ЭЪЛОН
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети трансформация ва стратегик ривожланиш бўйича проректор лавозимига ишга таклиф қилади.
Вакансия
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 январдаги ПҚ–82-сонли қарорига асосан, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида (бундан кейинги ўринда университет деб юритилади) Трансформация ва стратегик ривожланиш бўйича проректор лавозими ташкил этилган.
Лавозим ҳақида қисқача тавсиф ва мажбуриятлар
Трансформация ва стратегик ривожланиш бўйича проректор лавозими қуйидаги вазифа ва мажбуриятларни ўз ичига олади:
- мавжуд анъанавий университетни жаҳон андозалари даражасидаги тадқиқот университетига айлантириш бўйича иш режаси ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш жараёнига раҳбарлик қилиш;
- университетнинг стратегик ривожланиш режасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
- университет фаолиятини нуфузли хорижий университетлар фаолиятига трансформация қилиш;
- университетнинг ўқув ҳамда илмий дастурлари ва ресурсларини халқаролаштиришни тарғиб қилиш;
- халқаро илмий, таълим ва салоҳиятни ошириш йўналишларидаги грантлар ва IT startup лойиҳалари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва университетга сармоя жалб қилишда фаол иштирок этиш;
- университет бошқарув тизими ҳамда ўқув ва илмий-тадқиқотларни ташкил этиш жараёнлари, кутубхона фаолияти ва ҳужжатлар айланмасини рақамлаштиришга асос бўлувчи “Рақамли университет” платформасини ишлаб чиқиш ва фаолиятини таъминлаш;
- жаҳондаги илғор тажрибаларни ўрганиб бориш ва уларни ўз фаолиятида ишлаб чиқаришга жорий этиш чораларини кўриш;
- университет ҳузуридаги таълим ташкилотларига ташкилий ишларда тегишли ёрдам ва маслаҳатлар бериш хизматини ташкил қилиш ҳамда амалга ошириш;
- университет раҳбарияти билан ҳамкорликда университет барча фаолият йўналишлари сифатини ошириш, университетни бозор иқтисодиёти шароитида барқарор динамик ўсиш траекториясига олиб чиқиш, уни замонавий меҳнат бозорида рақобатбардош ва эҳтиёж юқори бўлган мутахассислар (битирувчилар) тайёрлаш билан ажралиб турадиган олий таълим муассасасига айлантиришда иштирок этиш.
Номзод эга бўлиши лозим бўлган малакалар:
- дунёдаги QS, Times Higher Education, Academic Ranking of World Universities рейтинг агентликларининг бирида эълон қилинган ТОП-300 университетларда PhD ёки DSc илмий даражасига эга бўлиши;
- тегишли соҳада халқаро Scopus ва Web of Science (Q1, Q2) журналларда чоп этилган мақолалари бўлиши ва Н индекси 5 дан юқори бўлиши;
- университет бошқаруви бўйича илғор хорижий олий таълим муассасаларида тўпланган муайян тажриба;
- гуманитар, табиий ва аниқ фанлар соҳалари бўйича олий таълим ва илмий тадқиқотлар сифатини таъминлаш бўйича пухта билим;
- фанлараро ва аниқ фанлар билан ишлаш қобилияти;
- олий таълим, тадқиқот ва ишланмаларни трансфери бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва бошқариш қобилияти;
- университетнинг асосий устувор йўналишлари фаолиятини англаш.
Тилларни билиш талаби:
Инглиз тилини мукаммал билиши талаб этилади. Ўзбек ва рус тилларини билиш даражаси ҳам ҳисобга олинади.
Танловда иштирок этиш:
Танловда иштирок этиш учун ариза, тавсия берувчи шахсларнинг исми-шарифи кўрсатилган 2 тавсиянома, талабгорнинг янгиланган “Резюме” си ва сўралган иш тажрибаларини кўрсатувчи ишлари ҳақида ёзма маълумотларни жўнатиш сўралади. Ариза ва сўралган ҳужжатларни 2022 йил 27 январидан 28 февралга қадар devonxona@samdu.uz электрон почта манзилига юбориш сўралади. Ариза университет проректорлик лавозими сарлавҳаси билан юборилсин.
Тақдим этилган ҳужжатлар таҳлили асосида танланган ва қисқа рўйхатга киритилган номзодлар университет Бошқарув Кенгаши вакиллари билан суҳбатга таклиф қилинади.
Университет табиий фанлар, математика ва статистика, ахборот–коммуникация техналогиялари, муҳандислик ва технология, қишлоқ хўжалиги, гуманитар, бизнес, бошқарув ва ҳуқуқ каби соҳаларда ўзининг бир неча юз йиллик анъаналари ва илғор дастурлари орқали танилган, биринчи даражали академик ва тадқиқот университети ҳисобланади.
Университет миссияси: университет мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг флагманига айлантириш, таълим сифатини ошириш ҳамда иқтисодиётнинг долзарб соҳалари учун малакали кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Nigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш, таълим, фан, инновация ва илмий-тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш фаолиятининг узвий боғлиқлигини назарда тутувчи “Университет 3.0” концепциясини босқичма-босқич жорий этиш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, таълимнинг ишлаб чиқариш корхоналари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини йўлга қўйишдан иборат
Университет ҳақидаги батафсил маълумотни https://samdu.uz саҳифаси орқали олишингиз мумкин.