4 расм. Тадқиқотлар ўтказишга мўлжалланган 300 метрлик ер ости канали.

(МИТ профессори Майк Шорт ташрифи, 2021 йил август ойи)

    ​Ўзбекистонда биринчи атом электр стансияцининг қурилиши муносабати билан СамДУ ЯФЛ фаолиятининг энг муҳим йўналиши ядро физикаси соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини такомиллаштиришдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.07.2019 йилдаги «2019 – 2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш консепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПҚ-4165-сон, 16.10.2019 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг ядро-энергетика дастури учун кадрлар салоҳиятини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПҚ-4492-сон қарорлари ва Ўзбекистон Республикасининг 09.09.2019 йилдаги «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги ЎРҚ-565-сонли қонунида атом энергетикаси ва ядро технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш вазифалари белгиланган. Мазкур ҳужжатларда Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд университети олдига ядро физикаси йўналиши бўйича таълим стандартларини жаҳоннинг илғор университетлари амалиётига мос равишда такомиллаштириш вазифаси қўйилган.

    Юқоридаги вазифаларни бажариш мақсадида СамДУ ЯФЛда умумий қиймати 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий грантлар жалб этилган ҳолда илмий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш сезиларли даражада яхшиланди ҳамда қуйидаги 5 та илмий ва ўқув лабораториялари ташкил этилди:

  1. Атом физикаси лабораторияси.

  2.  Ядро физикаси лабораторияси.

  3. Ядро реакторлари физикаси лабораторияси.

  4. Ядро электроникаси лабораторияси.

  5. Дозиметрия ва радиоэкология лабораторияси.

     Ушбу лабораторияларда ҳар йили 170 нафардан ортиқ талаба ва 20 нафар магистрантлар лаборатория амалиёти бажарадилар. Шу билан бирга магистрантлар, докторант ва тадқиқотчилар илмий изланишларини олиб борадилар.      5 расм. Ядро электроникаси лабораторияси

               

6 расм. Атом физикаси лабораторияси

Сўнгги йилларда лаборатория ходимлари хорижий илмий марказларда, хусусан Триест (Италия), Суррей ва Ливерпул (Буюк Британия), Юваскула (Финляндия), Загреб (Хорватия) университетилари, Зайберсдорф (Австрия) шахридаги МАГАТЭ лабораторияси, Ломоносов номидаги Москва давлат университети, ОИЯИ (Дубна, Россия), Доунрей (Шотландия) марказларда ўз малакаларини ошириб келган. Жорий йилда МАГАТЭ гранти ҳисобидан лабораториянинг 2 нафар ходими Россия (ОИЯИ, Дубна), Украина (Укргидромет, Киев)да 2 ойлик тренингдан ўтди, шунингдек, 1 нафар ходим Хорватия (Рудер Бошкович институти, Загреб)га 2 ҳафталик илмий сафар уюштирди.

Самарқанд давлат университети «Академик Толиб Муминов номидаги Ядро физикаси лабораторияси»га академик Муминов Толиб Мусаевич 2021 йил декабрга қадар илмий рахбарлик қилган. Лабораторияда 6 нафар фан номзоди доимий штат бирлигида фаолият кўрсатади. Жорий йилда ЯФЛ базасида СамДУ «Ядро физикаси» кафедрасининг 3 нафар докторанти, 2 нафар тадқиқотчиси, 19 нафар магистранти ва 15 нафар талаба илмий тадқиқот ишларини олиб борди.
Айни пайтда СамДУ ЯФЛ жамоаси олдида 35 йилдан буён ишлаган жисмоний ва маънан эскирган тезлаткичларни алмаштириш вазифаси турибди. Талаб қилинадиган сармоя 3 миллион АҚШ долларидан ошади. Ушбу масалага университет ректори проф. Р.И.Халмурадов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С.Йўлдошев ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги жиддий эътибор қаратишмоқда.