Самарқанд давлат университети
Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов
Самарқанд давлат университети нафақат Ўзбекистонда, жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида ҳам машҳур қадимий олий таълим муассасасидир. СамДУ нинг расман ташкил топиши 1927 йил билан белгилансада, унинг шаклланиши ва олий таълим мақомига эга бўлиши Мирзо Улуғбек мадрасаси билан боғлиқ. Яъни 600 йилдан зиёд тарихга эга.
Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Али Қушчи, Ғиёсиддин Коший, Алишер Навоий, Абдурахмон Жомий каби буюк авлодларимиз Самарқандда маърифат ва маданиятни юксалтирган ва жаҳон тамаддуни тамал тошлари қўйганликлари, уларнинг бой мерослари асосида бугунги олий таълим муассасалари ташкил топганидан ғурурланамиз.
Самарқанд давлат университети дастлаб 1927 йил Олий педагогика институти номи билан ташкил қилинган. 1930 йили Ўзбекистон давлат педагогика академиясига ва 1933 йилда эса Ўзбекистон давлат университетига айлантирилган. 1941-1944 йилларда иккинчи жаҳон уруши муносабати билан Ўзбекистон давлат университети Ўрта Осиё университети таркибига киритилган. 1944 йилда Ўзбекистон давлат университети қайта тикланди. 1960 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлат университети Самарқанд давлат университети деб номланган.
Бугунги кунда Самарқанд давлат университетининг 7 та факультет ва 4 та институт, 59 та кафедраларида 72 таълим йўналиши бўйича 17000 га яқин бакалавр ва 50 магистратура мутахассислиги бўйича 700 дан зиёд магстрантлар таҳсил олмоқда. Уларга 900 га яқин профессор-ўқитувчилар, жумладан, 3 нафар академиклар, 115 нафар фан докторлари ва 440 нафар фан номзод, PhD лари таълим беришмоқда. 60 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан докторлиги (DSc) докторантуралари, уларни ҳимоясини ўтказувчи 12 та илмий кенгашлар фаолият юритмоқда.
Университети таркибида 3 миллондан ортиқ илмий ва ўқув адабиётлари, жумладан, 15 000 га яқин нодир китоб ва шарқ қўлёзмалари мавжуд бўлган кутубхонаси мавжуд.
Шунингдек, 1 академик лицей, 2 мактаб, 4 музей, 1 оранжерея, 2 ноёб қурилма фаолият юритмоқда.
Мустақиллик йилларида университет талабаларидан 23 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти номидаги давлат стипедиялари, 125 нафари эса атоқли шахслар номидаги давлат стипендияларини, 11 нафар талаба эса Зулфия номидаги давлат мукофоти олишга сазовор бўлишган.
Битирувчиларимиздан 13 жаҳон, 80 Осиё, 170 дан ортиғи Ўзбекистон чемпиони бўлишган. Шунингдек, 3 нафари Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолибликни қўлга киритган.
Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилардан 1 нафари Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, 2 нафари “Эл-юрт ҳурмати” ордени, 4 нафар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, 3 нафари «Шуҳрат» медали, 3 нафари “Меҳнат шуҳрати” ва 2 нафари «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.