Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг Зоология музейи
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг Зоология музейи 1934 йилда таниқли фаунист олимлар С.К.Дал, К.К.Дал ва коллектор К.К.Поваровалар ташаббуси билан ташкил этилган. Зоология музейи Ўзбекистон, Марказий Осиёда ягона Зоология музейи ҳисобланиб, унда 6000 дан ортиқ нодир ва ноёб ҳайвонлар коллекцияси мавжуд.
Зоология музейи умуртқасиз ва умуртқали ҳайвонлар систематикаси, фаунистикаси, экологияси ва филогенеясини ўрганиш, Зарафшон дарёси ўрта оқими сув ҳавзаларида учрайдиган балиқларнинг турлар таркибини аниқлаш, минтақада ихтиологик, орнитологик ва териологик ҳамда анатомик-морфологик тадқиқотларни олиб боришда қимматли манба ҳисобланади. Илмий-педагогик фаолиятини унумли ва самарали олиб бориш, келажак авлоднинг экологик маданиятини ва мафкурасини тезроқ шакллантириш, ҳамда экологик таълим ва тарбияни тўғри олиб бориш, тирик табиатни муҳофаза қилишда Зоология музейининг ўз ўрни ва аҳамияти бор ва унинг роли ниҳоятда каттадир.
Бундан ташқари Зоология музейи қошида 10 минг тур ҳашаротларни ўз ичига олган, жами 100-110 минг ҳар хил ҳашаротлардан иборат энтомологик коллекция, Ўрта Осиё териофаунасининг шаклланиш тарихига оид остеологик коллекция ҳам мавжуд. Ҳозирги кунда музейдаги экспонат бўлмиш ҳайвон турларининг 30-40 фоизи табиатда деярли учрамайди ёки ноёб бўлиб қолган, айримлари бутунлай қирилиб кетган. Масалан, 1935 йилда Амударё соҳилларидан тутилган турон йўлбарси экспонати жаҳонда фақатгина бизнинг музейимизда мавжуд, кейинги йилларда сони камайиб бораётган сусарлар (Martes) оиласига мансуб ўта қимматбаҳо мўйнали ҳайвон – Ўрта Осиё ёки Эрон қундузи (Lutra lutra seistanica), Ўзбекистон Қизил китоби ва Табиат ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган илвирс ёки қор барси (Uncia uncia) ўз ареалида сони камайиб бораётган тур ҳисобланади. Зоология музейининг эътиборни ўзига жалб этувчи экспонатларидан яна бири бу Ҳиндистон филининг скелетидир. Қушлар фаунасининг вакилларидан 1862 йилда тайёрланган ҳаворанг шақ-шақ (Cyanopica cyana), ўтган асрда тайёрланган королин ўрдаги (Aux sponsa), 1910 йилда Ургут атрофларидан тутилган Ўзбекистон Қизил китобига киритилган оққуш-оққул (Cygnus olor Gmelin) экспонатлари ноёб илмий экспонат ҳисобланади.
Зоология музейининг ноёблиги яна шундаки, унда сақланадиган айрим экспонатлар Ўзбекистон Қизил китоби ва Табиат ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган турлар ҳисобланади.
Ушбу ноёб объектда Ўрта Осиё териофаунасининг шаклланиш тарихига доир қимматли остеологик коллекция мавжуд бўлиб, юқори малакали мутахассисларни тайёрлашда музей экспонатлари, айниқса музейнинг антропоген даврида Ўрта Осиё териофаунасининг шаклланиш тарихига бағишланган остеологик коллекциясининг аҳамияти ниҳоятда катта.
Сўнгги йилларда музейда 1000 дан ортиқ янги зоологик экспонатлар, 500 дан ортиқ энтомологик коллекция тайёрланди, шунингдек музей қошида Республикада ягона таксидермия лабораторияси ташкил этилди. Ушбу лаборатория ишига кафедра талабалари жалб қилиниб, ҳар йили 2-3 нафар таксидермист мутахассислар тайёрланмоқда. Бу кеча-кундузда музей қошидаги талабаларнинг таксидермия лабораториясининг иши музейда тайёрланаётган таксидермик экспонатлар, музей экспонатларини таъмирлаш, янги экспонатлар билан тўлдириб бориш, айниқса, бу нодир касбга талаба-ёшларни жалб этиш ва улар томонидан курс иши, малакавий битирув ишлари ва магистрлик диссертацияларининг бажарилиши келажакда зоология музейи таксидермист мутахассисларини тайёрлашни истиқболи ҳам алоҳида диққатга сазовор эканлигини кўрсатади. Талаба-ёшлар томонидан тайёрланаётган зоологик экспонатлари музей витриналаридан ўрин олмоқда ва музейга ташриф буюрган хорижий ва маҳаллий меҳмонларда ижобий таассурот қолдирмоқда.
СамДУ зоология музейи 2011 йилда Евроосиё университетлари ассоциацияси кенгаши қарорига асосан, Москва давлат университети «Ершунослик музейи» томонидан тайёрланаётган «Музеи университетов Евразийской ассоциации» аннотацияли справочнигига киритилди.
Ҳозирги кунда зоология музейи барча зоология фанларининг назарий ва амалий асосларини ўрганишда мактаб, академик лицей, касб ҳунар коллежлари ўқувчилари билан зоология фанини ўрганиш бўйича олиб бориладиган дарслар, экология ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари, ёш авлодда экологик маданият, мафкура ва одоб-аҳлоқни шакллантириш ишларини олиб бориш масканига ҳам айланди. Ҳар йили музейга минглаб мактабгача тарбия муассасалари тарбияланувчилари, мактаб, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, маҳаллий ҳамда хорижий меҳмонлар, фан, маданият ва давлат арбоблари ташриф буюришади.
Зоология музейи Биокимё институти биносида жойлашган бўлиб, у қуйидаги бўлимлардан иборат:
- умуртқасиз ҳайвонлар (энтомологик коллекция);
- балиқлар;
- сувда ҳамда қуруқда яшовчилар ва судралиб юрувчилар;
- қушлар;
- сут эмизувчилар;
- остеологик коллекциялар.
Зоология музейида 6000 дан ортиқ ҳайвон экспонатлари мавжуд бўлиб, улар Жанубий ва Шимолий Америка, Европа, Африка, Осиё, Австралия қитъаларида яшайдиган ҳайвон экспонатларидан иборатдир.
Умуртқасиз ҳайвонлардан музей экспонатлари ичида Амазонка водийсида яшовчи жуда ҳам жозибали морфи капалаги, Жанубий Америкада яшовчи Геркулес қўнғизи, бронзовка қўнғизи, император чаёни, Жанубий Россия тарантули денгиз юлдузлари, денгиз бўғимоёқли ҳайвонлари ва бошқалар диққатга сазовордир.
Балиқлар катта синфи вакиллари умуртқали ҳайвонлар ичида турларининг хилма-хиллиги ва кўп сонлилиги билан ажралиб туради. Музейда тоғайли балиқлар синфига мансуб оддий скат, тикан думли скат, электр скати, аррабалиқ, катран ёки тиканли акула, суякли балиқлар синфидан Марказий ва Шимолий Америкада яшовчи Шимолий Америка панцирли чўртан балиғи, Испания, Дания, Норвегияда кенг тарқалган Сарган балиғи, денгиз олабуға балиғи, Ўзбекистон Республикаси эндемик балиқларидан Туркистон мўйловли балиғи, тоғайли ганоидлар катта туркумидан кичик қилқуйруқ Сирдарё қилқуйруғи, катта қилқуйруқ ва бошқалар алоҳида ўринни эгаллайди.
Зоология музейида сувда ва қуруқда яшовчилар синфи ва судралиб юрувчилар синфи вакилларидан Шимолий Америкада кенг тарқалган думли амфибияларнинг вакили аксолотл, оловли саламандралар, тритонлар, семиреченск бақатиши, думсиз амфибиялар туркумидан яшил қурбақа, кўл бақаси, квакша, чесночницалар, жерлянкалар, япон бақаси, денгиз тошбақаси - бисса, Янцзи дарёсининг қуйи оқимларида, Шарқий Хитойда тарқалган Хитой аллигатори, Африка, Мадагаскар, тропик Осиё, Европа ва Жанубий Испанияда яшайдиган оддий хамелеон, Осиё қитъасида яшовчи матрап питони, Ғарбий Африка эчкемари, Нил эчкемари, йўлбарс питони, тикан думли агама, ингичка думли чипор илон, қум бўғма илончаси, шарқ бўғма илончаси, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган бўз эчкемари, Ўрта Осиё капча илони ва бошқа ҳайвонларнинг экспонатлари ўрин олган.
Музейдаги экспонатлар ичида қушлар синфи вакиллари ўзининг ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Қушлар фаунасининг вакилларидан 1862 йилда тайёрланган ҳаворанг шақ-шақ, 1905 йилда Москвадан олиб келинган королин ўрдаги, 1910 йилда Ургут атрофларидан тутилган Ўзбекистон Қизил китобига киритилган оққуш-оққул экспонатлари ноёб илмий экспонат ҳисобланади.
Сут эмизувчилар коллекциясида кўплаб қизиқарли экспонатларни учратиш мумкин. Музейнинг энг диққатга сазовор ва энг қимматли экспонатларидан бири бу инсон томонидан бутунлай қириб ташланган турон йўлбарси ҳисобланади. 1935 йилда Амударё соҳилларидан тутилган турон йўлбарси экспонати фақат бизнинг музейимизда сақланади.
Кейинги йилларда сони камайиб бораётган ўта қимматбаҳо мўйнали, сусарлар оиласига мансуб Ўрта Осиё ёки Эрон қундузи экспонати ҳам диққатга сазовордир. Зоология музейининг эътиборни ўзига жалб этувчи экспонатларидан яна бири бу Ҳиндистон филининг скелетидир.
Ҳозирги кунда зоология музейи йирик илмий марказ ҳам бўлиб, унда талабалар ҳайвонлар систематикаси, фаунистика каби фанларни мукаммал ўрганишлари учун хизмат қиладиган манбага ҳам айланди. Шунингдек, зоология музейи барча зоология фанларининг назарий ва амалий асосларини ўрганишда мактаб, академик лицей, коллеж ўқувчилари билан зоология фанини ўрганиш бўйича олиб бориладиган дарслар, экология ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари, ўсиб келаётган авлодда экологик маданият, мафкура ва одоб-аҳлоқни шакллантириш ишларини олиб бориш масканига ҳам айланди. Ҳар йили музейга минглаб мактабгача тарбия муассасалари тарбияланувчилари, мактаб, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, маҳаллий ва хорижий меҳмонлар, фан, маданият ва давлат арбоблари ташриф буюришади.
Бундан ташқари Зоология музейи ҳар йили «INNOWEEK» Республика ярмаркасида таксидермия лабораториясида тайёрланган зоологик экспонатлар билан иштирок этади.
Республикамиз Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва техника Давлат Қўмитасининг Қарорларига биноан 1996-2024 йилларда Самарқанд Давлат университети зоология музейи фаолиятини янада ривожлантириш, уни моддий жиҳатдан таъминлаш, ўсиб келаётган авлодни Она табиатга ва унинг ҳайвонот дунёсига бўлган меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш каби ишларда музейнинг ролини ошириш мақсадида маблағ билан таъминлаб келинмоқда, бу маблағлар зоомузей коллекция ва экспонатларини таъмирлаш, янгилаш, тўлдириб бориш, шунингдек ландшафт экспозициялари ва диорамалар яратиш борасидаги ишларга сарфланмоқда.
2024 йилда СамДУ зоология музейи 90 ёшга тўлди. Ҳозирги кеча кундузда зоология музейининг асосий мақсади ва олдида турган ўта муҳим вазифалардан бири, бу кўпроқ ер юзининг бошқа минтақаларида яшовчи ҳайвон экспонатлари билан музей витриналарини бойитиш, халқаро музейлар ассоциацияси доирасида ўзаро фойдали ҳамкорлик ишлари олиб бориш, жаҳондаги зоомузейлар билан экспонатлар алмашишни ташкил этиш, долзарб муаммо ҳисобланмиш келажак авлодда Она табиатга, унинг бебаҳо ва турли-туман ҳайвонот дунёсига муҳаббат ҳис-туйғуларини шакллантириш, шунинг негизида ҳайвонларнинг яшаш жойлари ва яшаш шароитларини сақлаб қолишга уларни ўргатиш, экологик маданият, мафкура ва онгни тарбиялаб бориш, Республикамиз ҳайвонот дунёсининг биохилма-хиллигини сақлаб қолишга ундаш каби улуғ таълим-тарбия ишларини амалга оширишдан иборатдир.