Самарқанд давлат университети мумтоз адабиёт тарихи кафедраси
Самарқанд давлат университети
мумтоз адабиёт тарихи кафедраси мудири
Сулаймонов Исроил Исомиддинович
+99897 5768103 isroil-8103@mail.ru
Исроил Сулаймонов филология фанлари доктори. Самарқанд давлат университети ўзбек адабиёти тарихи кафедрасида 2008 йилдан бери турли лавозимларда ишлаб келади.
2020 йилдан Самарқанд давлат университети мумтоз адабиёт тарихи кафедраси мудири. 2010 йилда “Мулла Маҳмуд Қорий ва унинг поэтик мероси” мавзусида номзодлик, 2020 йилда “Бобурнома”да ғолиб ва мағлуб шахс руҳий ҳолатининг бадиий тасвири” мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган. Фаолияти давомида 3 монография, 3 ўқув қўлланма ва 2 услубий қўлланмалар, 100 га яқин илмий мақолалар муаллифи. Шунингдек, олим бугунга қадар Scopus, Web of Science ва бошқа нуфузли халқаро базага кирувчи журналларда 8 мақола эълон қилган.
https://www.scopus.com/record/display.uri?eid=2-s2.0-85144458409&origin=resultslist
Мумтоз адабиёт тарихи кафедраси аъзолари
Муҳиддинов Муслиҳиддин Қутбиддинович muhiddinovmuslihiddin1@gmail.com; m-muslihiddin@samdu.uz
Муслиҳиддин Муҳиддинов - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби, филология фанлари доктори, профессор. Олим ўзбек адабиёти тарихи бўйича етук мутахассис. Самарқанд адабиётшунослик мактабининг фаол давомчиларидан бири, бу соҳада амалга оширилган ишлари билан илм аҳли назарига тушган етук навоийшунос олим. 1971 йилдан буён Самарқанд давлат университетида фаолият юритади. 1972 йилда “Ўзбек классик адабиётида “Баҳром ва Дилором” ҳамда “Баҳром ва Гуландом” циклидаги достонлар (“Ўзбек классик адабиётида “Баҳром Гўр” сюжетининг эволюцияси”) мавзусида номзодлик, 1995 йилда “Алишер Навоий ва унинг салафлари ижодида инсон концепцияси (“Хамса”ларнинг биринчи достонлари асосида)” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Муслиҳиддин Муҳиддинов ўз тадқиқотларида комил инсон ғоясининг мумтоз адабиётдаги талқинларига катта эътибор берди. Олим илмий фаолияти давомида 12 монография, 18 дарслик, ўқув, услубий қўлланма, 400 дан зиёд илмий-назарий мақолалар эълон қилган. Жумладан 4 монографияси хорижда чоп этилган. |
|
Тоҳиров Собиржон Қобилович
Филология фанлари номзоди, доцент. СамДУ мумтоз адабиёт тарихи кафедрасида 2003 йилдан буён фаолият юритиб келади. 2005 йилда "Ўзбек мумтоз адабиётида туркум сюжетлар ва “Нўҳ манзар” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Собиржон Тоҳиров фаолияти давомида 1 монография, 1 рисола, 2 ўқув ва 3услубий қўлланмалар яратган. |
|
Муҳиддинова Назмия Муслиҳиддиновна muxitdinovanazmiya@gmail.com; m-nazmiya@samdu.uz Филология фанлари доктори, доцент. СамДУ мумтоз адабиёт тарихи кафедрасида 2007 йилдан буён фаолият юритиб келади. 2017 йилда «Мирҳасан Садоий ва унинг адабий мероси (шеърият поэтикаси, ғоявий-бадиий таҳлил масалалари)» мавзусида филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), 2021 йилда “XVIII-XIX асрлар биринчи ярми ўзбек шеъриятида салафлар анъаналарининг поэтик такомили (Муҳаммад Ғозий ва Мирҳасан Садоий ижоди мисолида)” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Олима Қўқон адабий муҳитининг шу пайтгача ўрганилмаган шоирларидан Мирҳасан Садоий, Муҳаммад Ғозий девонларини қўлёзма ва тошбосма нусхалари асосида нашрга тайёрлаган. Илмий-услубий фаолияти давомида 3 монография, 1 дарслик, 1 ўқув қўлланма, 4 ўқув-услубий қўлланма нашр эттирган, 80 дан ортиқ халқаро ва республика нашрларида мақолалари эълон қилинган. |
|
Ҳасанова Машҳура Жумановна
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD). СамДУ мумтоз адабиёт тарихи кафедрасида 2019 йилдан буён фаолият юритиб келади. 2018 йилда “XV аср туркий шеъриятида қасида жанри” мавзусида филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертациясини ҳимоя қилган. Машҳура Ҳасанованинг Scopus, Web of Science ва Google scholar халқаро базаларида индексланган журналларда, ОАК рўйхатидаги журналларда, миллий журналларда, халқаро ва республика конференциялари тўпламларида 30га яқин илмий мақолалари нашр этилган. 2020 йил Германиянинг Лап Ламберт нашриётида “Ode genre in XV century Turkish poetry” номли монографияси ҳамда 1 ўқув қўлланма, 1 услубий қўлланмалари нашр қилинган. researchgate илмий базасида хирш индекси 1, google scholar базасида хирш индекси 6.
|
|
Муминова Дилором Давроновна СамДУ филология факультети мумтоз адабиёт тарихи кафедрасида 2018 йилдан бошлаб ассистент ўқитувчи лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Дилором Муминова фаолияти давомида 1 ўқув қўлланма,ОАК рўйхатидаги журналларда, халқаро ва республика конференциялари тўпламларида 20 га яқин илмий мақолалар эълон қилган. Дилором Муминова 2023 йилда “Номанавислик анъанаси ва туркий шеъриятда лирик жанрлар тараққиёти (XIV -ХV асрлар шеърияти мисолида)” мавзусидаги 10.00.02 - Ўзбек адабиёти филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертациясини ҳмоя қилди. |
|
Мумтоз адабиёт тарихи кафедраси ҳақида 1927 йилда Самарқанд олий педагогика институтининг ташкил этилиши минтақада олий таълим тизимининг янги босқичини бошлаб берди. Биринчи ўзбек профессори Абдурауф Фитрат раҳбарлигида асос солинган ўзбек адабиёти тарихи кафедраси ҳам шу даврдан ўз фаолиятини бошлади. 1930 йилдан бошлаб Педагогика академияси, 1933 йилдан Ўзбекистон давлат университети дея номланган Самарқанд давлат университетида илк ташкил этилган илмий марказлардан бири ўзбек-тожик адабиёти кафедраси бўлиб, ўзбек ва тожик адабиётшунослиги фанларининг шаклланиши кўп жиҳатдан шу илмий марказ фаолияти билан боғлиқ. Абдурауф Фитратнинг Аҳмад Яссавий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Алишер Навоий, Машраб ҳаёти ва ижоди, аруз шеърий тизими, С.Айнийнинг Фирдавсий, Саъдий, Хусрав Деҳлавий, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига доир фундаментал тадқиқотлари, А.Саъдийнинг “Алишер Навоий ижоди ўзбек классик адабиётининг юксак босқичи сифатида” мавзусидаги докторлик диссертацияси ўзбек-тожик адабиётшунослигининг шаклланиши учун ўзига хос пойдевор вазифасини ўтади. С.Айнийнинг “Намунаи адабиёти тожик” (1926), А.Фитратнинг “Ўзбек адабиёти намуналари” (1927) дарслик-хрестоматиялари мамлакатимизда шу соҳада яратилган илк ўқув адабиётларидир. Бу эса XX асрнинг 30-йилларидаёқ Самарқандда илмий марказ шаклланганлигини кўрсатади. |
|
Ўтган асрнинг 30 йиллари охири ва 40 йилларида Ҳазрат Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини тадқиқ этишга алоҳида урғу берилган эди. Шу даврда навоийшунослик майдонига кириб келган В.Абдуллаев улуғ шоир ва мутафаккир ҳаётининг энг кам ўрганилган даврлари – Самарқанддаги ҳаёти ва адабий фаолиятини тадқиқ этишга киришди. XX асрнинг 40 йилларидан бошлаб В.Абдуллаевнинг диққат эътиборини ўзбек адабиётининг кам ўрганилган ёки умуман ўрганилмаган даври муаммолари ўзига тортди. Шундай даврлардан бири XVII-XVIII асрлар ўзбек адабиёти эди. Воҳид Абдуллаев 1944 йилдан бошлаб Алишер Навоий номидаги Ўзбек давлат университети ўзбек адабиёти кафедрасининг мудири вазифасида илмий-педагогик фаолият бошлади. У узоқ йиллар давомида Самарқандда адабиётшунослик мактабини яратишга интилди. Устоз-мураббий Воҳид Абдуллаевнинг саъй-ҳаракатлари натижасида адабиётшунослик, хусусан, ўзбек ва тожик адабиёти тарихи илми тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатган бир гуруҳ етук олимлар жамланди. Б.Валихўжаев, М.Қосимова, Н.Шукуров, С.Мирзаев, Р.Орзибеков, О.Икромов, И.Салоҳий, С.Саъдиев, С.Ҳалимов, Ш.Шукуров, Қ.Тоҳиров, А.Абдураҳмонов, Ш.Холматов каби йирик адабиётшунос, матншунос олимларнинг академик В.Абдуллаев раҳбарлигидаги илмий-педагогик фаолияти XX асрнинг 60-70 йилларида Самарқандда адабиётшуносликнинг илмий мактаб даражасига етганлигидан далолат берар эди. |
|
Академик Воҳид Абдуллаев асос солган адабиётшунослик мактабининг асосий тармоғи мумтоз адабиёт ва мумтоз поэтика масалаларини тадқиқ этишга қаратилган бўлиб, унинг гуллаб яшнаши, мамлакатимиз сарҳадларидан четга чиқиб, жаҳон илмий жамоатчилиги эътиборига тушиши етук устознинг муносиб шогирди Б.Валихўжаев номи билан боғлиқдир. «Самарқанднинг илмий виждони», «олиму фозиллар ботири» каби эътирофларга сазовор бўлган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги Ботирхон Валихўжаев бутун умрини илму зиёга бағишлаган, нафақат ўзбек балки форс-тожик адабиётининг долзарб муаммолари бўйича кенг қамровли тадқиқот олиб борган зукко, нуктадон олимдир. Ботир Валихўжаев ўзбек адабиётшунослигида илк маротаба эпик шеърият тарихини яхлит ҳодиса сифатида кенг қамровда тадқиқ этиши натижасида жанр ва услуб ранг-баранглиги, достоннависликнинг шаклланиши ва тараққиёт этаплари, анъана ва новаторлик, хусусан, бадиий таржима ва назира анъаналарининг қоришиб кетиши каби масалаларнинг илмий хулосалари, мантиқий асосларини очиб берди. «Юсуф ва Зулайҳо» мавзусидаги асарлар ҳамда Олим Девонанинг «Равзаи асрор» достони, Хиромий таржималари, айниқса, Очилдимурод Мирий ва унинг «Раъно ва Зебо», «Қиссаи Салим Жавҳарий», «Мажидиддин ва Фахруннисо», «Рустам ва Суҳроб» асарларининг таҳлили илмий жамоатчиликка тақдим этилди. Олимнинг йиллар давомида олиб борган машаққатли илмий кузатишларининг ҳосиласи натижасида «Ўзбек эпик поэзияси тарихидан», «Мирий ва унинг замондошлари» (В.Абдуллаев билан ҳаммуаллифликда) номли алоҳида нашрлар юзага чиқди. |
|
Самарқанд адабиётшунослик мактабининг вакилларидан таниқли адабиётшунос олим Раҳмонқул Орзибеков XX асрнинг 60-йилларидан бошлаб ўзбек адабиётшунослигида кам тадқиқ этилган янги мавзу - ўзбек мумтоз шеъриятидаги лирик жанрлар назарияси, поэтикаси, қиёсий таҳлили ҳамда тараққиёт босқичларини ўрганишга жиддий киришди. Самарқанд адабиётшунослик мактабининг юксалиши, кенг қулоч ёйишида кафедранинг марҳум устоз-олимлари Р.Орзибеков, Қ.Тоҳиров, А.Абдураҳмонов билан бирга, бугунги кунда унга раҳбарлик ва йўлбошловчилик қилаётган йирик олимлар М.Муҳиддинов, Д.Салоҳийнинг хизматлари ҳам катта. Профессор М.Муҳиддинов сал кам эллик йиллик илмий изланишлари ва тадқиқотлари давомида Алишер Навоий ва унинг хамсанависликдаги салафлари ижоди, хамсанавислик анъанасининг ўрганилмаган жиҳатларини ёритиш, янги қирраларини кашф этиш билан машғул бўлмоқда. Ушбу кафедрада бугунги кунда 1 нафар фан доктори, профессор, 3 нафар фан доктори, доцент, 2 нафар фан номзоди, доцент, 4 нафар PhD ва 1 нафар ассистент ўқитувчилар фаолият кўрсатмоқда. |
|
Кафедра аъзолари ЎзМУ, Алишер Навоий номидаги ТДЎТАУ, ФарДУ, АнДУ, ТошПДУ, ГулДУ, БухДУ, ҚарДУ, ТерДУ, Навоий ва Жиззах ОТМ лари ва Республикадаги бошқа олий ўқув юртларидаги турдош кафедралар, ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Туркиянинг Муғли Сикти Кўчман университети, Озарбайжон Миллий илмлар академияси, Қозон давлат университети, Урал давлат университети, шунингдек Эрон, Туркия, Қозоғистон, Тожикистон давлатларининг бир қатор университет ва илмий марказлари билан яқин алоқалар олиб бормоқда. Ҳозирда кафедрада Туркиянинг Муғли Сикти Кўчман университети профессори Мустафа Уғурлу фаолият юритмоқда. Кафедра қошида “Мумтоз адабиёт ва ҳозирги замон”, “Аруз вазни қоидалари” номли талабалар илмий тўгараклари фаолият юритади. Кафедра ўқитувчилари томонидан бугунги кунга қадар 50 дан ортиқ дарслик, ўқув қўлланма, маърузалар матни, ўқув-услубий қўлланма, мажмуа ва кўрсатмалар яратилган. Шунингдек, 30 дан ортиқ монография, 50 га яқин илмий оммабоп рисола, 30 дан зиёд илмий тўплам, 1000 га яқин илмий мақола ва 200 дан ортиқ илмий оммабоп мақолалар нашр этганлар. Кафедрада бугунги кунда “Алишер Навоий ижоди ва адабий таъсир масалалари” (2021-2025 йй.)” мавзуси юзасидан илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда. |
|
Кафедрадан етишиб чиққан таниқли олимлар: Профессор Абдурауф Фитрат (1886–1938) – Ўзбек адабиёти тарихи кафедраси асосчиларидан. Абдураҳмон Саъдий (1894-1976) – Ўзбек адабиёти тарихи кафедраси асосчиларидан. Воҳид Абдуллаев (1912-1985) – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик Ботирхон Валихўжаев (1932-2005) – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик Раҳмонқул Орзибеков (1931-2011) – филология фанлари доктори, профессор Қобилжон Тоҳиров (1936-2008) – филология фанлари номзоди, доцент Абдурашид Абдураҳмонов – филология фанлари номзоди, профессор Муслиҳиддин Муҳиддинов – филология фанлари доктори, профессор, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Дилором Салоҳий – филология фанлари доктори, профессор, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” |
|
Кафедрада ўқитиладиган фан дастурлари
Магистратура мутахассислиги ўқув режаси
|
Кафедра ҳаётидан фотолавҳалар