади;
халқаро спорт мусобақалари ғолиблари жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бакалавриат таълим йўналишларига спорт турларининг соҳа бўйича мос келишига қатъий риоя қилинган ҳолда имтиҳонсиз қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади;
имтиёз билан давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентга ушбу имтиёздан такроран фойдаланишга рухсат этилмайди;
иккинчи ва ундан кейинги олий таълим тўлов-контракт асосида амалга оширилади, шунингдек, олий таълимнинг тегишли босқичига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган талабага иккинчи марта таълимнинг ушбу босқичи учун давлат гранти ажратилмайди;
олий таълим муассасалари, олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари ҳамда ҳарбий-академик лицейларга ўқишга киришда имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг ягона базаси ҳар йили 1 июнга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг махсус ахборот тизимига киритиш орқали шакллантириб борилади.
Тест топшириқлари умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари ўқув дастурларига мувофиқ тузилади. Тест топшириқларини бажариш учун (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) ҳар 30 та тест топшириғига 1 соат вақт белгиланади. Ҳар бир тест топшириғи муқобил жавоблари билан берилади.
Абитуриент шахсни идентификасиялаш воситалари (видеофиксасия қурилмалари ва бармоқ изларини махсус қурилмалар) орқали текширтирилиб, шахси аниқлангандан сўнг тартибли равишда бинога киритилади.
Абитуриентнинг шахси тасдиқланмаган (абитуриентлар базасидаги маълумотларга мос келмаган) тақдирда, шу жойга масъул этиб белгиланган назоратчи Ички ишлар органлари ходими билан биргаликда абитуриентни тест синовидан четлаштириш тўғрисидаги далолатномани расмийлаштиради ва ушбу абитуриентни бинога киритмайди.
тест топшириқлари китобини нуқсонсизлигини текшириш ва нуқсон борлиги аниқланса, дарҳол гуруҳ назоратчисига хабар бериш;
тест топшириқлари китоби рақамини ўзининг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилган жавоблар варақасини тегишли қисмига кўчириб ёзиш ва мос доирачаларни бўяш;
билим даражасини белгиловчи асосий ҳужжат бўлган жавоблар варақасини тўғри тўлдирилишини таъминлаш;
тест топшириқлари китоби муқовасида ҳамда жавоблар варақасида кўрсатилган тегишли жойга фамилияси, исми, отасининг исмини ёзиб, имзо қўйиш. Абитуриент тест жараёнида қуйидагиларни бажаришга шахсан жавобгар ҳисобланади:
жавоблар варақасини букмаслик, маркер чизиғига ёзмаслик, жавоблар варақасидаги тест топшириқлари китоби рақамига мос доирачалар ҳамда жавобларни белгилаш қисмидан ташқари бошқа қисмларига ручка тегизмаслик;
белгиланган вақт давомида жавобларини жавоблар варақасига ҳаво рангли пастали шарикли ручка билан тўлдириш;
белгиланган вақт тугагандан сўнг ўзига тегишли тест топшириқлари китобини ва жавоблар варақасини гуруҳ назоратчисига топшириш.
Абитуриент тест топшириқлари китобида тўғри деб ҳисобланган жавобларни жавоблар варақасидаги мос тартиб рақамли доирачадан биттасини бўяйди (жавоблар варақасида бўялган жавобларни ўзгартириш мумкин эмас). Агар жавоблар варақасидаги «белгилаш учун намуна» қоидасига риоя этилмаса, битта тест топшириғига жавоблар варақасида икки ва ундан ортиқ доирача бўялса ёки тўлиқ бўялмаса ёхуд бирорта ҳам доирача бўялмаса ушбу тест топшириғига балл берилмайди.
Абитуриентнинг тест синовларини топшириш вақтида гуруҳдан чиқиши тақиқланади, чиққан абитуриентлар қайтадан тест синовларига қўйилмайди.
Истисно тариқасида соғлиги ёмонлашганлиги сабабли тест материалларисиз, гуруҳ назоратчиси кузатуви остида гуруҳдан чиқиш ҳоллари бундан мустасно. Гуруҳдан чиққан абитуриентга қўшимча вақт берилмайди.
Қуйидаги ҳоллар абитуриентни тест синовлари жараёнидан четлаштириш ва тест натижаларини чиқарилмасликка асос бўлади:
ҳар қандай турдаги алоқа воситалари, компьютер, телекоммуникасия воситалари, расмга олувчи воситалар, пластик карта, сумка, соат, луғат, жадвал, китоб, шпаргалка, рангли кўз ойнаклар, қалам, ручка, калькулятор, линейка, калит, ҳар хил тақинчоқлар ва шу кабиларни (кейинги ўринларда - тақиқланган воситалар деб аталади) тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога кириш жойида уни олиб киришга ҳаракат қилса, олиб кирган бўлса ёки улардан тест синови давомида фойдаланса;
тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёки уларга ёрдам берса;
тест синовлари жараёнида бири-бири билан гаплашса;
тест материалларини бинодан ташқарига чиқарса, тест топшириқлари китоби варағини йиртса;
тест синовлари учун ажратилган вақт тугаганда тест материалларини топширишдан бош тортса.
Тест синовлари жараёнида абитуриент тест топшириқлари китобидан қоралама сифатида фойдаланиш, тест топшириқларини белгиланган муддатдан олдин бажариш ва ундан сўнг тест материалларини тартиб билан гуруҳ назоратчисига топшириш ҳамда тест синовлари ўтказиладиган ҳудуддан чиқиб кетиш ҳуқуқларга эга.
Тест синовлари тугагандан сўнг тест синови жараёнида ёзиб олинган видеокузатувлар ўрганилганда абитуриентнинг тест синови тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлиги, жумладан юқорида қайд этилган ҳолатлар аниқланса, бу ҳолатлар унинг тест синови натижаларини чиқарилмаслигига, талабалар сафидан четлаштиришга ҳамда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.